Ойбек Абдураҳмонов “HUAXIN-Жиззах”, Жаҳон чемпионатида термамизнинг имкониятлари ҳақида

Кейинги ўн йил ичида Ўзбекистон футзали  юзи сифатида “Ардус”, “Локомотив”, “Бунёдкор”  (Тошкент),  АГМК (Олмалиқ), “Максам-Чирчиқ”, “Дўстлик-AIN” (Қарши) жамоаларини кўриш мумкин бўлди. Бухоронинг “Когон”, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари ҳам кучлилар қаторига интилди, бир маротабадан бўлсада медаллардан бирига лойиқ топилди. Чемпионлик эса “Ардус”, “Локомотив” ва айниқса АГМКдан ортмади. Сахнага “Пахтакор” кўтарилмагунча олмалиқликлар бош совринни кетма-кет беш маротаба бегона қилишмади. Ўтган йилги мавсум  эса “Пахтакор”га бағишланди. АГМК иккинчи ўрин билан кифояланди. Учинчи ўринга кутилмаганда жиззахликлар “бош суқишди”.

2018 йил ташкил топган жамоа бир йилдаёқ ўзини кўрсатиб, келаси йилда Олий лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Энди жамоанинг муваффақиятли даври бошланди. Вилоят ҳокими Эргаш Салиев футболга қизиққани, футболнинг чинакам фидойиси бўлганлиги вилоят футболсеварларининг бахти. Унинг ўзи ҳам футзал билан шуғулланади, ҳаттоки жамоа таркибидан расман рўйхатдан ўтган ҳолда мамлакат чемпионати учрашувларида бир неча бор майдонга тушган. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан футзал жамоасига вилоятда фаолият юритаётган хориж компанияларидан бири “HUAXIN” ҳомий қилиб бириктирилди. Шу туфайли 2020 йилдан жамоа номи ҳам расман “HUAXIN-Жиззах” деб ўзгартирилди. Бир йилнинг ўзида жамоа кучлилар қаторига қўшилишга муваффақ бўлди. 44 ўйиндан 30 тасида ғалаба, 8 тасида дуранг ва 6 тасида мағлубият қайд этган ҳолда фахрли учинчи ўринни эгаллади. Турнир жадвалидаги иккинчи ўрин эгаси АГМКдан 20 очко ортда қолган бўлса, ўзининг энг яқин таъқибчиси “Металлург”ни 26 очко ортда қолдира олди.

Хўш, жамоанинг келаётган мавсумдаги мақсад ва вазифалари қандай? Шу ва шу каби саволлар билан “HUAXIN-Жиззах” футзал клуби спорт директори Ойбек Абдураҳмоновга мурожаат этдик.

- Клуб номи нима учун “HUAXIN-Жиззах”, маъносини тушунтириб берсангиз.

- Хабарингиз бор, вилоятимиз Республикада иқтисодий ҳудудлардан бири. Бу ерда кўплаб хорижий компаниялар, ташкилотлар маҳаллий кадрлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боришяпти. Шулардан бири “HUAXIN” компанияси бизнинг клубимизга бириктирилган. Фаолият тури цемент ишлаб чиқариш. Шу каби чет эл компаниясидан бири вилоятимизнинг “Сўғдиёна” аёллар жамоасига ҳам бириктирилган ва уларнинг натижалари ҳам мақтагудек.

- Демак, яратилган шарт-шароитлардан шикоят йўқ.

- Йўқ албатта. Футзалчиларимиз учун алоҳида база ажратилган, футбол ўйнаш, натижа яратиш ва албатта, маданий дам олиш учун зарурий шароитларга эгамиз. Бунинг учун аввало вилоятимиз ҳокимига, клубимиз мутасаддиларига ва албатта, бош ҳомийимизга миннатдорлик билдирамиз.

- Янги мавсумга тайёргарлик қандай? Таркибда ўзгаришлар катта.

- Тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганмиз. Таркибимизда сезиларли ўзгаришлар юз берган. Давлат Ибрагимов, Шахзод Саидов, Сирожиддин Шокиров, Дониёр Тоҳиров каби футзалчиларимиз бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Уларнинг ўрнини янада тажрибали футзалчилар билан тўлдирдик. АГМКдан Даврон Чориев, Ихтиёр Ропиев, Анасхон Раҳматов ва Ҳусниддин Нишонов, “Пахтакор”дан Фарҳод Абдумавлонов, “Максам-Чирчиқ”дан Элбек Тўлқинов, “Металлург”дан Хушнур Эркинов билан шартномалар туздик. Буларнинг аксарияти айни пайтда мамлакат футзал терма жамоаси сафида Литвада ўтаётган Жаҳон чемпионатида тўп суришяпти.

- Жаҳон чемпионати ҳақида сўз очдингиз. Хўш, терма жамоамизнинг мундиалдаги иштироки ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ёмон эмас. Жаҳоннинг футзали ривожланган 24 мамлакати қаторида бўлишнинг ўзи катта гап. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

- Ўтказган иккита ўйин ва иккаласида ҳам дуч келинган мағлубиятнинг сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?

- Фақат омаднинг келмаганида. Йигитларимиз рақибларидан, айниқса, жаҳон гранди ҳисобланган Россиядан ҳеч бир кам жойи сезилмади.  Жаҳоннинг етакчи термасига қарши ҳам тўп суриш мумкинлигини, ҳатто дуранг у ёқда турсин, мағлуб этишга ҳам қурби етишини исботлаб беришди.

- Нимчорак финалга чиқа оламизми? Бунинг учун, сизнингча, нима қилиш керак?

- Футзалимиз тарихида илк бор гуруҳ ўйинларидан навбатдаги босқичга чиқиш имкониятига эга бўлиб турибмиз. Бунинг учун бугун Миср термасини мағлуб этиш кифоя. Миср “чақилмас ёнғоқ” эмас, йигитларимиз бу давлат термаси билан бир маротаба дуч келиб, ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонишди ҳам. Бугун шу ғалабани расмий ўйинда такрорлаб беришлари керак. Ортиқча ҳаяжонга, босимга ўрин йўқ. Ўзларининг нималарга қодир эканлигини намойиш этишсин, исботлашсин, тамом. Мана кўрасиз, ҳозир нимчорак ҳақида қайғуряпмиз, лекин йигитларимиз насиб қилса ярим финалгача, боринг ана, финалгача етиб боришади. Мен бунга ишонаман.

Ўқилган: 4751
Футзал. Ўзбекистон

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича