Амирбек ЖЎРАБОЕВ: «Навбаҳор»да мени ҳамма нарса қониқтиради»

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби таркибида 5 нафар легионер тўп суради ва улар «лочинлар»нинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Жумладан, тожикистонлик маҳоратли ярим ҳимоячи Амирбек Жўрабоев ҳам. Жамоага 2-даврада қўшилган мазкур футболчи деярли барча ўйинларда наманганликларнинг бошланғич таркибида майдонга тушмоқда. Сoca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган «Навбаҳор» - «Насаф» (1:1) баҳсидан сўнг Амирбек Жўрабоев билан суҳбат уюштириб, унга ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- «Навбаҳор» таркибига давралар оралиғидаги танаффус пайтида қўшилдингиз. Бунгача ўзбек футболи ва мазкур клуб борасида маълумотга эгамидингиз?

- Тожикистонда Ўзбекистон телеканаллари намойиш этилади, улар орқали ўзбек футболи, хусусан, «Навбаҳор» ҳақида кўп нарса билардим. Қолаверса, ўзбек футболи афсоналари Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов борасида маълумотга эга эдим. Хорижда ўйнайдиган ўзбекистонликларнинг ўйинларини ҳам кузатардим. Ҳозирги футболчилардан эса «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов менда яхши таассурот қолдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсум Бекободнинг «Металлург» клубида укам Зоҳид Жўрабоев ўйнаганди ва ундан ҳам мамлакатингиз футболи тўғрисида анча маълумот олгандим. Айни пайтдаги жамоам «Навбаҳор»га эса клуб раҳбарияти таклиф этганди ва жамоанинг таркиби маҳоратли футболчилардан ташкил топганлиги, содиқ ҳамда фидойи мухлисларга эга эканлиги борасида эшитгандим.

- Биринчи даврадан сўнг турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турган «Навбаҳор» негадир ҳал қилувчи босқични омадсиз тарзда бошлаб, ҳаттоки, ўз майдонидаги ўйинларда ҳам имкониятни бой берди. Салбий натижалар эса сербиялик мутахассис Деян Журжевичнинг истеъфоси билан якунланди. Ушбу ҳолатни нима билан изоҳлайсиз?

- Аслида Деян Журжевич қўл остида ҳам «Навбаҳор» ёмон ўйин кўрсатмаганди. Жумладан, ўша мағлубиятга учралган учрашувларда рақибларга қараганда, тўпни кўпроқ назорат қилдик, ҳужумлар уюштирдик. Аммо вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Албатта, футболда ўйин унутилади, натижа тарихда қолади. Жамоамизнинг кўрсаткичлари салбий тус олганлиги боис, сербиялик мутахассис истеъфога чиқарилиб, жамоага Канчельскис қайтарилди. Шундан сўнг «Навбаҳор» ўйинида ўзгариш юз берди. Андрей Антанасович қўл остида ижобий натижаларни қайд этамиз, деган умиддаман.

- Журжевич ва Канчельскиснинг машғулотлари, ўйин услубларида фарқ борми?

- Бор. Деян тактикага асосланса, Андрей Антанасовичнинг машғулотлари интенсив равишда олиб борилади. Бу эса натижаларда ҳам акс этмоқда. Айни пайт жамоамизда назарий жиҳатдан совриндорлар сафидан ўрин олиш имконияти бор ва буни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Ахир айтишади-ку, умид сўнгги паллада ўлади, деб.

- Кўпчилик мухлисларни футболга қандай кириб келганингиз қизиқтиради...

- Отам бир пайтлари футбол ўйнаганлар. Аммо қўлларидан жиддий жароҳат олиб, ушбу спортни ташлаганлар. Кейинчалик биз - ўғиллари ҳам футболчи бўлишимиз учун кўп ҳаракат қилдилар. Мен билан укам Зоҳидни отам Душанбедаги футбол бўйича олий маҳорат мактабига олиб борганлар. Ҳозирги кунда Зоҳид Тожикистоннинг «Истиқлол» клубида ўйнамоқда. У билан Тожикистон термасида ҳам бирга тўп суряпмиз. Иккимизнинг келажакдаги орзуларимиз улкан - маҳоратли футболчи бўлиш ва кучли клубларда ўйнаш.

- Москванинг ЦСКА клуби футбол академиясида таҳсил олган экансиз...

- Менда Тожикистон фуқаролигидан ташқари, Россия фуқаролиги ҳам бор эди. Шу боис, кучлироқ футбол мактабида ўқишни истадим. Отам ҳам бу истагимни қўллаб-қувватладилар. Натижада Москванинг ЦСКА футбол академиясига бориб, у ерда кўрикдан муваффақиятли тарзда ўтдим ва 3,5 йил давомида машғулотларда қатнашдим. Шартномам якунланганидан сўнг, уни узайтиришни истамадим ва Тожикистонга қайтдим.

- Биринчи профессионал клубингиз қайси?

- Ваҳдат шаҳрининг «Хайр» жамоаси. Ушбу клуб таркибига 2014 йили қўшилгандим, ўша мавсум «Истиқлол»дан сўнг 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалини қўлга киритгандик. Ушбу клубни ўша пайт беларуслик мутахассис Пётр Петрович Качуро бошқарарди. Кейинчалик у мени Беларусга таклиф қилди ва у ерда Солигорскнинг «Шахтёр» клубида ўйнадим. Шундан сўнг, Тожикистонга қайтиб, 3 йил давомида «Истиқлол» шарафини ҳимоя қилдим. «Хайр»да ўйнаётганимда, Тожикистон термасининг ўша пайтдаги бош мураббийи, айни пайт «Бухоро»ни бошқараётган Муҳсин Муҳаммадиев мени миллий жамоага таклиф этганди. Адашмасам, 2014 йилнинг 7 июнида Таллинда Эстония термасига қарши кечган ўртоқлик баҳсида Тожикистон бош жамоасидаги дебютимни нишонлагандим.

- Термангиз ЖЧ-2002|ОК-2023 саралашида Япония, Мўғулистон, Қирғизистон ҳамда Мьянма билан биргаликда «F» гуруҳидан жой олган. Сизнингча, Тожикистонда кейинги босқичга чиқиш имконияти борми?

- Албатта, бор. Айниқса, термамиз ўз майдонида қирғизистонликларни (1:0), сафарда мўғулистонликларни (1:0) мағлубиятга учратганидан сўнг, имкониятимиз анча ошди. Тўғри, Япония термаси кучли. Шунинг учун гуруҳ пешқадами сўзсиз японлар бўлишади. Қолган жамоалар эса 2-ўрин учун курашишади.

- Ўзбекистон термасининг ҳам ўйинларини кузатяпсизми?

- Албатта, Ўзбекистон чемпионатида ўйнаганимдан кейин, ушбу юрт миллий жамоаси иштирокидаги баҳсларни албатта кузатаман. Қирғизистон термасига қарши кечган ўйиндан сўнг кийиниш хонасига кирганимизда, ўзбекистонликларнинг фаластинликлардан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганликларини эшитиб, барчамиз ҳайрон қолдик. Ватандошингиз, термамиз бош мураббийи Усмон Тошев ушбу натижадан жуда ғазабланди. Бош жамоамиз олдинроқ фаластинликларга қарши тўп сурган ва бу терма унчалик ҳам кучли эмас. Кейинчалик Ўзбекистон термасида мураббий алмашиб, кейинги баҳсларда ижобий натижалар қайд этилди ва жамоа турнир жадвали пешқадамига айланди. Ўзбекистон - Осиёнинг топ термаларидан бири ва юқори ўринлар учун курашишга қодир. Кейинги баҳсларда термангизга омад тилайман.

- Усмон Тошев ҳақида нима дея оласиз?

- Жуда кучли мутахассислардан бири. Ундан кўп нарса ўргандим. Қолаверса, Ўзбекистонда ўйнашимда ҳам унинг ҳиссаси катта. Умуман олганда, Усмон Қудратович ажойиб мураббий, у билан термамиз яхши натижаларни қайд этади.

- Ўзбекистон ва Тожикистон миллий чемпионатлари савияси борасида нима дея оласиз?

- Ўзбекистон чемпионатининг савияси, албатта, Тожикистонникидан устун. Боиси, юртимизда бор-йўғи иккита клуб чемпионлик учун курашади, холос. Қолганлар эса ўртамиёна.

- «Навбаҳор»нинг сиз иштирок этган ўйинлари ичида қайси бири энг қийини бўлди?

- Ўз майдонимиздаги «Пахтакор», «Насаф», шунингдек, сафарда «Сўғдиёна» жамоаларига қарши кечган баҳслар клубимиз учун анча қийин кечди.

- «Навбаҳор»даги ҳолат қандай? Энг яқин дўстингиз ким...?

Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

 

Ўқилган: 996

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Разошлись пополам хозяева и гости.
21:52
Харажат керакми, муаммосиз ёхуд футбол тарихидаги 10та энг қиммат трансфер
22:50
Подтверждены даты проведения женского Кубка Азии 2022.
17:08