"Челси" сафарда "Айнтрахт" билан дуранг ўйнади

Европа Лигаси ярим финалининг илк баҳсидан ўрин олган "Айнтрахт" – "Челси" учрашуви ўз ниҳоясига етди. “Коммерцбанк-Арена”да кечган ўйинда дуранг натижа қайд этилди.

Учрашув тенг курашлар остида бошланди, жамоалар илк дақиқаларданоқ ҳужумкор футбол намойиш қилишди. 23-дақиқада франкфуртликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди, чап қанотдан тезлик олган Филип Костич жарима майдонига узатма амалга оширди, у ерда Лука Йович боши билан дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга ола билди.

Голдан сўнг ҳам икки томонда бир қатор қулай имкониятлар бўлди. Лондонликлар тайм охирига бориб босимни оширишди ва бу ўз самарасини бермай қолмади. 45-дақиқада меҳмонлар стандарт вазиятни голга айлантиришди, Рубен Лофтус-Чикнинг узатмасидан сўнг Педро кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди.

Иккинчи бўлимда устунлик “Челси” томонига ўтди ва меҳмонлар тайм ўрталарига қадар рақибга ҳеч қандай имкон қолдиришмади, бироқ бу устунликни ҳисобда акс эттира олишмади.

Майдон эгалари ўйин сўнггига бориб жонланишди ва бир қатор хавфли вазиятлар содир эта олишди. Аммо сўнгги дақиқаларгача ҳисоб ўзгармади.

Ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб баҳси 9 май оқшомида Лондонда бўлиб ўтади.

Ушбу учрашувда киритилган голларни UFF.uz Media каналида томоша қилишингиз мумкин.

Европа Лигаси
1/2 финал, илк баҳс

Айнтрахт Ф Германия – Челси Англия 1:1 (1:1, 0:0)

Голлар
: 1:0 – 23 Йович, 1:1 – 45 Педро.

Айнтрахт Ф – Трапп, Хинтереггер, Фалетт, да Кошта, Абраам, Фернандес (Гонсалу Пасиенсия, 73), Хасебе, Гачинович, Роде, Костич, Йович.

Челси – Аррисабалага, Давид Луиз, Эмерсон, Аспиликуэта, Кристенсен, Лофтус-Чик (Ковачич, 83), Жоржиньо, Педро, Канте, Виллиан (Азар, 61), Жиру.

Огоҳлантиришлар: Кристенсен (19), Хасебе (58), Фернандес (61).

***

Йовичнинг голини томоша қилинг:

Ўқилган: 2843
Айнтрахт Европа Лигаси Челси

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича