«Барселона» ҳимоячиси Жерар Пике теннис бўйича «Дэвис» кубогини ислоҳ қилди, буни Рафаэль Надаль ва Новак Жокович каби тан олинган ракетка уста-лари маъқуллашди, Рожер Федерер аксинча, ислоҳот моҳиятини тушунаётгани йўқ. Пике футболчилик фаолиятидан кейин нима билан шуғулланиш ҳақида кўп ўйлаётганини сира яширмайди. Кўринишидан, ҳимоячи охирги вақтларда бизнес режаларига янада жиддийроқ ёндашмоқда.
2018 йилнинг ёзида унинг шахсий сармоя жамғармаси - Kosmos халқаро теннис федерациядан «Дэвис» кубогини ўтказиш ҳуқуқини 25 йил муддатга сотиб олгани маълум қилинганди. Келишув суммасига эътибор қаратинг - 3 миллиард доллар. Пикенинг ўзи шундай катта ишга қўл урганини оддийгина изоҳлаганди: «Шунчаки, ушбу ажойиб турнирни янги даражага олиб чиқмоқчиман. Менимча, охирги йилларда «Дэвис» кубогига қизиқиш бироз пасайди. Демак, турнир обрўсини яна кўтариш керак».

Хуллас, Пике Kosmos жамғармаси воситасида «Дэвис» кубогининг асосий молиявий ёрдамчисига айланади. У турнирга катта сармоя киритиш баробарида йирик ҳомийларни ҳам жалб этди. Улардан биринчиси - Rakuten. Биласиз, Япониянинг ушбу фирмаси «Барселона» бош ҳомийси саналади. Энди у «Дэвис» кубогини ҳам ўз қаноти остига олди. Турнирнинг номи ҳам ўзгарди: Davis Cup by Rakuten Madrid Finals. Умуман, Пике яна бир қатор ҳомийларни жалб этди: China Media Capital ва Sequoia жамғармалари, Louis Vuitton ва Rolex брендлари. Эндиликда ҳаттоки, Испания Ла Лигаси ҳам «Дэвис» кубогини қўллаб-қувватлайди. Қўшимча сармоя америкалик миллиардер Ларри Эллисон (Indian Welshнинг АҚШ томонидан вакили)дан тушди.

Хўш, «Дэвис» кубоги қандай ўзгаришларга юз тутади? Лойиҳага мувофиқ, турнирни ташкиллаштириш ва назорат қилиш тўлиқ Kosmos зиммасига ўтади. Ҳозирда мусобақа формати ўзгартирилди. Олдин «Дэвис» кубоги футбол бўйича ЖЧ саралашини эслатарди. Яъни мамлакатлар жамоалари йил давомида «уй-сафар» тизимида ўзаро ўйнаб чиқарди. Энди эса «Дэвис» кубоги ҳар йили ноябрда 2 ҳафта давом этади: унда 18та мамлакат жамоаси қатнашади. Kosmos томонидан турнир мавқеини кўтариш ва молиявий муваффақиятни таъминлаш мақсадида алоҳида бўлим тузилди - Kosmos Tennis. Унинг директори Хавьер Алонсо форматга боғлиқ ўзгаришларни шарҳлар экан, буни турнирни қутқариш ҳаракати сифатида баҳолади: «Янги «Дэвис» кубоги чиндан ҳам, футбол бўйича ЖЧ финал раунди қиёфасига киради. Бу турнир аҳамиятини ошириб, мухлисларда қизиқиш даражасини кучайтириши керак. Ўйлайманки, агар ислоҳот амалга оширилмаганида, «Дэвис» кубоги йўқлик сари юз тутарди».

Лойиҳага кўра, Kosmos «Дэвис»ни бир маромда ривожлантириш учун йилига 80 миллион доллар сарфлайди. Шундан 20 миллиони соврин жамғармасига, 16 миллиони эса реклама ва маркетинг ишларига йўналтирилади. Қолган 44 миллион долларни халқаро теннис федерацияси олади - лицензион улуш. АҚШнинг SportBusiness портали тахминича, Kosmos телевизион ҳуқуқлар ва рекламалар воситасида харажат миқдоридан анча кўп топиши мумкин. Kosmos вакиллари ташкилотчиликка ҳам катта эътибор қаратишади, албатта. Дейлик, жамғарма мухлисларнинг турнирга ташриф буюришлари ва ўзга мамлакатда яшашларига боғлиқ муаммоларни ҳал этишни ўз зиммасига олди. Кутишилича, Мадрид шаҳри мезбонлик қиладиган мусобақа ўйинларини томоша қилиш учун бутун жаҳондан чамаси 200 минг мухлис ташриф буюради. Kosmos аллақачон меҳмонхоналар тармоғи билан келишиб қўйди.  Унга мувофиқ, теннис фанатларига маълум чегирма берилади. Шунингдек, Испания пойтахтининг турли нуқталари ва айрим йирик шаҳарларда фан-ҳудудлар ташкил этилади. Яна турли кўнгилочар лойиҳалар режаси ишлаб чиқилган, жумладан, мусиқий дастурлар. Бу юмушлар билан Sony Music Latin Iberia компанияси шуғулланади.

Савол туғилади, теннис олами вакиллари бу ислоҳотларга қандай қарашмоқда? Айтиш жоиз, бир қатор обрўли теннисчилар ҳозирдан Пике ғояларини маъқуллашмоқда. Жумладан, Рафаэль Надаль ва Новак Жокович бу борада ижобий фикрда, улар навбатдаги турнирда иштирок этишларини маълум қилиб улгуришди. Лекин Рожер Федерер ўзгаришларга қарши чиқмоқда: «Пике билан бирор марта учрашган эмасман. Тўғриси, унинг миясида нима борлигини билмайман. Гап қадимий турнир («Дэвис» кубоги 119 йил олдин йўлга қўйилган) ҳақида кетмоқда, шундай экан, унинг тарихи ва анъаналарига ҳурмат билан қарашимиз шарт. «Дэвис» Пике кубогига айланиб қолмаслиги керак».

«Барса» ҳимоячисининг ўзи «Дэвис» кубогига қандай таъсир ўтказади? Биринчидан, футболчи маблағ билан таъминлайди. Иккинчидан, турли реклама ва ташвиқот ишларида бевосита қатнашади. У яқинда Мадридда очилган турнир офисида бўлиб, теннис ихлосмандларининг таклиф-мулоҳазалари билан танишди. Яъни ташкилотчилар Жерарга махсус телефон беришди ва у «Твиттер» орқали алоқага чиқди. Диққатга сазовор томони, мухлислар атиги 1 соат ичида чамаси 20 минг мурожаат йўллашди. Пике ўша куни қўнғироқ қилган фанатларни қизиқтираётган саволларга ҳам жавоб берди. Тўғри, ҳаммага ҳам футбол юлдузи билан гаплашиш насиб этгани йўқ, лекин айримлар теннис баҳона алоқадан бахтиёрликни туйишди. Жерар эндиликда «Дэвис» кубоги расмий саҳифасида ҳам тез-тез «твит» қолдирмоқда. Жумладан, жамоалар таркиби, ўйинлар тартиби ҳақида маълумот бериб, турли изоҳлар ёзмоқда. Қолаверса, саҳифада қандай чемпион бўлиш мумкинлиги ҳақида видеоролик ҳам бор. Унда енгил атлетика қироличаси Елена Исинбаева суратга тушган. Умуман олганда, Пике ташкилотчиликка боғлиқ кўплаб муҳим масалаларни ҳам ҳал қилишга вақт ажратмоқда. Мисол учун, Жокович аввалига «Дэвис» кубогининг янги талқинида иштирок этишни истамаганди, лекин Пике уни кўндирди. Асосийси, «Барса» билан шартномаси футболчининг теннис лойиҳаси бўйича жиддий шуғулланишига халақит бераётгани йўқ. Пикенинг айтишича, у дам олиш вақтини тўлиқ айнан шу лойиҳага сарфламоқда.


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин