"Шарпа" жамоа ёки мавсум қаҳрамони - "Аякс" футболчилари ҳақида... ("Интерутбол" блоги)

Бу жамоа ўйинидан завқланинг, токи, футболчилари тарқалиб кетмагунларича. Ҳа, Голландия футболи фахри саналган «Аякс» жорий мавсум барчага шонли ўтмишини бир эслатиб қўйиш ҳаракатида.

Амстердамликлар ЧЛ «плей-офф» раундларида «Реал» ва «Ювентус», қолаверса, Криштиану Роналдуни бирин-кетин чиройли тарзда курашдан четга чиқаришгач, жамоа таркибидаги ёш иқтидорларга нисбатан қизиқиш янада ортгани тайин. Айтиш жоиз, «Аякс» шунқорлари Эредивизионда аллақачон 100та гол маррасидан ўтишди, қолаверса, евромайдонда ҳам маҳсулдорликни ўрнига қўйишмоқда. Айниқса, Мадрид ва Туринда урилган 6та гол Эрик тен Хаг шогирдлари обрўсию, трансфер баҳосини кўтариб юборса, ажабмас. Soccer.ru сайти ижодкорлари ҳозирдан якдил хулоса чиқариб бўлишди: «Аякс» бағрида порлаётган йигитлар клубга ҳали голларидан кўра, анча кўп миллионлар келтиришади».

Бемалол тахмин қилиш мумкин, ЧЛ-2018|2019 бош кашфиёти ҳозирги таркиби билан охирги ойларни бошдан кечирмоқда. Яққол сезилиб турибди, мавсум кашфиётлари «Аякс» билан хайрлашиш олдидан Голландияда чемпионликни тантана қилиш баробарида ЧЛ бош совринини қўлга киритмоқчилар. Айни пайт жамоа сафидаги деярли барча футболчилар грандлар скаутларининг ўткир нигоҳлари остида тўп суришмоқда, Френки де Йонг эса «Барселона» билан шартнома тузишга улгурди. Каталонияликлар жамоа сафига ёзда қўшиладиган иқтидор трансфери учун голландларга 75 млн. евро тўлашади. Такрор бўлсада, айтамиз, у «Аякс» билан хайрлашадиган ягона ўйинчи эмас...

 

Маттейс де ЛИГТ

(марказий ҳимоячи) - 19 ёш

Масала баҳоси: 70 млн. евро

Даъвогар клублар: «Барселона», «МЮ», «Ливерпуль», «Ювентус», «ПСЖ»

Ҳа, «Ювентус» орзусини шунчаки, «кўмган» йигитча учун ёзда ҳақиқий аукцион бўлади, чоғи.

 

Ҳаким ЗИЙЕҲ

(вингер) - 26 ёш

Масала баҳоси: 50 млн. евро

Даъвогар клублар: «Бавария», «Интер», «Рома», «Атлетико», «Севилья»

Экспертларнинг баҳолашларича, марокашлик футболчининг энг ёрқин мавсумлари ҳали олдинда. Демакки, ёзгача харидорлар сафи янада кенгайиши ва сумма ҳам анча ошиши мумкин.

 

Николас ТАЛЬЯФИКО

(чап қанот ҳимоячиси) - 26 ёш

Масала баҳоси: 25 млн. евро

Даъвогар клублар: «Тоттенхэм», «Арсенал», «Реал», «Атлетико»

Аслида Тальяфико ва «Аякс» ўртасидаги шартнома 2022 йилгача мўлжалланган, аммо аргентиналик футболчи ёзда клубини ўзгартирмоқчи. Айтишларича, у ҳамюрти Диего Симеоне жамоаси сафига қўшилмоқчи.

Давид НЕРЕС

(вингер) - 22 ёш

Масала баҳоси: 50 млн. евро

Даъвогар клублар: «Милан», «Боруссия» Д.

Бразилиялик тезкор ва митти вингер ҳамюрти, «Милан» спорт директори Леонардога «россонерлар» либосини кийиши хусусида ваъда берган эмиш. Аммо охирги воқеалардан кейин Нерес хизматига қизиқиш даражаси ошди ва у энди барқарорроқ жамоада ўйнашни истаб қолар, балки...

 

Андре ОНАНА

(дарвозабон) - 23 ёш

Масала баҳоси: 30 млн. евро

Даъвогар клублар: «Барселона», «Интер», «Рома»

«Барселона» харидорми? Наҳотки? Ахир Каталония клубида Марк-Андре тер Штегендек кипер бор-ку. Гап шундаки, 23 ёшли камерунлик айнан «Барселона» тарбияланувчиси ҳисобланади. У жонажон клуби захира ўриндиғида ўтиришга ҳам тайёр, тўғри, фақат вақтинча...

 

Донни ван де БЕЕК

(марказий ярим ҳимоячи) - 21 ёш

Масала баҳоси: 40 млн. евро

Даъвогар клублар: «Рома», «ПСЖ», «МЮ»

Скаутлар кўзлари «ўйнаб» кетяпти! Донни атиги 21 ёшда бўлсада, рақиб ўйинини бузишда ҳам, яратувчанликда ҳам беназир ҳаракатланмоқда. Тахминларга кўра, унинг ўзи Томас Тухель жамоаси сафида тўп суришга қарши эмас экан.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Аякс Блоглар
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Криштиану Роналду: Янги уйга шахсий йўл орқали ("ИнтерФутбол" блоги)
19:51
Андрей Аршавин: Футболчилик давримни соғинмаяпман ("ИнтерФутбол" блоги)
09:42
Томошанинг ташвишли томони ("ИнтерФутбол" блоги)
08:11