"Шерлар" Суперлиганинг 8-турида Тошкентда "Қўқон-1912"ни қабул қилишади.
Деярли бир ярим ойга яқин танаффусдан кейин жамоамиз яна "Пахтакор" стадионида ўйин ўтказади. Рақиб эса совриндор ўринлар учун курашаётган "Қўқон-1912" жамоаси бўлади. Қўқонликлар жорий мавсум ҳозирча сафардаги ўйинларда мағлуб бўлишмади ва бу учрашув интригасини янада оширади.
Қўқонликлар билан кечадиган беллашувни дисквалификация сабабли Егор Кримец ўтказиб юборади. Рақибда бундай йўқотиш мавжуд эмас.
"Қўқон-1912"га қарши чемпионатларда ўтган 30 баҳснинг 18тасида "Пахтакор" зафар қучган. 7 ўйинда дуранг қайд этилган бўлса, 5 марта рақиб ғалаба қозонган. Рақиб дарвозасини 79 марта ишғол қилган жамоамиз 41 гол ўтказиб юборган.
Тошкентдаги учрашувларнинг 13тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, биттадан тўқнашув дуранг ва меҳмонлар ютуғи билан тугаган. 6 баҳсда жамоамиз йирик ҳисобда зафар қучган. Уйда 54 тўп киритган "Шерлар" ўз дарвозасидан 18 гол олиб чиқишган. Ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа 2000 йил кузатилган. Ўшанда жамоамиз 7:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўтган йили Тошкентда "Пахтакор" 2:1 натижаси билан муваффақиятга эришган.
"Пахтакор" ва "Қўқон-1912" жамоалари ўртасидаги учрашув 12 май, чоршанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:50да бошланади.
"Пахтакор" - "Қўқон-1912": Превью
Ўқилган: 15056