
Coca Cola Суперлига-2019 янгиликларга бой бўлмоқда. Шунинг баробарида футболчиларнинг янги қирраларини ҳам кашф қилиб бермоқда. Ҳумоюн Муртазоев тўпурарлар қаторида бораётган бўлса, Остон Ўрунов жорий йилдаги ажойиб ўйинлари билан терма мураббийлари назарига тушди. Жасур Жалолиддинов жуда ёш бўлишига қарамай, биринчи даврада катта ҳажмдаги ишни бажарди. «Динамо» клуби ҳужумчиси Қадамбой Нурметов ҳам мавсум якунида кашфиётлар қаторидан жой олса, ҳеч ким ҳайрон қолмаса керак. Зеро, Самарқанд жамоасининг иқтидорли форварди ажо-йиб ўйинлар ўтказиш билан бирга, муҳим баҳсларда дарвозаларга тўп киритиб, жамоаси ғалабаларига муносиб ҳисса қўшмоқда. Яқинда ушбу футболчини суҳбатга чорладик.
- Қадамбой, жорий мавсум сиз учун ҳар галгиданда яхши ўтаётгани аниқ. Ҳар ҳолда, биринчи давра кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилдингиз.
- Мен эришаётган ютуқлар ҳар қандай футболчининг болаликдаги орзуси саналади. Кўпроқ голлар уриб, жамоаси ва дўстларига ёрдам беришни, шунинг баробарида, футболдан завқ олишни ният қилмаган ҳужумчи бўлмаса керак. Яратганга шукрки, дастлабки орзуларим амалга ошди. Менга имконият бериб, ишонч билдираётгани учун Даврон Файзиевдан миннатдорман. Самарқанд жамоасига тезда мослашиб кетишимда бу мутахассиснинг хизмати беқиёс. Насиб қилса, ўз голларим билан мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этаман. Ҳужумчининг биринчи галдаги вазифаси - гол уриш.
- Нима сизга қўшимча куч ва ишонч беряптики, муҳим ўйинларда рақиблар дарвозасини ишғол қиляпсиз? Мураббий Даврон Файзиев қўллаб-қувватлаяптими ёки ўзингизда иштиёқ кучлими?
- Ҳар бир инсон бирор нарсага эришиш учун, аввало, ўз олдига аниқ мақсад қўяди. Жумладан, мен ҳам. Вазифаларни бажариш ва мақсад сари интилиш менга доимо қўшимча куч бағишлайди. Қолаверса, ота-онам ва устозларимнинг ишончларини оқлашга бўлган хоҳиш ҳам ҳамиша олға қадам ташлашга ундайди.
- Термада ўйнаш имкониятингизни қандай баҳолайсиз?
- Ҳозирча миллий жамоадан таклиф тушмади. Демак, айб ўзимда. Термада тўп суриш учун шунга муносиб бўлмоқ лозим. Ҳали бундай даражада ўйнашга тайёр эмас эканман. Ўзимни кўрсата олсам, ишонаманки, термадан таклиф тушади. Ахир ким ҳам Ватан жамоаси сафида ҳеч бўлмаганда битта ўйинда майдонга тушишни хоҳламайди, дейсиз?!
- Ўтган йили Про-лигада «Андижон» клуби шарафини ҳимоя қилдингиз. Гарчи собиқ жамоангиз ҳозир элитада иштирок этаётган бўлсада, натижалар яхши эмас...
- «Андижон» маълум муддатдан сўнг олий дивизионга қайтди, икки йил Суперлигадан четда қолди. Албатта, бу ўз таъсирини ўтказади. Андижонда ёмон жамоа шаклланмаган, улар ҳозир ўйин томонидан ҳеч бир рақибга ютқазишмаяпти. Демак, натижалар тез орада ижобий тус олишига умид бор.
- «Сўғдиёна» ва «Навбаҳор» жамоаларига қарши кечган учрашувларда муҳим голларни урдингиз. Ўша пайт қалбингиздан қандай ҳислар кечди?
- Тўғриси, буни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўша онларда мендан бахтли инсон йўқ эди. Гол уриб, жамоангга оз бўлсада фойда келтиришнинг завқи бошқача бўлади.
- «Динамо»га нима бўляпти? Иккинчи даврани кетма-кет мағлубиятлар билан бошладинглар. Бу нохуш серияга қачон барҳам берилади?
- Футболнинг ҳам ўзига яраша паст-баланди бор. Қайсидир паллада омадимиз келмаяпти, ўз хатоларимиз туфайли мағлуб бўлмоқдамиз. Ўйлайманки, тез кунларда вазиятни ўнглаймиз, буни уддалашимизга ишонаман.
- Ўтказилган ўйинлардан келиб чиқсак, мавсум кашфиёти номига яна кимлар даъвогарлик қилиши мумкин?
- Бу саволга аниқ жавобим йўқ. Бирор-бир футболчини алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Барча жамоаларда иқтидорли футболчилар етарли. Дейлик, бизда Шоҳруҳ Абдураҳмонов, «Бунёдкор»да Жасур Жалолиддинов, «Навбаҳор»да Аббос Ғуломов... Бу йигитларнинг ҳаммаси кашфиёт бўлишга муносиб.
Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL газетасида ўқишингиз мумкин