Бугун Европа Лигаси мусобақаси ярим финалида жавоб ўйинлари бўлиб ўтади.
“Валенсия” клуби ўз майдонида “Арсенал”ни қабул қилади. Лондондаги учрашув 3:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганди. Испанлар кейинги босқчига чиқиш учун ўз дарвозалари даҳлсизлигини сақлаб қолган ҳолда камида иккита гол уришларига тўғри келади.
Айни дамда икки жамоанинг ҳам миллий чемпионатдаги вазиятлари жуда ўхшаш. “Арсенал” ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўриндан деярли маҳрум бўлган бўлса, “Валенсия” ҳам кетма-кет очко йўқотиб бешинчи ўринга тушиб қолди. Хуллас, мазкур қарама-қаршиликда икки жамоа ҳам максимал куч билан ҳаракат қилиши аниқ. Айниқса "тўпчилар" бор эътиборлари айнан мана шу мусобақага қаратилганини яшириб ўтиришмаяпти.
Иккинчи ярим финал эса Лондонда кечади. Унда “Челси” клуби “Айнтрахт”ни қабул қилади. Франкфуртдаги ўйинда жамоалар муроса йўлини танлашганди (1:1).
Бу ўйинга кўклар жуда кўтаринки кайфиятда етиб келишди, жамоа АПЛнинг ортда қолган турида ЕЧЛга йўлланма берувчи ўринни нақд қилиб қўйди ва энди бор эътиборини соврин ютишга қаратиши мумкин.
Немисларда эса буткул тескари ҳолат, “бургутлар” Бундеслиганинг ўтган турида турнир жадвалидаги принциппиал рақиблари бўлмиш “Байер”дан 1:6 ҳисобидаги қахшатқич мағлубиятни қабул қилиб олишди ва тўртинчи ўрин масаласини сўроқ остига тушириб қўйишди.
Бироқ жазавада турган “Айнтрахт” бу баҳсда борини бериб ҳаракат қилиши мумкин. Ўз навбатида “Челси”нинг ҳотиржамлиги ҳам панд бериб қўйиши мумкин. Қисқа қилиб айтганда, “Стемфорд Бридж”даги учрашув мухлисларни зериктириб қўймайди.
Ҳа айтганча, мазкур мусобақанинг финалида ҳам худди ЕЧЛда бўлгани каби инглиз клубларининг қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бунинг учун бугун фаворит дея эътироф этилаётган Лондон клублари ўз имкониятларидан фойдаланишлари керак бўлади.
Европа Лигаси
½ финал, жавоб баҳси
“Валенсия” – “Арсенал”
00:00, “Месталья”
Илк ўйин - 1:3
“Челси” – “Айнтрахт”
00:00, “Стемфорд Бридж”
Илк ўйин - 1:1
Европа Лигаси. Бугун ярим финалнинг жавоб ўйинлари бўлади
Ўқилган: 2445