Ўзбекистон - КХДР учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Эртага бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – КХДР терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини олдидан матбуот анжумани ташкил қилинди. Матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Юн Чон Су иштирок этди.
 
“Биз Осиё Кубогидан кейин таркибдаги кўп футболчиларни алмаштирдик. Жамоани янгитдан барпо қиляпмиз. Ўзбекистонга қарши ўйинга фақат маҳаллий футболчиларни олиб келдик. Легионерларни бу ўйинга чақирмадик. Биз ўртоқлик ўйинлари орқали янги футболчиларни синаб кўрмоқчимиз. 
Тўғри, Осиё Кубогидан кейин бирорта ўйин ўтказганимиз йўқ. Сабаби юқорида таъкидлаб ўтганимдек, жамоада авлодлар алмашуви кетмоқда. Шу сабабли жамоа асосини йиғиб олгунча ўртоқлик ўйинлари ташкил қилмадик.
 
Эртага янгиланаётган жамоа билан ўйин ўтказамиз. Мақсадимиз Жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятли иштирок этиш. Эртага биз учун натижа муҳим эмас. Биз кўпроқ ўйинимизни шакллантириш устида иш олиб борамиз. Ўз олдимизга қўйган вазифани уддалаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз”, - деди Юн Чон Су.

 
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер иштирок этди. У журналистлар саволларига жавоб беришдан олдин дастлаб мухлисларга мурожаат қилди.
 
“Футбол мухлислари доимо жамоадан ижобий натижа талаб қилишади. Бу табиий ҳол. Бутун дунёда шундай.  Агар натижа яхши бўлса, жамоани мақташади. Агар ютқазиб қўйилса, ҳамма танқид қилишга тушади. Буни мен тўғри тушунаман. Лекин сизлар ҳам бир нарсани тўғри тушунишингизни истайман. Биз ФИФА рейтингида юқори ўринларда бораётган терма жамоалар билан ўйнашга ҳаракат қилмоқдамиз. Март ойида Уругвай билан ўйнадик. Улар ФИФА рейтингида 7-ўринда боришаётганди. Яқинда Туркияга қарши баҳс олиб бордик. Бу жамоанинг савияси ҳам юқори. Биз ЎФАдан атайлаб мана шундай кучли жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари ташкил қилишни сўрамоқдамиз. Сабаби бу каби ўйинларда камчиликларимизни кўриб олиш, хатоларни таҳлил қилиш имконияти мавжуд. Агар истасангиз ФИФА рейтингида 70-90 ўринлар орасидаги жамоалар билан ўйнаб юраверамиз. Бундай ўйинларда натижалар Сиз кутгандек ижобий бўлади. Лекин биз бунда ўзимизни алдаб юрган бўламиз.  Сентябрда бизни расмий ўйинлар кутиб турибди. Ана ўша ўйинларга қадар биз хатоларимизни кўриб, таҳлил қилиб олишимиз керак. Шу сабабли ўртоқлик ўйинларидаги натижаларга жиддий аҳамият қаратиш керак эмас. Биз ўзимиз тузган дастур асосида ҳаракатланяпмиз. Режа асосида олдинга интилмоқдамиз. Мен учун энг муҳими жамоада ўзгариш бор. Жамоа аъзоларининг кайфияти яхши. Улар олдимизга қўйилган вазифани уддалай олишимизга ишонишмоқда”,  - деди Купер.
 
Шундан сўнг Купер журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
 
“Биз ўртоқлик ўйинлари орқали ҳимояда тартиб ўрнатишга ҳаракат қиляпмиз. Туркияга қарши ўйинда атиги учта хатога йўл қўйдик. Иккита голни стандарт вазиятдан ўтказиб юбордик. Бу ҳозирча бизнинг асосий камчилигимиз бўлиб турибди. Бу камчиликни бартараф этиш йўлида иш олиб бормоқдамиз. Туркияга қарши ўйиндан қониқиш ҳосил қилганимни айтиб ўтдим. Бу ўйинда баъзи футболчилар дебют ўйинларини ўтказишди. Шунга қарамай, улар ўзларини йўқотиб қўйишмади. Таркибга янги жалб қилинган футболчиларнинг ўйинидан қониқдим. Яна менга ёққан баъзи жиҳатлар бор. Лекин ҳозир булар ҳақида гапириб ўтирмоқчи эмасман. 

Терма жамоага қайсидир футболчи жалб қилинмаса, бу жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлади. Биз барча футболчиларни кузатиб бормоқдамиз. Ҳаттоки, Германиянинг учинчи дивизионида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи ҳақида ҳам биламиз. Аммо ҳозирча ҳамма футболчини таркибга жалб қилишнинг иложиси йўқ. Терма жамоага ҳамиша энг муносибларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз”, - деди Купер.

Ўқилган: 3085
КХДР терма жамоаси Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ўртоқлик учрашувлари Эктор Купер

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича