Аччиқ ҳақиқат шуки, футбол тарихига натижалар муҳрланади. Мухлислар ҳам ғолибларни айнан ижобий натижа учун олқишлашади. Аксарият ҳолларда мағлубнинг боши эгик, юзи шувут, кўзида ёш... Начора, барчамиз футболнинг ёзилган ва ёзилмаган қоидаларига бўйсунамиз. Айрим шафқатсизликлар ёки аянчли воқеалар таъсирида ўйин томошаси, унинг завқидан воз кечолмаймиз ахир.

Мухлислар ва мутахассислар бир-бирлари билан баҳслашиб, тортишаверадилар. Футболнинг улкан юраги эса «гурс-гурс» урганча ҳаммани ҳайратлантираверади. Унга мафтун бўлиб, кимдир натижа ортидан қувади, бошқа биров натижадан устун туришга интилади. Ҳар икки ҳолат ҳам футбол ҳаётининг кўзгуси. Бунисиники тўғри, унисиники нотўғри қабилида фикрлаш ва бу борада якуний хулосани баралла айтиш, ўзини ҳақ санаб, ҳакамлик қилиш ярамайди асло.


Футболнинг қолипларга тушмас табиати ҳар қандай билағонни уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Масалан, шахсан ўзимизга «Реал» таркибидаги ёш истеъдодларга кўпроқ ишонч билдирилаётгани маъқул тушаётганди. Федерико Вальверде, Альваро Одриосола, Серхио  Регилон, Винисиус Жуниор каби футболчиларнинг ғайрати ва шашти, кишида бошқача завқ уйғотади, барибир. Афсуски, «Реал» каби гигант жамоа эртанги ёруғ келажагини ўйлаб, бугуннинг шарафига соя сололмайди. Ахир буюклик рутбасини олиш ва бу мартаба - мақомни сақлаб қолиш осон эмас.

Шу маънода айтсак, «Мадрид» учун ҳар доим натижа муҳим. Бу ҳаммага тушунарли, албатта. Савол туғилиши табиий: хўш, қайси жамоа учун натижа аҳамиятсиз? Баҳс туғдирса-да, бу саволга аниқ жавоб қайтармоқчимиз: жорий мавсумда  «Насаф» ва «Бунёдкор»га! Бу икки ёш жамоанинг келажаги порлоқ. Боз устига, уларни Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов каби иззатталаб мураббийлар бошқаришмоқда. Сабр қилсак, келгуси мавсумданоқ «аждарлар» рақиблари дарвозасига голларнинг олов селини пуркашади, «қалдирғочлар» баланд-баланд парвоз айлаб, ғалабалар шукуҳи ила қанот қоқишади.

Эътироф этиш керакки, «Пахтакор» ёшларга тўла ушбу жамоаларни муносиб равишда синовдан ўтказди. Қувонтирадиган томони, «Насаф» ва «Бунёдкор»нинг ёшлари «шерлар»нинг миллий терма жамоамизни эслатувчи таркибидан асло ҳайиқишмади. Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамовнинг ўйинга муносабатлари ҳам кўпчиликка ёқди. Ўйлаймизки, улардаги жанговар кайфият ҳар бир баҳсда баралла кўзга ташланади. Яширишнинг ҳожати йўқ, Миржалол Қосимов, Бахтиёр Ашурматов, Даврон Файзиев, Нўъмон Ҳасанов, Илҳом Мўминжонов, Рўзиқул Бердиев каби бир-бирига синашта собиқ футболчилардан етишиб чиққан мураббийларга авваллари ишончсизлик билан қарардик. Бир оддий хаёл барчамизни безовталантираверади: «Эски танишларнинг ўзаро яқин эканликлари келишилган ўйинларга йўл очади». «

Сўғдиёна» ва «Навбаҳор» ўртасидаги аввалги мавсум баҳсларидан кейин эса шубҳаларимизни қоғозга туширишдан ўзимизни тиёлмагандик. Илҳом Мўминжоновнинг жазолангани ўша шубҳа-гумонлар, хавотир ва безовталикларни тасдиқлади. Унутмайликки, бу чора биргина Илҳом Мўминжоновга тегишли эмас, балки бошқа мураббийларга ҳам огоҳлик тарсакисидир. Зеро, ялпи иллат учун фақат Илҳом Мўминжонов жазоланди. Ҳар қанча оғир бўлмасин, қалб оғриқлари уни яна кучлироқ ишлашга ундайди. Вазият ўзгариши учун футболимиз осмонида чақмоқ чақиши керак эди. Ўша чақмоқ ниҳоят, кўзга ташланди ва бундан Илҳом Мўминжонов жабрланди, бош­қалар эса сергак тортишди. Акс ҳолда, АГМК эҳтимолки, «Қўқон-1912»ни салгина аярмиди? Аямадими, демак, Миржалол Қосимовнинг «йўлбарс»и уйғонибди. Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, Нўъмон Ҳасанов танаффусда рақиб мураббийидан илтимос қилган эмиш: «Бўлди, бошқа гол урманглар!»

Бунинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги мутлақо бошқа масала. Асосий масала эса Миржалол Қосимовнинг футболни ҳаммасидан устун қўйишида, асл моҳиятига қайтишида. Ўтган сафар уни уйғоқликка чорлагандик. 7:1 ҳисоби - мураббийнинг «Бу - мен!» қабилидаги жавоби. Мана, Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов грузиялик Шота Арвеладзега жуда катта иштиёқ билан рақобат туғдиришди, Андрей Канчельскис эса тавбасига таянди. Назаримизда, футболимиз муҳити ичра тозариш даври, ҳалоллик дамлари бошланмоқда, чоғи. Тўғри, бу хусусда баралла сўзлашга ҳали анча эрта. Чунки келишилган ўйинлар ёки бир-бирига ён бериш асоратидан катта ёшли футболчилар ва мураббийларнинг тезда фориғ бўлишлари қийин. Ичларидан нима ўтаётганини уларнинг ўзлари билишади. «Виждон - бу хатодан улғайган азоб!» - дейди таниқли шоир Йўлдош Эшбек «Йиғлаётган қиз» номли машҳур шеърида. Йиғлай-йиғлай йиғига тўйган футболимизнинг оҳу ноласи кўкка етди, бизнингча.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" нашрида ўқийсиз...