Олий лигани Суперлигага айлантирган ЎзПФЛнинг фаолияти ҳақида икки оғиз. Иккинчи қисм

Имзоланган ҳомийлик шартномаларидан пул ишлаб топа бошлаган ЎзПФЛ секин-аста клублар ҳаражатларининг бир қисмини ўз бўйнига ола бошлади. Мана бу жиҳат кишини хурсанд этади, албатта. Эндиликда ҳакам ва клуб ўртасида тўғридан-тўғри алоқа бўлишини бартараф этиш мақсадида ЎзПФЛ ҳакам, назоратчи ва комиссарларнинг ҳаражатларини ўз бўйнига олди. Илгари ҳамиша ҳакамларнинг йўл ҳаражатларини қоплаш, уларнинг борган шаҳрида ётоқ-жой билан таъминлаш мезбон клуб зиммасида бўлиб келган. Ҳакам истайдими ёки йўқми клуб билан тўғридан-тўғри алоқага чиққан. Ҳозирда эса бунга асло йўл қўйилаётгани йўқ, яъни ҳакамнинг барча ҳаражатларини ЎзПФЛ қопламоқда ва ҳакамдан фақат ўйинга бориб, уни ҳалол ўтказиб келиш талаб этилмоқда холос.

Шунингдек, футболимиз жамоатчилиги ҳамиша ички чемпионатда рақобат ошиши ва ўйинчиларда ўйин амалиёти кўпроқ бўлиши учун лигалар сони ортишини истаб келган. Сўнгги икки йил ичида Суперлига билан бир қаторда Пролига иккита лигага ажратилди. U-21 Биринчилигидан ташқари U-18 чемпионати ҳам ўтказила бошланди. Ўзбекистон кубоги билан бир қаторда энди жамоалар Ўзбекистон Лига кубогида ҳам ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боришади.

Бу борада ҳам ПФЛ биз узоқ вақт кутган ишлар бўйича олдинга қадам ташлай бошлади.

Яна бир оғриқли жиҳат ҳақида гапириб ўтмай илож йўқ. Мухлис-у мутахассислар ҳамиша ички чемпионатимиз ўйинлари трансляцияси яхшиланиши, иложи борича кўпроқ ўйинлар ойнаи-жаҳон орқали намойиш этилишини орзу қилишган.

Мана иккинчи мавсумдирки, Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларининг деяли барчаси Спорт телеканали орқали намойиш этилмоқда. ТВ билан ҳам ҳамкорликни кучайтиришга интилиб, ЎзПФЛ Спорт ТВга ҳам кўмак кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Натижада аксарият ўйинлар жонли эфирда намойиш этиляпти.

Шунингдек, ЎзПФЛ томонидан амалга оширилган яна бир яхши ташаббус – ТВ орқали жамоалар таркиби таништирилишида ўйинчиларнинг худди Европа миллий чемпионатларидаги каби ҳаракатланган ҳолда чиқиб келишининг татбиқ этилиши бўлди. Бунинг учун ташкилот матбуот хизмати мавсум олдидан барча клубларни йиғган ҳолда фотосессия ташкил этилди. Бу миллий футболимиз тарихида илк бора амалга оширилгани мақтовга лойиқ.

ЎзПФЛнинг айни пайтдаги раҳбарияти ўз чиқишларида кўп бора барча амалга оширилаётган ишлар – стадионга мухлисларни қайтариш, жамоатчиликнинг миллий чемпионатимизга бўлган қизиқишини орттириш учун қилинмоқда деб бот-бот таъкидламоқда.

Амалга оширилган ишларга эътибор бериб қарайдиган бўлсак, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мухлислар учун бир қатор лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга улгурганига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, илгари шунчаки оддий мухлис деб қаралган жамоалар фан-клублари раҳбарлари эндиликда клубларда штат асосида ишлай бошлашди. Мухлислар учун стадионларда қатор янгиликлар қилинди. Клублар ўз дўконларини очишди. Ҳар бир клуб ўз мадҳия ва маскотини яратди. Ўйинлардан олдин ва танаффус вақтида стадионларда жамоаларнинг мадҳиялари қўйила бошланди.

Яна бир диққатга молик жиҳат шундаки, ЎзПФЛ ўз собиқ футболчиси ёки мураббийлари олдида қарздорлиги бор клублар билан жиддий шуғуллана бошлади. Бунинг натижасида клублар ўз футболчи ва мураббийлари олдидаги қарздорликларини уза бошлашди. Аввалгидек ўйинчига берилмаган маош ёки мукофот пули клуб томонидан йиллар давомида чўзиб юрилишига йўл қўйилмаяпти. Бу иш фақат ва фақат тақсинга сазовор.  
Ўзи пул ишлаб топа бошлаган ЎзПФЛ ҳар бир клуб футболчиси учун мавсум аввалида суғурта пулини тўлаб берди. Қолаверса, ушбу йилдан эътиборан аёллар жамоалари учун бадал пулидан воз кечилди. Яна бир диққатга сазовор жиҳат сифатида эса клубларга ўтган мавсумда мусобақа жадвалида эгаллаган ўрнига қараб мукофот пуллари берила бошланганини таъкидлаш жоиз. Профессионал футбол лигаси ўз олдидаги мажбуриятларни бажарган клублар ҳисоб рақамларига ўтган мавсум учун мукофот пулларини ўтказиб берди.

Ҳомийлар билан ишлашни йўлга қўйган, мухлислар учун қулайликлар яратишга ҳаракат қилаётган ЎзПФЛ шунингдек, ўзига янги жиҳатларни ўзлаштириш, жаҳондаги етакчи лигалардан янгиликларни ўрганиш масаласида ҳам олдинга қадамлар ташлай бошлади. Ўзининг ислоҳотларга мойил экани, янги ташаббус ва лойиҳаларни қўрқмай амалга ошира олишини кўрсатаётган ЎзПФЛ бу жараёндаги ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам ҳамон мавжуд эканини яширмаяпти. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, кадрлар салоҳияти ва билимини ошириш, замонавий футболдаги жиҳатларни ўзлаштириш мақсадида ЎзПФЛ бир қатор кучли лигалалар билан ҳамкорлик қила бошлади. Испания Ла Лигаси, Япония Жей-лигаси, Голландия ва Португалия лигалари билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлангани натижасида клублар ҳодимлари хориж мамлакатларига семинар ва малака оширишга, етакчи лигалар тажрибаларини ўрганишга юборила бошланди.

Бу эса ўз навбатида миллий чемпионатимизнинг йиллар давомида тебранмай ётган томирларига “янги қон” қуйила бошланганидан далолат бериб турибди. ЎзПФЛ фаолияти 2008 йилда ташкил этилганидан буён кўп бора танқид қилиб келинади. Билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳамиша асосли бўлиб келган.

Ҳозирги пайтда ҳам ташкилот томон танқидий фикрлар билдириб турилибди. Лекин обьектив баҳо берадиган бўлсак, камчиликлари етарли бўлса-да ҳозирги ЎзПФЛ қисқа муддат ичида анча салмоқли ишларни амалга оширишга улгурди. Йиллар давомида биз орзу қилган қатор ишлар амалга оширилмоқда, чемпионат ташкилотчилиги ва ўйинлар трансляцияси ҳамда сифати анча ўсганини бугунги кунда барчамиз кўриб турибмиз.  
ЎзПФЛ охирги пайтларда ўзига ҳам, клубларга ҳам талабчанликни оширди. Ташкилотчилик жиҳатидан ўз ишини йўлга қўйиб олиб, эндиликда ўйин сифатини оширишга ҳам эътибор бера бошлади. Ҳозирда ўйинчиларнинг спорт формасини доим барқарор ушлаш бўйича клубларнинг жисмоний тайёргарлик борасидаги фаолияти текшириб борилади. Аслида лига бу ишга масъул эмас. Бутун дунёда жамоалар мураббийлари ўз ўйинчилари жисмоний тайёргарлигига жавоб беради. Лекин ички чемпионатимиз савиясини кўтариш, ўйинларнинг томошабоплигини ошириш учун ЎзПФЛ бу борада ҳам клубларга тавсия ва кўмак беришга уринмоқда.
Ажаб эмас, ташкилий жиҳатдан анча олдинга қадам ташлай олган чемпионатимиз учрашувлари ўйиннинг қизиқлиги ва рақобат борасида ҳам яқин вақт ичида янги даражага кўтарилса…

Фото манбаси: pakhtakor.uz

Ўқилган: 2852
ПФЛ фаолиятига доир Таҳлилий мақолалар Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича