УЕФА Миллатлар лигаси мусобақасининг ярим финалидан ўрин олган Голландия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. “Афонсу Энрикеш” стадионида бўлиб ўтган ўйинда Голландиянинг қўли баланд келди.

Учрашув ўртача темп ва тенг курашлар остида бошланди. Ҳужумлар ташкил қилишда голландлар устунлик қилган бўлсаларда биринчи бўлиб гол уриш инглизларга насиб этди.

32-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда Маттейс де Лигт ўз жарима майдони ёнида қўпол хатога йўл қўйди, бунинг натижасида Маркус Рэшфорд олдинга ўтиб кетди. Де Лигт уни қўполлик билан тўхтатиб қолишга мажбур бўлди. 11 метрлик жарима зарбасини Рэшфорднинг ўзи аниқ амалга оширди.

Биринчи бўлимда ва иккинчисининг дастлабки ярмида Голландия футболчилари ҳужумда яхши ҳаракат қила олишмади. Англия термаси ҳимояда яхши ҳаракат қилди, шунингдек, номинал мезбонларга сўнгги зарбалардаги аниқлик етишмади.

73-дақиқада голландлар стандард вазиятни голга айлантиришди. Бурчакдан узатилган тўпни де Лигт боши билан дарвозага жойлаб, хатосини “ювди”.

Сўнгги дақиқаларда икки жамоа ҳам фаоллашишди ва галма-гал хавфли ҳужумларни яратишди. Бироқ қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди.

Қўшимча бўлимни Голландия термаси ҳужумкор руҳда бошлади ва бу ўз самарасини бермай қолмади. 97-дақиқада Жон Стоунс ҳимояда қўпол хатога йўл қўйди, ундан тўпни олиб қўйган Мемфис Депай бўш қолган дарвоза томон зарба берди, бироқ уни Жордан Пикфорд қайтариб қолди. Қайтган тўпга Квинси Промес етиб келди, унинг зарбасидан сўнг тўп Кайл Уокерга тегиб дарвозадан жой олди.

114-дақиқада инглизлар яна ҳимояда хатога йўл қўйишди, бу сафар Рос Барклининг хатоси голга олиб келди. Депайнинг узатмасидан сўнг Промес бўш қолган дарвозага тўпни жойлаб қўйди.

Шу тариқа, Голландия финалга йўл олди ва ғолиблик учун Португалия билан ўйнайди. Мазкур ўйин 9 июнь куни бўлиб ўтади.

Ушбу учрашувда киритилган голларни UFF.uz Media каналида томоша қилишингиз мумкин.

Миллатлар лигаси
Ярим финал

Голландия – Англия 3:1 (0:1, 1:0, 1:0, 1:0)

Голлар: 0:1 – 32, пенальти Рэшфорд, 1:1 – 73 де Лигт, 2:1 – 97, автогол Уокер, 3:1 – 114 Промес.

Голландия – Силлессен, де Лигт, Блинд, Думфрис, ван Дейк, Депай, де Рон (ван де Бек, 68), Бергвейн (Проппер, 90), Вейналдум, Бабел (Промес, 68), де Йонг (Стротман, 114).

Англия – Пикфорд, Райс (Алли, 105), Магуайр, Стоунз, Делф (Хендерсон, 77), Стерлинг, Баркли, Уокер, Санчо (Лингард, 61), Чилуэлл, Рэшфорд (Кейн, 46).

Огоҳлантиришлар: де Лигт (30), Думфрис (44), Кейн (70), ван де Бек (106).

***

Де Лигтнинг голини томоша қилинг: