Универсаллик тимсоли ёки яна Кесуке Хонда ҳақида ("ИнтерФутбол" блоги)

Япония терма жамоасининг собиқ сардори, маҳоратли футболчи Кейсуке Хондани юртимиз футбол ишқибозлари яхши танишади. Чунончи, унинг жарима зарбаларини қойиллатиб амалга оширганига барчамиз кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Хонда айни пайт нималар билан машғул экани эса фақат футболчининг ашаддий мухлисларигагина маълум. Ваҳоланки, Хонда ҳозир футболчи бўлиш билан бир қаторда, Камбоджа терма жамоаси бош мураббийи ва кибер­спорт йўналишининг ривожига улкан ҳисса қўшаётган тадбиркор ҳам саналади.

Хонда - шунчаки азамат!

Бизнингча, ЦСКАнинг собиқ ярим ҳимоячиси Кейсуке Хонда — сайёрамиздаги энг универсал ўйинчи. Чунончи, у 2018 йилнинг августидан бери Австралиянинг «Мельбурн Виктори» клубида тўп суряпти (дарвоқе, натижаси ҳам чакки эмас - 19 ўйинда 8 гол), шу вақтнинг ўзида Камбоджа терма жамоасига устозлик қиляпти, яқиндан бошлаб эса Голливуднинг машҳур актёрларидан бири Уилл Смит билан бирга келажаги порлоқ дея баҳоланаётган стартап фаолиятини йўлга қўйди.

Футболчи ва мураббий

Умуман олганда, Хонда футболдаги фаолиятини 2018 йилги мундиалдан кейин якунлашни мақсад қилганди. Аммо «Мельбурн»дан тушган манфаатли таклиф унинг режаларини ўзгартириб юборди. Қолаверса, 2020 йили Токиода ёзги Олимпиада бўлиб ўтади ва Хонда бу мусобақада қатнашиш истагида. Олимпиада - албатта, ким учундир кулгули туюлиши мумкин, аммо унутмаслик керакки, Япония пойтахтида ўтган аввалги турнирда Хонданинг бобоси иштирок этган. Демак, мақсад - принципиал даражада.

Ана шу ойнинг ўзида, аниқроғи, 12 августда Камбоджа футбол федерацияси президенти оламшумул янгиликни эълон қилди: Кейсуке — мамлакат терма жамоаси бош мураббийи! Мазкур хабар тарқалганидан бери Хонда шогирдлари 8та ўйин ўтказиб, уларнинг 6тасида мағлуб бўлишди, Шарқий Тимор билан дуранг ўйнаб, Жанубий-Шарқий Осиё чемпионатида Лаос термасини енгишди - 3:1. Бироқ ФИФА рейтингида атиги 173-ўринни эгаллаб турган жамоадан катта ютуқларни кутишнинг ўзи тўғри бўлмайди.

Шуниси аниқки, Кейсукени Камбоджада жуда яхши кўришади, Хонданинг ўзи ҳам Камбоджани ёқтиради. Дейлик, у Япония терма жамоаси сафида илк бор бу давлатга келганида, маҳаллий шароитни ёқтириб қолиб, пойтахтда хусусий футбол мактаби очди. Хуллас, Хонда ҳозирча шогирдларини масофадан - видеоалоқалар орқали бошқаряпти. Шунга қарамай, ойда бир марта Камбоджага бориб келяпти. Бир томоннинг узоқлиги 7 минг км. эканини ҳисобга олсак, бу осон иш эмас. Масалан, Кейсуке ноябрь ойида Мьянмага қарши ўйинга деярли ҳакам ҳуштаги чалиниши арафасидагина етиб келди. Чунки бир кун олдин «Мельбурн» ички чемпионатда ўта муҳим баҳс ўтказганди.

Тадбиркор

2018 йилнинг ёзида Хонда Голливуд киноюлдузи Уилл Смит билан ҳамкорликда Dreamers Fund фонди ташкил қилгани ҳақида хабар берди. Футбол юлдузи билан киноқаҳрамонни ҳаётда нима бирлаштириб турар экан, деб ортиқча бош қотирманг: ҳар иккала таниқли шахс битта молиявий маслаҳатчи инсон хизматидан фойдаланишади. Қисқаси, Кейсуке бу орқали инсонларнинг турмуш тарзини янада яхши томонга ўзгартиришни ният қилган. Ҳозиргача эса мазкур фонд Жанубий Кореянинг киберспортга ихтисослашган Gen.G ташкилотига 46 млн. доллар миқдорида инвестиция киритди. Айтганча, бу жамоага Dreamers Fund фондидан ташқари, Стэнфорд университети, Кремний водийсидаги фондлар ва МБА иштирокчиси - «Лос-Анжелес Клипперс» клуби акционери Деннис Вонглар ҳам эътибор ҳамда ёрдам бериб келишмоқда.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.iff.uz  сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 2339
Блоглар Таҳлилий мақолалар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича