Осиё чемпионатида шу пайтгача нечта жаҳон рекорди қайд этилди?

Хабарингиз бор, шу кунларда пойтахтимиз оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Ушбу материалда мусобақа давомида қайд этилаётган бир қатор аҳамиятли статистикаларга эътибор қаратамиз.

Осиё оғир атлетикаси жаҳонда етакчи саналади. Шу боис ушбу қитъа биринчилигида медаль олиш катта натижадир. Ҳозирда терма жамоамиз вакилларидан Оғабек Нафасов (-55 кг) даст кўтариш машқида кумуш, Муаттар Набиева (-55 кг) даст кўтаришда кумуш ва икки курашда бронза, Адҳамжон Эргашев (-67 кг) силтаб кўтариш ва икки курашда бронза медалларини қўлга киритишган.

Мусобақанинг биринчи кунидаёқ 3 та жаҳон рекорди қайд этилгани шиддатли беллашувлардан далолат берган эди. Ҳозирги вақтга келиб, жами 6 та жаҳон рекордлари янгиланди:

Аёллар ўртасида, -49 кг:
Даст кўтариш: Чжихуэй Хоу (Хитой) – 96 кг;
Силтаб кўтариш: Мирабаи Сайхом (Ҳиндистон) – 119 кг;
Икки кураш: Чжихуэй Хоу (Хитой) – 213 кг.

Аёллар, -59 кг:
Даст кўтариш: Синчжунь Го (Хитой Таипейи) – 110 кг;
Икки кураш: Синчжунь Го (Хитой Таипейи) – 247 кг.

Эркаклар, -73 кг:
Даст кўтариш: Ши Чжиюн (Хитой) – 169 кг.

Бугун эркаклар ўртасида -81 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинади. Мутахассислар ушбу вазн тоифасида ҳам янги жаҳон рекорди қайд этилишини кутишмоқда. Боиси иштирокчилар орасида силтаб кўтариш ва икки кураш бўйича амалдаги жаҳон рекордчиси хитойлик Люй Сяоцзюнь Олимпия ўйинларида жамоаси таркибидан жой олиш ва қитъа чемпионлиги учун бошқа бир номдор ватандоши Ли Дайин билан рақобатлашади. Улар орасида ҳамюртларимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров ҳамда Ҳожиакбар Олимов ҳам медаллар учун кураш олиб боришади. Мазкур вазн тоифасидаги баҳслар 19:00 га белгиланган.

Ўқилган: 3519
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича