Суперлига-2019 киперларига назар... ("ИнтерФутбол" блоги)

Ўзбекистон чемпионати Суперлига биринчи давраси якунида вужудга келган турнир жадвалига қарасангиз, айрим масалалар ойдинлашиб қолгандек. Дарвозабонлар кўрсаткичи таҳлилига ўтишдан олдин айтиш керак, 91та ўйиндан 51тасида ҳар икки тараф гол уриш уддасидан чиқди. Демакки, учрашувларнинг ярмидан кўпида ҳар икки рақиб ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолиш миссиясини бажаролмаган. Умуман олганда, миллий чемпионатнинг биринчи ярмида 14та жамоа жами 30 нафар голкипер хизматидан фойдаланди. Улар орасида 13та ўйинда ҳам тўлиқ вақт ҳаракатланган Жавоҳир Илёсов ҳам, атиги 90 дақиқа ўйнаш имкониятига эга бўлган Нодир Ашурматов ҳам бор. Энди чемпионатимизда жавлон ураётган илғор голкиперлар ҳақида оз-моз суҳбатлашсак.

Жавоҳир Илёсов («Локомотив»). 2015 йилги мавсумда атиги 1та, кейинги икки йили эса тегишлича 18 ва 29та ўйинда «Машъал» шарафини ҳимоя қилган 25 ёшли Жавоҳир жорий чемпионатда барча ўйинларда тўлиқ (алмаштиришсиз) ўйнаётган ягона посбондир. Асли чироқчилик голкипер турнир якунида «темирйўлчилар» билан чемпионликни тантана қилишга ишонади. Айтиш жоиз, Жавоҳир 13та ўйиндан 7тасида гол қўйиб юбормади. Умуман, 1-тур баҳсида 3та гол қабул қилган дарвозабон кейинчалик ишончли ўйин намойиш эта бошлади. Дейлик, 8-10-турлар оралиғида, аниқроғи, 12 майдан 14 июнгача бўлган қаторасига 3та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Вақт ҳисобида айтсак, Жавоҳирнинг қуруқ серияси 348 дақиқани ташкил этади. Эслатиш ўринли, бу серияни «Сурхон» вакили Аббос Махсталиев узиб қўйди. Факт шуки, Жавоҳир Илёсов ҳозирча Суперлига-2019нинг энг узун қуруқ серияси муаллифи бўлиб турибди.

Асилбек Омонов («Сурхон»). Охирги икки мавсумда бинойидек спорт формаси билан ажралиб турган Асилбек жорий мавсумни дебютант - «Сурхон» сафида бошлаган бўлсада, радарлардан йўқолиб қолгани йўқ. Биласиз, Термиз жамоаси янгитдан шакллантирилди, лекин таркибдаги аксарият футболчилар элит лигада етарлича тобланишгани Асилбек Омоновга ҳам қўл келмоқда. Ҳар ҳолда, у рақибларнинг ўта даҳшатли ҳужумларига юз тутгани йўқ. 12та ўйинда -12та гол (шундан 6таси «қуруқ»), 3та сариқ карточка - Асилбекнинг биринчи даврадаги статистикаси ва ўйини «4Қ» баҳога тортади. Лекин унда битта муаммо бор - жамоасини тез-тез алмаштирмоқда. Эҳтимол, бу унинг муаммоси эмасдир, аммо бирор жамоада узоқроқ муддатга қолса яхши бўлармиди?

Ботирали Эргашев («Динамо»).24 ёшли голкипер ҳозирча ўз «планка»сини кўтаролмаяпти. Балки Самарқанд клубининг ҳимоя ва ҳужум чизиғи ўртасидаги боғлиқлик ҳали тўлиқ шаклланмагандир, эҳтимол, Ботиралига чинакамига муносиб рақобатчи йўқлиги салбий таъсир кўрсатаётгандир. Хуллас, у  меъёридан кўпроқ гол қўйиб юбормоқда. Лекин футболчининг ўз принциплари бор. Хусусан, майдонда ҳамиша жонини жабборга беришини кўп бора кузатганмиз. Эргашев янада ўсишни ва миллий жамоамиз дарвозасини қўриқлашни истаса, машғулотларни янги босқичга олиб чиқиши керак. Бунда ҳаттоки, ўзига кучлироқ дарвозабонлар мураббийи ёлласа ҳам майли...

Санжар Қувватов («Пахтакор»). «Шерлар» 1-10-тур доирасидаги ўйинларда 8та ғалаба ва 2та дуранг қайд этишди. Албатта, бу натижада дарвозада ишонч билан турган Санжарнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. У шу 10та учрашувдан 3тасида рақибларга гол уриш имкониятини бергани йўқ. Умуман, 10та баҳсда 8 марта гол қўйиб юборди, холос. Шу статистикасини назарда тутиб айтсак, Қувватов биринчи даврада аъло баҳога лойиқ ўйин кўрсатди. Таркибда Элдор Суюновдек маҳоратли кипер ҳам борлиги эса Санжарнинг фойдасига ишлаши керак. Умуман, «Пахтакор»нинг ички мусобақаларда фаворит сифатида иштирок этаётгани клуб дарвозабонлари зиммасига ҳамиша катта масъулият юклайди.

Ўткир Юсупов («Навбаҳор»). Ўтган мавсум «Қўқон-1912» клубида ишончли ўйнаган ушбу дарвозабон жорий мавсум «Навбаҳор» либосида 3та ўйинни қуруқ ўтказди, шунингдек, 10та гол қўйиб юбориб, 2 марта сариқ карточка олди. Андрей Канчельскис бошлиқ мураббийлар штаби ўйин тактикаси ва маромини бузмаслик учун Ўткирга кўпроқ амалиёт тақдим этди, шекилли. Янги мураббий Деян Журжевич ҳам иккинчи  давра яна Юсуповга ишонч билдирса керак. Зеро, унга жиддий эътироз йўқ.

Александр Лобанов («Металлург»). 27 апрель куни «Металлург» ўз майдонида «Қўқон-1912» билан куч синашиб, ўта муҳим ғалабани қўлга киритди. Бу ютуқда айниқса, собиқ «пахтакорчи»нинг ҳиссаси катта бўлди. Хуллас, мураббийлар ўша баҳсдан кейин давра якунигача фақат Александрга ишонч билдиришди. Лобанов бунга жавобан 2та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, қолаверса, бирор баҳсда 2тадан ортиқ гол қўйиб юбормади. Хуллас, Лобанов энди кўпчилик кутганидек, ўз ўрнини Зафар Сафоевга бериб қўймаса керак. Бинобарин, Саша кучли рақобатга тайёрдек таассурот уйғотяпти.

Милан Митрович «Сўғдиёна». Яқин тарихда Ўзбекистон чемпионатида легионер дарвозабонлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилганди. Жорий мавсум эса 4 нафар легионер киперни амалда кўришга улгурдик. Улар орасида «Сўғдиёна»нинг сербиялик 28 ёшли  вакили Милан Митрович бироз ажралиб турибди. ҳа, у 10та ўйинда нисбатан кўп гол қабул қилди (16та). Лекин бунда жамоа бош мураббийининг ўзгариши, натижа учун масъул таркиб ишончни ҳар доим оқламагани ва бошқа омиллар таъсири ҳам бор.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Блоглар
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна Роналдунинг турмуш тарзидан “ҳикоя”ча ("ИнтерФутбол" блоги)
05:55
Дмитрий Михайлович блогида. Келишув куни
03:52
Дмитрий Михайлович блогида. ОФК Чемпионлар лигаси ўйини олдидан клуб рейтингларига назар ташлаймиз
05:15
Дмитрий Михайлович блогида. Аёллар футболининг 2019 йил охиригача бўлган тақвими
07:27