Европа Чемпионлар лигаси. Бугун Мадридда инглизча финал бўлади

Европада мавсумнинг сўнгги ва ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтади. Бугун Европа Чемпионлар лигаси финалида иккита инглиз клуби ўзаро баҳсга киришади.

2018/19 мавсумда Англия клублари еврокубокларда ўз устунликларини намойиш қилишди. “Челси” ва “Арсенал” жамоалари Европа Лигасида финалида ўйнаган бўлсалар, “Ливерпуль” ва “Тоттенхэм” ЕЧЛ ғолиблиги учун курашишади.

Мазкур босқичга қадар етиб келиш икки жамоа учун ҳам осон бўлмади. Турнир аввалига қарасак, бу икки клуб ҳам гуруҳ босқичидаёқ ўз юришини тўхтатиши мумкин эди.

“Тақачилар” “Барселона”, “Интер” ва “ПСВ” каби кучли жамоалар билан бир гуруҳдан ўрин эгаллашди. Илк уч турда лондонликлар бор-йўғи бир очко тўплай олишди. Ҳал қилувчи ўйинларда “Тоттенхэм” “Уэмбли”да миланликлар ва голландларни мағлуб эта олди, бироқ бу ҳам иккинчи ўрин учун камлик қиларди... Сўнгги тур олдидан гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаш учун инглиз клуби “Камп Ноу”да ғалабага эришиши керак эди, бироқ “Тоттенхэм” бу ўйинда дуранг қайд этди. Омадни қаранг-ки, параллел баҳсда “Интер” ўз уйида “ПСВ”ни мағлуб эта олмади.

“Ливерпуль” эса “ПСЖ”, “Наполи” ва “Црвена Звезда” билан бир гуруҳдан жой олди. Юрген Клопп шогирдлари сафардаги барча ўйинларда мағлуб бўлишди ва сўнгги тур олдидан қийин аҳволда қолишди. Жамоа “Энфилд”да “Наполи”ни қабул қилди, меҳмонларни дуранг натижа ҳам қониқтирар эди. Бироқ мерсисайдлар минимал ҳисоб билан ғалабага эришиб плей-оффга йўл олишди.

Мазкур жамоалар иштирокидаги плей-офф ўйинларини кўпчилик ҳали узоқ йиллар мобайнида эслаб юрса керак.

“Тоттенхэм” чорак финалда таркибдаги жиддий йўқотишларга қарамай “Манчестер Сити”ни таслим эта олди. Сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган голнинг VAR орқали бекор қилинши, Пеп Гвардиоланинг эмоциялари – ҳар куни дуч келавермайдиган манзара. Ярим финалда эса “Аякс” супер камбэк эвазига доғда қолдирилди. Ўзаро ўйинларда тўртта таймнинг учтасида ўйинни назорат қилган амстердамликлар ҳал қилувчи бўлимни лондонликларга бой бериб қўйишди. Лукас Моура сўнгги сонияларда гол уриб, яна суперэмоцияларни тақдим этди.

“Ливерпуль” ва “Барселона” ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам футбол тарихини безайдиган учрашув бўлди. “Камп Ноу”да 0:3 ҳисобида ютқазган қизиллар “Энфилд”да мўжиза кўрсатишди. Дивок Оригининг сўнгги голи нафақат Каталонияни, балки, бутун дунёни шокка тушурди.

Хуллас мазкур беллашувда зерикиб қолмаслигимиз аниқ. Умид қиламизки, Мадридда бўлиб ўтадиган финал футбол тарихидаги яна бир классикага айланади.

Европа Чемпионлар лигаси
Финал

“Тоттенхэм” – “Ливерпуль”

00:00, Мадрид, “Ванда Метрополитано”

Европа Чемпионлар лигаси Ливерпуль Тоттенхэм
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Эрнесто Вальверде: Месси ҳар доим ўзини кўрсатиши билардик
07:21
Ван Дейк ЕЧЛда ҳафта футболчиси номига сазовор бўлди
15:57
Оле-Гуннар Сульшер: Ҳозир "Барса"нинг даражаси "МЮ"дан баланд. Биз улардек ўйнашимиз керак
07:35
Тен Хаг “Тоттенхэм” билан ўйин ҳақида: “Аякс” ҳар доим аутсайдер ҳисобланади. Аммо...
17:29