Ўтган мавсумда “Реал Сосьедад” мусобақани 9-ўрин билан якунлади.
Жамоага атиги 4 очко етмади еврокубоклар зонасига кириши учун. Аммо жамоа бу билан тўхтаб қолмади ва янги мавсумга шу қадар жиддий тайёргарлик кўрдики, ҳозир жамоа нафақат Европа лигаси, балки, Чемпионлар лигасига йўлланма берадиган ўринлар учун курашишга тайёр.
Ҳозирги “Реал Сосьедад” нинг “топилмаси” бу Мартин Эдегор бўлиб турибди. Клуб футболчини “Реал Мадрид”дан ижарага олган. 20 ёшли норвегиялик футболчи 11 ўйинда 2 та гол ва 3 та голли узатмани амалга оширган ва “гол+пасс” тизимида жамоадаги энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибди.
Ёзда Эдегор билан бирга Александер Исак ҳам олиб келинди. Исак учун “Сосьедад” “Боруссия Дортмунд”га 6,5 млн евро тўлади. Исак ҳақида мухлислар анча аввалроқ, АИК сафида ўйнаб юрган кезларида эшитишган эди. АИК билан бирга Европа лигасида ажойиб ўйин кўрсатди.
АИКда Александер жуда тез порлади. Ўзининг илк мавсумида Исак 24 ўйинда 10 та гол уришга муваффақ бўлди.  Бўйининг узунлиги (190 см), ҳужумларни якунлашда совуққонлиги туфайли уни Златанга қиёслай бошлашди.
17 ёшида Александер АИКдан кетишга мажбур бўлади. Ҳужумчи учун курашаётган жамоалар ичида асосий фаворит “Реал” эди. Аммо футболчи Германияга, “Боруссия Дортмунд” сафига бориб қўшилишни маъқул кўрди. Томонлар келишувига кўра, трансфер нархи 8,6 млн еврога баҳоланди.
“Боруссия”да ўтказган 2 мавсуми давомида Исак бор-йўғи 5 та ўйинда майдонга тушди ва умуман гол ура олмади. Жамоада ўз ўрнини топа олмаган футболчини “Виллем II”га ижарага бериб юборишди. Бу жамоада Исак фантастик натижа кўрсатди. 16 ўйинда 13 та голга муаллифлик қилди. “Виллем II” уни жамоада олиб қолишни истади, афсуски, у Дортмундга қайтишга мажбур эди.
Ижарадаги ўйинида кўрсатган натижалари сабаб Исак “Боруссия”да асосий таркибдан ўрин олишига ишонган эди. Аммо раҳбарият бундай ўйламади. Улар футболчини сотишни режалаштиришди. Харидор ҳам тайёр - “Реал Сосьедад”. Испания жамоаси ҳужумчилари етарли бўлишига қарамасдан, швециялик футболчига асосий таркибдан жой ваъда қилишди.

Аммо Исак жамоанинг асосий ҳужумчисига айлангани йўқ. Раҳбарият унга ўйин амалиёти бериш борасидаги сўзлари ёлғон бўлмади. У ҳар доим майдонга тушди. Ла Лиганинг барча 13 та ўйинида ҳам Исак майдонда бўлди. Аммо доимо асосий таркида эмас. 2 та ўйинни асосий таркибда бошлаган ҳужумчи, қолган ўйинларда заҳирадан майдонга тушди. Лекин ўзини ҳар томонлама яхши кўрсатяпти. Масалан, 10-турда “Сельта”га қарши баҳсда айнан Александернинг голи “Сосьедад”ликларга ғалаба олиб келди.

Исак кучли характер эгаси. Дортмунддаги фаолиятидан кейин ҳам “синмади”. Унинг ўрнида кўплар фаолиятида ортга қадам ташлашлари мумкин эди.  Лекин Александр 17 ёшида топ-клуб сафига бориб қўшилишнинг хато эканлигини, ҳали тажриба тўплаши зарурлигини тушуниб етди.

“Сосьедад”нинг ёш ҳужумчиси рақиб дарвозасига кўп ҳам зарба бермайди (ҳар бир ўйинда ўртача 1,7 зарба, лекин аниқлиги 56%). Ҳаводаги курашларда ҳам ҳали тажрибасиз эканлиги сезилади.
Шунинг учун у ўзини Златан иккинчи деб номлашларини истамайди. Ҳар қандай футболчи каби, у ҳам ўз номига, яъни Александер биринчи номига эга бўлишни истайди. Бу учун футболчи қўлидан келганча ҳаракат қиляпти. 20 ёшида Златан эндигина “Мальмё”дан “Аякс”га ўтган эди. Исак эса Европанинг икки чемпионатида тўп суриш имкониятига эга бўлди бу ёшда. Ундан ташқари Исак Златандан 3 йил аввал терма жамоадаги дебютини нишонлади (Златан 20 ёшида терма жамоаа чақирилган бўлса, Александер 17 ёшида терма жамоага жалб этилди).
 
Давоми бу ерда