«Фамаликан» қаердан чиқди

Европанинг етакчи миллий чемпионатлари янги мавсуми бир қатор сенсацион натижалар билан бошланди: АПЛда «Лестер», Испанияда «Гранада», Германияда «Фрайбург», Францияда «Анже» клублари ёрқин старт билан барчани ҳайратга солди. Лекин Португалия Примероси кашфиёти сенсация масаласида барчани «чанг» ичида қолдирмоқда. Қаранг, кўпчиликка нотаниш дебютант 7та тур якуни бўйича турнир жадвали карвонбошиси бўлиб турибди. «Порту» ва «Бенфика»дек фаворитлар шу камтарин жамоа ортидан боришмоқда... Ҳа, «Фамаликан»нинг Португалия Примеросида пешқадамлик қилаётгани - умуман кутилмаган катта воқеа. Ахир гап нафақат чемпионат дебютанти, балки мавсум-1993|1994дан буён элит лига юзини кўрмаган клуб ҳақида кетмоқда. Энди gol.ru маълумотлари асосида евромавсумнинг бош кашфиётига дахлдор баъзи фактларга назар соламиз.

 ***  «Фамаликан» чемпионат доирасидаги дастлабки 7та ўйиндан 6тасида ғалаба қозониб, 1тасидагина дуранг натижа қайд этди. Дебютантга ютқазганлар орасида Лиссабоннинг «Спортинг» жамоаси ҳам бор. Боз устига, пойтахтликлар ўз майдонларида «тиз чўкишди» - 1:2.

***  Португалия элит дивизионининг дастлабки 7та турида 3та жамоа 16тадан гол уриб, маҳсулдорлик бобида яққол ажралиб турибди. Шулардан 2таси доимий фаворитлар - «Бенфика» ва «Порту». Учинчиси эса, айнан «Фамаликан»дир. Қойилмисиз?

***  Фамаликан» охирги 2та ўйинда иродали ғалаба қайд қилди. Яъни дебютант аввалига «Спортинг», ке-йин «Белененсеш»га қарши кечган ўйинлар давомида ҳисобда орқада бориб, якунда ҳар икки рақибни енгиш уддасидан чиқди.

***  Португалия Примероси пешқадами таркибидаги барча футболчиларнинг трансфер баҳоси умумий ҳисобда атиги 20,7 млн. еврони ташкил қилмоқда. Таққослаш учун айтсак, Россия Премьер-лигасида биргина «Тамбов»нинг таркиби бундан арзонроқ, холос.

***  «Фамаликан» ихтиёридаги энг қимматбаҳо футболчи - бу «Валенсия»дан ижара келишуви асосида таклиф этилган ярим ҳимоячи Урош Рачич. Унинг трансфери 5 миллион еврога баҳоланмоқда. Жамоанинг ўзига тегишли ўйинчиларга қарасак, 1-ўриндаги Виктор Гарсиянинг трансфер баҳоси 1,25 млн. еврога тенг. Қолган бирор футболчи нарх бобида ҳали миллион евро маррасига етмаган.

***  «Фамаликан» ихтиёридаги 4 нафар дарвозабон ҳам бразилиялик. Таркибда Англиядан ҳам футболчи бор - Жош Таймон. У вақтида «Халл Сити»да тўп сурганди.

***  Энг қизиқ ва эътиборга молик томони шуки, «Фамаликан» раҳбарияти Португалия чемпионати юқори дивизиони дебютантига қийин бўлишини билсада, ёзги трансферлар мавсумида таркибни кучайтириш учун бир цент ҳам сарфлагани йўқ. Қисқаси, жамоа фақат эркин агент мақомига эга ўйинчилар билан шартнома тузди, шунингдек, ижара келишувларидан ҳам кенг фойдаланди.

***  Жамоа таркибининг 50 фоизини Бразилия паспортига эга футболчилар ташкил қилишади. Аниқроқ айтсак, «Фамаликан»нинг нақ 13 нафар ўйинчи Бразилия фуқароси ҳисобланади.

***  «Фамаликан» Брага округи таркибига кирувчи Вила-Нова-ди-Фамаликан шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Узоқ 1835 йили асос солинган ушбу шаҳарчада тахминан 30 минг аҳолиси бор (муниципалитет аҳолиси эса бундан 4 баравар кўп).

***  Жамоанинг уй стадиони атиги 5307 томошабинга мўлжалланган. Тўғри, 2020 йили арена сиғимини 7000га ошириш режалаштирилмоқда.

***  Вақтида Португалия матбуотида бразилиялик таниқли футболчилар - Дани Алвеш ва Фред «Фамаликан»ни сотиб олишлари мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Улар шунингдек, «Лейшоэш» жамоасига сармоя киритиш варианти устида ҳам бош қотиришганди. Якунда «Фамаликан» исроиллик бизнесмен Идан Офер ихтиёрига ўтди. У бундан 30 йил аввал иш бошлаган Tanker Pacific кемасозлик компанияси соҳибидир. Хуллас, «Фамаликан»нинг 85 фоиз акцияси Оферга тегишли. Дарвоқе, Quantum Pacific Group компаниясини ҳам назорат қилувчи исроиллик бизнесмен ва «Атлетико» ўртасида боғлиқлик бор. Яъни Мадрид клубининг 32 фоиз акцияси айнан унинг ихтиёрида.

***  Португалияда «Фамаликан»-нинг ёрқин старти таъсирида «Лестер» мўъжизасини тез-тез эсга олишмоқда. Шунингдек, «нотаниш» жамоанинг кутилмаган муваффақиятини таниқли агент Жорже Мендеш билан йўлга қўйилган ҳамкорликка ҳам боғлашмоқда. Чунончи, ёзда таркибга қўшилган Гуга ва Диого Гонсалвеш (ҳар иккиси «Бенфика»дан ижара келишуви асосида таклиф этилди) айнан Мендеш мижозлари ҳисобланишади. Қолаверса, жамоада агентнинг яна бир мижози бор - «Вулверхэмптон»дан «қарз»га олинган Жоан Миранда. «Вулвз»нинг яна бир вакили - Педру Гонсалвеш ҳам Мендеш воситачилигида Португалия Примеросига йўл олган бўлса, ажабмас. Зеро, португалиялик корчалон агент ва Англия клуби ўртасида мустаҳкам алоқалар бор. Мендеш билан яхши ҳамкорлик қиладиган «Атлетико» ва «Валенсия»дан эса «Фамаликан» нақ 5 нафар футболчини таклиф этган.

***  Жамоада маҳсулдорлик чакки эмас. Лекин дебютант клуб футболчилари рақиблар дарвозаси томон зарба йўллаш бобида чемпионат бўйича атиги 6-кўрсаткичга эгалар. Тўп назорати ҳам ўртачадан бироз баландроқ - яна 6-натижа. Энг қизиғи, «Фамаликан» ўйинларда ҳаммадан кўп зарба қабул қилмоқда - рақиблар ҳар бир учрашувда дебютант клуб дарвозасига ўртача ҳисобда 16,4 марта тўп йўллашмоқда. Шунингдек, чемпионатнинг бош кашфиёти ҳаводаги яккакурашлар масаласида ҳам асло мақтанолмайди (охирги кўрсаткич).

Давоми бор...

 

Ўқилган: 975

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна "Фиорентина"дан "ўмариш"...
09:20
«Боруссия Д» Клуби «Челси» Футболчисига Қизиқиш Билдирмоқда
09:58
Календарь до конца сезона-2019.
19:30