Манчестерда рус ўғлони ёхуд яна Канчельскис хақида... ("ИнтерФутбол" блоги)

«Навбаҳор»нинг собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскис «МЮ» тарихидаги муҳим шахслардан бири ҳисобланади. «Олд Траффорд»да ўтказган фаолияти давомида у икки марта Премьер-лига чемпионлигини қўлга киритди, «Юнайтед»нинг дастлабки «дубл»ида муҳим роль ўйнади, Лига кубоги ва Европа суперкубогида ғолиб чиқди. Аммо унинг карьерасидаги ҳамма нарса ҳам ютуқлар каби ёрқин бўлмади. Нохуш воқеалар ҳам учради. Қуйидаги материалда россиялик вингер ҳақида «Википедия»да ёзилмаган маълумотлар бор.

Ҳаммаси қандай  бошланган?

1991 йилнинг 26 мартида Андрей Канчельскис «Манчестер Юнайтед» билан шартнома имзолаганда, у ҳақда деярли ҳеч ким маълумотга эга эмасди. Бироқ Алекс Фергюсон иккиланмаган: «Шахтёр»га 650 минг фунт тўлаш орқали клуб ҳеч қандай таваккалга йўл қўймасди. Андрейнинг собиқ иттифоқ ёшлар термасидаги ўйинлари шотландиялик мутахассисда ёрқин таассурот қолдирганди. Канчельскис майдонга тушишини икки ой кутди, дебют эса мавсум-1990|1991 охирида, «Кристал Пэлас»га қарши баҳсда амалга ошди. Ўшанда асосий таркиб футболчиларининг катта қисми «Барселона»га қарши кечиши режалаштирилган Кубок эгалари кубоги финали арафасида дам олишганди. Ўша учрашувда Андрей самарали ҳаракатлари билан ажралмади.

1991|1992 йиллар мавсуми стартидаги «Ноттс Каунти» билан ўйинда эса Канчельскис бутун «Олд Траффорд»ни лол қолдиришни уддалади. У таваккалчи вингерлар тоифасидан эмасди, белгиланган тартибдан четга чиқмасликка интиларди, шунга қарамай, ҳимоячилар таъқибидан муаммосиз чиқарди, мудофаага ҳам кўмаклашарди. Фергюсон россиялик шогирдининг дебют мавсумини алоҳида эътироф этди. Андрей 32та ўйинда 5та гол урди.

Аммо инглиз тилини ўрганиш жараёни ўнг қанотдаги спринтлари каби тезкор кечмади. Ушбу масалада Канчельскис таржимон Жорж Сканланнинг ёрдамига таянар, Фергюсон ҳатто унинг захира ўриндиғида бўлишига ҳам йўл қўйиб берарди. Кейинчалик Канчельскис Сканланнинг таъсири «Юнайтед»га мослашишида катта таъсир кўрсатганини тан олганди. У сабабли Андрей тил ўрганишни кейинроққа сураверарди. Бошқа томондан, тил тўсиғи унга майдонда халал бермасди.

Кейинги мавсумда Канчельскисга асосий таркибда Ли Шарп ва Райан Гиггз рақобатчига айланишди. Аммо Шарпнинг менингит хас-талигига йўлиқиши сабаб Андрей мавсум-1992|1993ни бошланғич таркиб футболчиси сифатида бошлади.

Илк муаммолар

Шарп яхши формага киргач, ўнг қанот вингери позициясида мураббий учун яхшироқ вариантга айланди. Шу боис, мавсумнинг иккинчи қисмида Канчельскис майдонда нисбатан камроқ кўриниш берди. Натижада, Фергюсоннинг ушбу қарори ўзини оқлади: «Юнайтед» 26 йиллик танаффусдан кейин биринчи чемпионлик совринини қўлга киритди. Шунга қарамай, футболчи ва мураббий ўртасидаги муносабатлар ёмонлаша бошлади.

