Халқаро Олимпия қўмитаси, Токио-2020 Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси билан ҳамкорликда Миллий Олимпия қўмиталари учун бўлажак Олимпия ўйинларида делегатлар, спортчи ва мураббийларга тааллуқли янгиланган йўриқномалар бўйича онлайн брифинг ташкил этди.
Ушбу онлайн брифингда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, терма жамоамиз таркибида Олимпия ўйинларида иштирок этиши кутилаётган федерация ва ассоциацияларнинг масъул вакиллари иштирок этиб, барча шартлар билан танишишди.
Тадбир давомида ҳар бир делегатларнинг ўз шаҳридан учиб кетишидан тортиб, Токиога етиб боргунларигача бўлган давр, Олимпия ўйинлари мобайнида кунлик режалари, бориши мумкин бўлган ҳудудлар, улар фойдаланадиган транспортлар бўйича батафсил тушунтирилди. Унга кўра, Ташкилий қўмита томонидан қуйидаги қатъий талаблар қўйилган:
• Барча делегатлар ҳар куни COVID-19 учун тест топширишлари шарт;
• Мусобақа иштирокчилари, шу жумладан, расмийлар, ОАВ вакилларига жамоат транспортидан фойдаланиш мумкин эмас;
• Сафар давомида Япония ҳукумати талаб этадиган барча карантин талабларига қатъий риоя этилади;
• Ниқобсиз юриш, бошқа шахс билан 2 метр масофадан кам бўлган оралиқда 15 дақиқадан ортиқ суҳбатлашиш ва бирга туриш мумкин эмас;
• Сафардан аввалги 96 соат вақт ичида барча 2 бор (иккинчиси синов камида 72 соат аввал) COVID-19 учун тест топширган бўлишлари шарт. Токиога етиб келишгач яна бир бор тест топширилади;
• Мусобақа давомида олинадиган кунлик таҳлиллар жўнаб кетиш олдидан талаб этиладиган тест учун ўз кучини йўқотади;
• Делегациянинг барча вакилларининг смартфонида COCOA иловаси мавжуд бўлиши ва унда ўз саломатликлари бўйича кунлик маълумотларни жойлаб туришлари шарт;
• Ҳар бир делегация COVID-19 таҳлиллари учун ўз масъулларини бириктириши керак. Бу борада МОҚ қошидаги РСТИАМдан 2 вакил жалб этилган. Улар мусобақа давомида Япония Соғлиқни сақлаш органи, Ташкилий қўмита ва ХОҚ мутасаддилари билан доимий алоқада бўлиб туради;
• Ўз дастурини тугатган спортчилар 48 соат ичида Олимпия шаҳарчасини тарк этиши лозим.
Шунингдек, ХОҚ талабига кўра делегатларнинг эмланиши мажбурий эмаслиги, бироқ вакцинация қилиниши мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. Аммо сафар давомида юқоридаги талабларга қатъий риоя қилиниши айтилди. Овқатланиш жойида ижтимоий масофани таъминлаш учун бир қатор чоралар кўрилади. Бунда меҳмонлар ҳар кунлик менюлар билан смартфонлари орқали танишиб боришлари мумкин.
Токио-2020: Ташкилий қўмита иштирокчиларга ўз талабларини қўйди
Ўқилган: 8992