
Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги тури старт олади. Бугун “Пахтакор” ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушади.
Шота Арвеладзе шогирдлари Жиддада “Ал Аҳли” меҳмони бўлишади. Мазкур учрашувда вакилларимизни дуранг натижа ҳам қониқтиради. Саудияликлар кейинги босқичга чиқмоқчи бўлишса, фақат ғалаба қозонишларига тўғри келади.
Агар “Пахтакор” ғалаба ғозонгудек бўлса, у ҳолда гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритиш эҳтимоли ҳам бўлади. Бунинг учун “Ас Садд” Теҳронда мағлуб бўлишига тўғри келади.
Гуруҳнинг бошқа ўйинида плей-офф масаласини муддатидан аввал ҳал қилиб қўйган “Ас Садд” ва гуруҳда қолиб кетган “Персеполис” тўқнаш келишади. Ўтган мавсумги финалчи кутилмаганда гуруҳ аутсайдерига айланди, бироқ форслар ўз майдонларидаги сўнгги баҳсда мухлислар учун чиройли ўйин кўрсатишлари кутилмоқда.
Шунингдек, бугун С гуруҳидаги ўйинлар ҳам бўлиб ўтади. Пешқадамлар “Ад Дуҳайл” ва “Ал Ҳилол” жамоалари Қатарда ўзаро баҳс юритишади. Амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган бу ўйин шунчаки расмиятчилик учун ўтказилади. Чунки саудияликлар “Дуҳайл”ни тўрт очкога ортда қолдиришмоқда. Ўз навбатида қатарликлар ҳам гуруҳ масаласини ўтган турда ҳал қилиб бўлишди.
Иккинчи ўйинда гуруҳда қолиб кетган “Ал Айн” ва “Истиқлол” жамоалари ўзаро басҳ юритишади.
Фото: t.me/Pakhtakor_FC