Оғир атлетика бўйича Жаҳон кубоги бошланмоқда. Мураббийларимиз штабидан кутилмаган қарор

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида оғир атлетика бўйича Жаҳон кубоги старт олди. Йилнинг сўнгги нуфузли мусобақаларидан бирида сайёрамизнинг энг кучли полвонлари ғолиблик учун баҳс олиб боради. Шубҳасиз, унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ғолиблик учун курашади. Сизларни Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қиладиган мазкур мусобақа атрофидаги қизиқарли маълумот ва фактлар билан таништириб ўтамиз:

Терма жамоамиз иштирокчилар сони бўйича кучли учликда.

Шубҳасиз, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳар бир мусобақада етакчилар қаторида тилга олинади. Бу мусобақада ҳам вакилларимиз асосий таркиб билан иштирок этмоқда ва ғолиблик учун баҳс олиб борадиган вакилларимиз сони 11 нафарни ташкил қилади. Бу Хитой (20) ва Жанубий Корея (16) терма жамоаларидан сўнг учинчи кўрсаткич демакдир.

Адҳамжон Эргашев ўз вазнини ўзгартиради.

Мусобақанинг кутилмаган жиҳатларидан бири маҳоратли спортчимиз Адҳамжон Эргашев ушбу мусобақада -73 килограмм вазн тоифасида иштирок этиши бўлди. Маълумки, вакилимиз -67 кг. тоифада иштирок этиб келарди ва ушбу вазнда Токио Олимпиадаси йўлланмасини деярли нақд қилиб қўйган. Мураббийлар штабининг мазкур қарори эса кўпчиликни таажжублантирди. Негаки, бу вазнда Олимпиада рейтингида еттинчи поғонани эгаллаб турган Достон Ёқубов иштирок этиб келар эди. Демак, Жаҳон кубогида Эргашев ва Ёқубов елкма-елка юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Уларнинг асосий рақиби эса, шубҳасиз, мусобақа мезбонлари бўлади.

Жаҳон кубогида вакилларимиз иштирок этадиган тақвим:

10 декабрь:
-73 кг: Адҳамжон Эргашев ва Достон Ёқубов
-81 кг: Муҳаммадқодир Тоштемиров

11 декабрь:
-55 кг: Муаттар Набиева ва Нигора Абдуллаева
-89 кг: Сарварбек Зафаржонов
-64 кг: Кумушхон Файзуллаева
-71 кг: Нигора Сувонова

12 декабрь:
-81 кг: Турсуной Жабборова
-109 кг: Акбар Жўраев
+87 кг: Долера Давронова

Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ушбу сана муносабати билан барча ҳамюртларимизни муборакбод этиб, атлетларимиз шарафига мадҳиямизнинг Хитой аренасида бир неча бор янграшини тилаб қолади.

Ўқилган: 1647
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Парадзюдочиларимиз Жаҳон кубогини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлашди
12:01
Беҳзод Раҳимбоев: Италияда пул билан ўлчанмайдиган катта тажриба оламан
14:32
Осиё Олимпия Кенгаши раҳбариятида ўзгариш
07:21