Ўша мавсум Фергюсон россия-лик шогирдини захира жамоаси таркибига ўтказишга уринди, лекин Андрей қатъий эътироз билдирди. Сэр Алекс унга бир ҳафталик маош миқдорида жаримага тортишга мажбур бўлди. Шунга ўхшаш ҳар бир вазиятдан ке-йин Канчельскис ва Фергюсон ўртасидаги келишмовчилик кўлами кенгаяверди. Мавсум-1993|1994да Шарпнинг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги сабаб Андрей яна чемпионатда кўплаб учрашувларда майдонга туша бошлади (28та ўйинда қатнашди). Бироқ Чемпионлар Лигасида у барибир захирада ўтиришга маҳкум эди.

Гарчи Канчельскис «Юнайтед» мухлислари ёқимтойига айланиб улгурган бўлсада, бош мураббий унинг имкониятларини барибир юқори баҳоламасди. «Астон Вилла»га қарши кечган Лига кубоги финали арафасида Андрей ёзда клубни тарк этишини билдирди. Ўша учрашувда «МЮ» ютқазди, Канчельскис эса майдондан четлатилди.

Қаҳрамонимизга «Ювентус», «Бавария», «Севилья» ва «Рейнжерс» жиддий қизиқиш билдирсада, «Юнайтед» ишқибозлари унинг кетишини хоҳлашмасди.

Шубҳали совға

Фанатлар истаги бажо келтирилди. 25 ёшли вингер янги тўрт йиллик шартнома имзолаб, мавсум-1994|1995нинг дастлабки ярмидаги барча учрашувларда қатнашди, бундан ташқари, миллий термадаги иштирокни ҳам тўхтатмади. Ноябрь ойи ўрталаригача Андрей 10та гол урди. Аммо афсуски, майдон ташқарисида Канчельскис, аниқроғи, унинг вакиллари Фергюсонга фақат бошоғриқ туғдиришди.

2-тур доирасидаги «Ноттингем»га қарши баҳсда (1:1) Андрей мавсумдаги илк тўпини киритди, аммо янада эътиборлироқ воқеа ўйиндан кейин рўй берди. Жамоа Манчестерга қайтганда, Фергюсонни россиялик футболчининг агенти Григорий Есауленко қарши олди. Канчельскис билан янги шартнома имзоланганидан кейин агент бош мураббийга ҳадя бериш шартлигини таъкидлади. «У мазкур совға мен ва рафиқамга аталганини айтиб, ҳамкорлик учун ташаккур билдирди, - дея эслайди Фергюсон «Ҳаётимни бошқариш» номли автобиографик асарида. - Уйга келиб, турмуш ўртоғим билан қутини очиб, ичида 40 минг фунт борлигини кўрдик. Рости, мен самовар ёки русларга хос бирор сувенирни кутгандим, аммо қутига фақат пуллар жойланганди».

Фергюсон шубҳали ҳадяни олаётганида видеотасвирга олишлари мумкинлигидан хавотирланди. Ахир у пул беришганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Эртасига тонгда сэр Алекс нақд пулларни ҳужжатлаштириб, сейфга жойлади, назоратни адвокати Морис Уоткинсга топширди. Кейин эса пулларни агентга қайтарди.

Айтиш жоизки, Фергюсон Канчельскиснинг янги шартномасидаги айрим бандлардан кечроқ хабар топди. Мисол учун, футболчи бошқа клубга сотилган тақдирда тушган маблағнинг 30 фои­зига эгалик ҳуқуқини ўзида сақлаб қоларди. Шунингдек, айни фоизга Андрейнинг собиқ клуби «Шахтёр» ҳам даъвогарлик қиларди.

Фергюсоннинг ишончи комил эди: россиялик футболчининг майдонда барқарорликка эришолмаётгани айнан шу фактор билан боғлиқ эди. Гарчи Канчельскис мавсум-1994|1995ни 14та гол билан «Манчестер Юнайтед»нинг энг яхши тўпурари мақомида якунлаган бўлсада, мавсумнинг иккинчи қисмида ундаги фаоллик йўқолиб, атиги 3та гол билан кифояланди. Андрей мавсумнинг иккинчи қисмида атиги бешта тўлиқ ўйин ўтказди. Кўпинча қорнида оғриқ сезаётганидан шикоят қилар, «Юнайтед» шифокорлари эса унда касалликни аниқлай олишмасди. Хуллас, Канчельскиснинг кетиш ниятида эканлиги ойдинлашганди.

Нотинч жараён...


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...

Ўқилган: 2888
Блоглар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича