Европа Лигаси ярим финал жавоб баҳсидан ўрин олган "Валенсия" – "Арсенал" учрашуви ўз ниҳоясига етди. "Месталья" стадионида бўлиб ўтган баҳсда меҳмонларнинг қўли баланд келди.

Учрашув дебюти мезбонлар учун омадли келди, 11-дақиқада испанлар тезкор ҳужумни голга айлантиришди. Гонсалу Гедеш чап қанотдан тезлик олиб олдинга ўтди ва Родригони тўп билан таъминлади, унинг узатмасидан кейин Кевин Гамейро бўш қолган дарвозани аниқ нишонга олди.

Орадан кўп вақт ўтмай меҳмонлар бунга жавоб қайтаришди, Петр Чехнинг узатмасидан сўнг тўп ҳимоячиларга тегиб Пьер-Эмерик Обамеянгга келиб тушди, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган габонлик футболчи зарбада адашмади.

"Арсенал" футболчилари иккинчи бўлим дебютида тезкор гол уришди, Лукас Торрейранинг узатмасидан сўнг Александр Ляказетт жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олди ва ҳимоячиларни алдаб ўтган ҳолда дарвозани ишғол қилди.

58-дақиқада мезбонларнинг чиройли комбинациясини Гамейро гол билан якунлади. Бироқ 69-дақиқада "тўпчилар" яна олдинга ўтиб олишди, ўнг қанотдан узатилган тўпни Обамеянг дарвозага тўғирлаб юбориб, жамоасининг учинчи тўпини киритди. 88-дақиқада Обамеянг ўйинга нуқта қўйган голга муаллиф бўлди

Шу тариқа, "Арсенал" икки ўйинда ҳам ғалаба қозониб, Европа Лигаси финалига йўл олди.

Европа Лигаси
1/2 финал, жавоб баҳси
Валенсия Испания – Арсенал Англия 2:4 (1:1, 1:3)
Голлар: 1:0 – 11 Гамейро, 1:1 – 17 Обамеянг, 1:2 – 50 Ляказетт, 2:2 – 58 Гамейро, 2:3 – 69 Обамеянг, 2:4 – 88 Обамеянг.
Валенсия – Нето, Гарай, Гайя, Пиччини (Солер, 56), Габриэл, Васс, Парехо, Коклен, Гедеш (Ферран Торрес, 71), Родриго (Санти Мина, 72), Гамейро.
Арсенал – Чех, Косьельни, Монреаль, Колашинац (Мустафи, 71), Папастатопулос, Торрейра, Мэйтленд-Найлз, Жака, Ўзил (Мхитарян, 62), Ляказетт, Обамеянг.
Огоҳлантиришлар: Гарай (38), Гайя (43), Ўзил (62).
Илк ўйин – 1:3

***

Учрашув статистикаси билан танишинг:

валенсия арсенал статистика

***

Тезкор футбол хабарларини UFF.uz расмий Телеграм каналида кузатиб боринг!

***

Обамеянгнинг биринчи голини томоша қилинг: