Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов Италия пойтахти Рим шаҳрида ушбу мамлакат яккакураш спорт турлари (FILJKAM) ва дзюдо федерацияси президенти Доменико Фалькони билан учрашди. Расмий мақомда ташкил қилинган учрашув мобайнида Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров ҳам иштирок этди.
Дўстона руҳда ўтган учрашув давомида қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Улар орасида Ўзбекистон ва Италия дзюдо федерациялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Тошкентда икки давлат асосий таркиб терма жамоаларининг қўшма йиғинини ўтказиш, спорт тиббиёти ва фармокалогия соҳасида биргаликда ишлаш, икки мамлакат мураббий ва ҳакамлари учун қўшма семинарлар ташкил этиш каби масалаларни алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Италиялик дзюдочилар ҳам жаҳонда ўз ўрнига эга. Биргина мисол тариқасида айтиш мумкинки, ўтган Рио Олимпиадасида Апеннин ярим ороли вакиллари 1 та олтин ва 1 та кумуш медаллари билан ушбу спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринни эгаллашган.
Шунингдек, Азизжон Камилов яккакураш спорт турлари учун база вазифасини ўтовчи Олимпия марказига ҳам ташриф буюрди. Барча шароитларга эга замонавий марказда Италиядаги Олимпия оиласига мансуб яккакураш спорт турлари бўйича турли ёш тоифасидаги терма жамоалари машғулот ўтказади.
Учрашув сўнггида Азизжон Камилов Италия дзюдо федерацияси президенти Доменико Фальконини Тошкентга таклиф қилди. Таклифни хурсандчилик билан қабул қилган Фалькони эса тез орада Ўзбекистонга ташриф буюришга ваъда берди. Федерация раҳбарлари бир-бирларига тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – Токио-2020 Олимпиадасида омад тилаб қолишди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мазкур учрашувни ташкил этишда амалий ёрдам берган мамлакатимизнинг Италиядаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Отабек Акбаровга миннатдорчилик билдиради.
Ўзбекистон ва Италия дзюдо федерациялари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
Ўқилган: 1620