Ўтган мавсум охирларига келиб «Навбаҳор» жамоасида мураббий ўзгарди: Илҳом Мўминжонов ўрнини Андрей Канчельскис эгаллади. Айни пайт россиялик мутахассис ёмон ишламаяпти, натижалар секин-аста ижобий кўриниш олмоқда. Наманган жамоасида қисқа муддат ишлаб, муваффақиятга эришолмаган мутахассислар ҳам йўқ эмас. Зеро, футболсевар ва талабчан мухлислари бор клубда ишлаш осонмас. Ўз вақтида тезкор ҳаракатлари билан «Навбаҳор» ишқибозларини қувонтирган Рашид Ғофуров шундай мураббийлар сирасидан. Яқинда ушбу мутахассис билан учрашиб, интервью олдик.

- Рашид ака, «Навбаҳор»даги мураббийлик фаолиятингиздан сўнг сизни бошқа катта футболда кўрмадик...

- Тўғри айтасиз. Бундай воқеалардан кейин футболдан совиб кетаркансиз. 2016 йили «Навбаҳор»да иш бошлаганимда мураббийларга бўлган талаб ва шартлар янада кучайди. Биринчи йил фаолиятини бошлаган инсон бирданига синиб қолса, бу жуда катта руҳий зарба бўлади. Шахсан мен буни бошимдан ўтказдим. Кўпчилик билади, Наманганда ишлаш осон эмас. Босим кучли, мухлислар ўта талабчан, улар ҳар бир ўйинда ғалабани исташади. Клубга ҳар йили янги футболчи ёки мураббий келишига ўрганиб қолишган. Янгиликни яхши кўришади. Пешонада шундай бўлиши ёзилган экан, нима ҳам дердим. Кейинчалик таклифлар бўлмади, деёлмайман, ўзим ишлаган «Бунёдкор» академиясига чақиришди. Аммо ўзимда хоҳиш бўлмагани учун ҳозирча катта футболга қайтиш ниятим йўқ.

- Наманганда қисқа муддат ишлаган бўлсангизда, кўплаб футболчиларнинг катта футболга қадам қўйишида кўмаклашдингиз. Дейлик, Азиз Турғунбоев, Сардор Азимов... Бундан кўнглингиз тўлдими?

- Ўша пайт Азизни биринчи мураббийлари менга таклиф қилишди. Уни олдиндан кузатиб юрардим. Машғулотлар жараёнида ҳам ўзини кўрсатишга интиларди. Мураббийнинг тавсияси билан аста-секин жамоага қўшдик, аввал ёшлар лигасида имкон бердик, сўнг асосий таркибга жалб эта бошладик. Уни ёш деб ҳам бўлмасди, чунки аллақачон 22 ёшга кириб бўлганди. Биласиз, бу футболчининг айни гуллаган вақти бўлади. Кейинчалик Азиз жамоанинг тўлақонли етакчисига айланди. Сардор Азимов билан Нодир Мавлоновга ўзим устозлик қилганман. Бу йигитларнинг бошқалардан фарқи - мактаб кўришган, «Бунёдкор» академиясида футбол сир-асрорларини ўрганишган. Кўплаб мусобақалар, турнирларда чиниқишган, шунинг учун улар ўйинлар пайти ортиқча босимни ҳис қилишмади. Четдан қараганларга футболчининг имкониятлари яққол кўринмаслиги мумкиндир, бироқ уни ёшлигидан тарбиялаган инсон шогирдининг нималарга қодирлигини яхши билади.

- «Навбаҳор»дан кетишингизга нима сабаб бўлган?

- Биздан ютқазсак ҳам чиройли ўйин кўрсатиш талаб этилди. Ҳақиқатан ҳам жамоам мазмунли футбол кўрсатарди, лекин натижа бўлмасди. «Навбаҳор»дан кетганимдан кейин амин бўлдимки, натижа доимо биринчи ўринда турар экан. Чиройли ўйин эса аҳамиятини йўқотаркан. Агарда ўша таркиб ва мураббийлар штабига охиригача имконият берилганида, иккинчи йил натижа буткул бошқача бўларди. Жамоамизда ёмон футболчилар йиғилмаганди - Голбанни Қўқондаги ўйинлари орқали билардим, иккинчи даврада у «Насаф»га йўл олди, жамоаси ғалабаларига озми-кўпми муносиб ҳисса қўшди. Павленко «Сурхон»да ёмон ўйнамади. «Навбаҳор»га бош мураббий сифатида келганимда, аксарият футболчилар ўзларига янги жамоа топиб бўлишганди, қисқа вақт ичида яхши ўйинчи топиш қийин. Шундай бўлсада, легионерлар билан маҳаллий йигитларни умумлаштириб, жамоа тузишга ҳаракат қилдик.

