Нега айнан осиёликлар? ("ИнтерФутбол" блоги)

Жорий йил Бразилияда ҳисоб бўйича 46-Америка кубоги ўтказилди. Бундан бир аср олдин футбол бутун дунё бўйлаб тараққиёт йўлига тушган бўлсада, терма жамоалар миқёсидаги турнирлар кейинроқ оммалашди. Дейлик, 1930 йили илк жаҳон чемпионати ташкиллаштирилишига қадар жаҳон спорти нақ 7 марта Олимпиада ўйинларига гувоҳ бўлганди (биринчиси 1900 йили). Америка кубогига келсак, бу турнир биринчи марта 1916 йилнинг июлида ташкил қилинган. Тўғри, ўша мусобақада атиги 4та жамоа қатнашган ва у 6та ўйинни ўз ичига олган. Уругвай ва Аргентина миллий жамоалари Чили термасини тегишлича 4:0 ва 6:1 ҳисобида мағлуб этган. Уругвайликлар бунга қадар Бразилия термасидан ҳам устун келишган ва уларни охирги турда дуранг ҳам қаноатлантирарди. Хуллас, аргентиналикларга қарши кечган баҳсда 0:0 ҳисобини ушлаб қолган Уругвай термаси Американинг илк чемпионига айланади.

Умуман олганда, Америка кубогида узоқ вақт иштирокчилар сони ва муддат масаласида қандайдир аниқ мезон кузатилмаган. Яъни чемпионатда баъзан 4та ёки 5та, гоҳида ҳаттоки, 3та жамоа қатнашади. Оралиқ муддат эса 1-2 йилдан тортиб, 6 йилгача чўзилади. Фақат 1975 йилга келиб, турнир катта ва жиддий бурилишга юз тутади. Биринчидан, чемпионат нақ 8 йиллик танаффусдан кейин ўтказилганди. Иккинчидан, унда КОНМЕБОЛнинг бугунги барча 10та аъзоси (Бразилия, Аргентина, Уругвай, Чили, Парагвай, Колумбия, Венесуэла, Боливия, Перу ва Эквадор) қатнашади. Учинчидан, мусобақа номи расман ўзгартирилади - Жанубий Америка чемпионати Америка кубогига айлантирилади. Шунинг баробарида турнир формуласи мутлақо ноодатий бўлади: 9та жамоа 3та гуруҳда «уй-сафар» тизимида ўзаро ўйнаб чиқади. Якунда гуруҳ ғолиблари ярим финалга йўл олишади. Бу босқичда улар қаторига Уругвай термаси қўшилади. Ярим финалда ҳам икки ўйинлик тизимга амал қилинади. Боз устига, финал 3та ўйиндан иборат бўлади - Колумбия ва Перу термалари навбати билан  ўз майдонида ғалаба қозонади, бетараф ҳудудда ташкиллаштирилган 3-баҳсда эса перуликлар ягона гол эвазига устун чиқишади. Шу тариқа яна 5та турнирда 10та иштирокчи ғолиблик учун курашади. 1987 йилга келиб, Америка кубогини битта мамлакатда ўтказиш ва мезбонни алфавит бўйича танлашга келишиб олинади. Хуллас, турнир Аргентинага ишониб топширилади. Яна 2та ўйинлик тизимдан ҳам воз кечилади. Натижада учрашувлар сони 13тага тушади: гуруҳ босқичи - 9та, ярим финал - 2та, финал ва 3-ўрин учун - 2та.

Америка кубоги-89да тизим яна ўзгаради. Бунда 10та жамоа икки гуруҳга бўлинади ва якунда кучли 4та иштирокчи финал босқичида қатнашади. Ўшанда Бразилия термасининг супержуфтлиги - Ромарио-Бебето бирга 9та гол уриб, жамоаси ғалабасини таъминлаганди. 1993 йили «Копа Америка» ниҳоят, ҳозирги формат шаклига кирди. Яъни меҳмон жамоалар ҳисобига иштирокчилар сони 12тага етказилди ва улардан 3та гуруҳ шакллантирилди - стандарт меъёр. «Плей-офф» раундлари сони ҳам бошқа аксарият турнирларники билан тенглаштирилди - чорак финал, ярим финал ва финал плюс 3-ўрин учун ўйин. Дарвоқе, аслида Жанубий Америкадаги давлатлар сони 13та. Демакки, Суринам, Гайана ва Франция Гвианаси термалари ҳам «Копа Америка»га қўшилиши мумкин эди. Бироқ бу жамоалар КОНМЕБОЛ эмас, КОНКАКАФга аъзо бўлган. Нега? Бунинг расмий сабаби тайин эмас, фақат бир неча фаразлар бор:

1. КОНМЕБОЛ аъзоларидан Венесуэла термаси узоқ вақт аутсайдер мақомида юрган, лекин бу жамоа охирги 20 йилда бош мусобақанинг тўлақонли иштирокчисига айланибгина қолмай, ярим финалга ҳам чиқди. Суринам ва Гайана термаларида эса бундай даражага чиқишнинг иложи йўқ. Демакки, уларнинг мутасаддилари ўта кучли рақиблар билан рақобатлашишни маънисизлик сифатида баҳолаган бўлишлари мумкин.

2. Суринам ва Гайана маданият бобида Кариб ҳавзасидаги мамлакатларга яқинроқ.

3. Кариб ҳавзасидаги жамоаларга қарши ўйнаш харажати анча кам.

Хуллас, КОНМЕБОЛ якунда меҳмон жамолар чақириш ғоясини маъқуллайди. Бунда аввалига 2та шартга амал қилинади:

1. Меҳмон жамоа Жанубий Америкадан узоқ бўлмаслиги керак.

2. Меҳмон жамоа курашни кучайтириб, турнирга қизиқишни ошириши керак.

Хуллас, «ўгай» жамоалар ҳисобига ўйинлар сони кўпайтирилди, «интрига» оширилди. Ҳар ҳолда, гуруҳда ҳаттоки, 3-ўрин учун кураш ҳам маъно касб эта бошлади (зеро, 3-поғона орқали 1|4 финалга чиқиш имконияти туғилди.

1999 йилги турнирда Жанубий Америка ҳудуди яқинидан жамоа чақириш тамойилидан четга чиқилди. Яъни турнирда Мексика термасидан ташқари, Япония миллий жамоаси ҳам иштирок этди. Мана, орадан яна 20 йил ўтиб, КОНБЕМОЛ ҳар икки «бегона»ни Осиёдан топди - Япония ва Қатар термалари. Яъни ОК-2019 финалчиларини «Копа Америка» иштирокчилари қаторида кўрдик. КОНМЕБОЛ расмий сайтида бунга оддий изоҳ берилди: «Айнан Япония ва Қатар терма жамоаларини чақирганимиз боиси шуки, ОФК ўз аъзоларининг турниримизда қатнашишига катта қизиқиш билдирди. Қолаверса, бизнинг мақсадимиз футболни бутун дунёда бирдек ривожланишига ҳисса қўшишдир». КОНМЕБОЛ президенти Алехандро Домингес ҳам шу мазмунда гапириб, Осиё футболи билан дўстона алоқалар мустаҳкамланишига умид боғлади. Айтганча, Америка кубоги-2020да энди Қатар ва Австралия термалари иштирок этади - яна ОФК вакиллари.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Блоглар
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Пирлодан Раулгача… Ёхуд аср футболининг омадли битимлари (Penalti.uz блоги)
04:14
Златан иккинчими ёки Александер биринчи? (Penalti.uz блоги)
07:12
Дмитрий Михайлович блогида. Аёллар Суперлигасида медал учун курашлар қизимоқда
07:12