
Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумнинг ҳар ойидан кейин тўрт йўналиш бўйича энг яхшиларни аниқлаб келди: энг яхши мураббий, энг яхши футболчи, энг яхши дарвозабон ва энг чиройли гол. Ташкил этилган сўровнома якунларига кўра энг кўп овоз тўплай олган номзодлар ташкилотнинг энг яхшилар учун аталган статуэткаларини қабул қилиб олишди.
2019 йилги мавсумда ҳам мазкур анъанани давом эттирилмоқда. Artel савдо белгиси эса ойнинг энг яхшиларига ўз смартфонларини тақдим этиб келяпти.
Энг яхшиларни аниқлаш шартлари қуйидагича: Coca Cola Суперлиганинг 14 клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади.
Ортда қолган август ойида Coca Cola Суперлигада 3 та тур учрашувлари ўтказилди. Мазкур учрашувлар давомида бир қатор жамоалар мазмунли ўйин намойиш этиб, мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлди.
Ойнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, “Пахтакор” жамоаси аъзоси Драган Черан (3 ўйин, 6 гол + 1 ассист) энг кўп очко жамғаришга муваффақ бўлди ва август ойининг энг яхши футболчиси дея эътироф этилди.