- Ўша мавсум бошида «Навбаҳор»нинг 1996 йилдаги чемпионлигига бағишлаб тадбир ўтказилганди. Бу ташаббус жамоага руҳий кўтаринкилик улашганмиди?

- Дарҳақиқат, «Навбаҳор» олий лигада чемпион бўлганлигининг 20 йиллик юбилейини нишонлаш мақсадида, ўша таркибда тўп сурган футболчилар - Эдуард Мамотов, Дмитрий Башкевич, Дмитрий Батинков, Фарҳод Магометов каби афсоналарни йиғиб, ўзига хос учрашув ташкиллаштиргандик. Уларнинг гуллаган даврида мен энди етишиб чиқаётган ёш футболчи эдим. Янги раҳбарият билан мавсумни шу руҳда бошлашни ният қилгандик. Бу ҳам бир эсдалик бўлиб қолди, чунки кейинги йили ўша жамоа таркибида тўп сурган Тоҳир Мадраҳимов оламдан ўтди.

- Терма жамоадаги дебютингиз қайси мураббий даврига тўғри келганди?

- Дастлаб Убиража Вега Да Силва «Навбаҳор»даги ўйинларимни кузатиб, 1998 йилги Осиё ўйинлари олдидан мени якуний таркибга киритганди. Очиғи, кутмагандим, чунки рақобат кучли эди. Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Сергей Лебедев, Степан Атоянлар билан ёнма-ён тўп суриш бахт эди.

- «Мердека кубоги»дан қандай хотиралар қолган?

- Ушбу турнир Малайзияда ўтказилганди, унда яхши савиядаги жамоалар йиғилганди. Босния яққол фаворит бўлсада, биз финалда улардан устун келганмиз. Бахтиёр Ҳамидуллаев сўнгги сонияларда тўп киритиб, ғалаба келтирганди. Аммо Сальков ўша мусобақада қатнашган йигитларга бошқа ишонч билдирмади. Баҳодир Сейткамолов, Баҳодир Аннаматов, Анвар Бердиев кабиларни шу турнир кашф қилиб берди. Сальков қаттиққўл мураббий эди. Георгиев, Дионисевлар қисқа вақт тўп суришди. Маминов, Пашининларнинг қайсидир маънода фойдалари тегди. Поляков тажрибали дарвозабон бўлсада, рақобатда ютқазиб қўярди. Нимаики қилинган бўлса, бари ўзбек футболи ривожи учун эди.

- Ҳаётингизнинг кейинги қисмини «Бунёдкор» билан боғладингиз... Фаолиятингизни Наманганда тугатиш ниятингиз бормиди?

- Ҳа, албатта. Буни чин дилдан хоҳлардим. Аммо 2004 йили Раҳим Қурбонмамедов бош мураббий этиб тайинлангач, кўпгина жамоадошларим билан бирга «Машъал»га йўл олдик. Хайрулла Каримов, Жасур Ҳасанов, Шуҳрат Мирхолдиршоев шулар жумласидан. «Газчилар»ни бизга яхши таниш Виктор Жалилов бошқаргани сабабли янги жамоага мослашиш қийин кечмади, маълум ютуқларга эришдик. Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этдик. Бу орада Ўзбекистонда яна бир қудратли клуб - «Қурувчи»га асос солинди. Мазкур жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйганди. Хуллас, маҳоратли жамоадошларим билан пойтахтга кўчиб ўтдик. Олий лигада илк марта қатнашганимизга қарамасдан, кумуш медалга эга чиқдик ва кубок финалига етиб бордик.

Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL газетасида ўқишингиз мумкин