Беқарор қироллар ёхуд чемпионликдан аутсайдерликгача 1 қадам... ("ИнтерФутбол" блоги)

«Ливерпул»нинг жорий мавсумдаги фаолияти футбол оламида катта шов-шув кўтарди. Бир йил аввал йўлида дуч келган барча рақибларини тор-мор этган ҳолда, 30 йиллик танаффусдан кейин тахтни эгаллаган «қизиллар»нинг қисқа вақт ичида шу қадар ночор ҳолатга тушиб қолишларини ҳеч ким хаё-лига келтирмаганди. Қолаверса, жорий мавсум ҳам Клопп шогирдлари учун рисоладагидек бошланган, Янги йил шодиёналари даврида навбатдаги чемпионлик нақддек туюлганди. Тўғри, «қизил машина»даги носозликлар («Астон Вилла» - 2:7 каби) вақти-вақти билан бўй кўрсатиб турган бўлсада, асосий «шўнғиш» мавсум экваторига яқинлашганда юз берди. Бироқ нима бўлганда ҳам, муваффақиятсизликни изоҳлай оладиган жўяли сабаблар йўқ. Ҳозир чемпион 7-поғонада бормоқда, сал аввалроқ вазият бунданда ёмонроқ эди. Биз эса эътиборингизга бирданига қулаган беқарор қироллар ҳикоясини ҳавола этамиз.

«МИЛАН»

1995|1996 йиллар мавсуми - 1-ўрин

1996|1997 йиллар мавсуми - 11-ўрин

Бундан чорак аср муқаддам «россонерлар» ортиқча муаммоларсиз «А» серия ғолиблигини қўлга киритишган, «Ювентус» чемпиондан 8 очкога ортда қолганди. Ҳа, Фабио Капелло жамоаси бошқа мусобақаларда ўзини кўрсата олмади, Италия ва УЕФА кубокларини чорак финалда тарк этди. Аммо асосий турнирни ўз фойдасига ҳал этди.

Бундан ташқари, 1995 йил натижаларига кўра, «Олтин тўп» совринини мавсум старти арафасида «Мода пойтахтлари»да ўзига хос рокировкани амалга оширган, яъни «ПСЖ»дан «Милан»га ўтган африкалик афсона, Либериянинг амалдаги президенти Жорж Веа қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, «қора қитъа» вакили «Франс Футбол»нинг нуфузли совринига европалик бўлмаган футболчилар орасида сазовор бўлган ўйинчилар рўйхатини очиб берди. Веанинг бу муваффақиятига италиялик алломалар - Роберто Баджо, Марко Симоне ва Паоло Ди Каниолар сезиларли ҳисса қўшдилар. Сал орқароқда хорватиялик юлдуз Звонимир Бобан тўп сурарди. Нақадар жарангдор номлар!

Аммо кейинги мавсум жамоа учун ўта омадсиз келди. Скудеттодан кейин Капелло ватанини тарк этиб, «Реал»ни ўз қўлига олди, Патрик Виейра «Арсенал»га кетди ва тез орада сардор ва афсона мақомларига эга бўлди. Ди Канио «Селтик»ка йўл олди, ёлғиз қолган Веа аввалгидан кўпроқ гол урган бўлсада, жамоани қутқара билмади.

«Россонерлар» мураббийлик штабида ҳам барқарорлик ғойиб бўлди, мавсумни Оскар Табарес билан бошлаган жамоа кейинчалик Арриго Сакки ихтиёрига ўтди. Хуллас, чемпионатдаги ноодатий 11-ўриндан ташқари, Италия кубоги турнирини чорак финалда якунлади, ЕЧЛда гуруҳдан чиқолмади. Шунингдек, мавсум стартида Суперкубокни «Фиорентина»га бой берди. Сакки эса жамоани тарк этди ва Капелло каби Мадридга йўл олди. Тўғри, «Реал»га эмас - «Атлетико»га.

«Милан»нинг ўзига тўхталсак, инқироз даври узоққа чўзилмади, икки йилдан кейин жамоа чемпионликни қайтариб олди. Ундан кейин эса украиналик афсонанинг даври бошланди.

«МОНПЕЛЬЕ»

2011|2012 - 1-ўрин

2012|2013 - 9-ўрин

Ҳикоямиздаги энг оз машҳур бўлганлар воқеаси. У фақат француз футболининг ашаддий мухлисларига таниш.

2011|2012 йиллар мавсумини «Монпелье» чинакам сенсацион тарзда ўтказди. Ахир «қора» гуруҳдан атиги 3 очкога олдинда бўлган 14-ўриндаги жамоанинг шоҳсупадан жой олишига ким ҳам ишонарди? Бунақа мўъжизани фақат «шайхлар» жамоаси - «ПСЖ» кўрсата олади.

Тўғри, унвонни бой беришга аввало, пойтахт клубининг ўзи сабабчи бўлганди - турнир жадвалини бошқариб турган жамоа нима учун мавсум ўртасида Антуан ўрнига Карло Анчелоттини олиб келганлиги ҳанузгача маълум эмас...

Албатта, ўша пайтдаги «Монпелье»да ҳам номдор футболчилар борасида муаммо йўқ эди. Мисол учун, Киев «Динамо»сининг бўлажак аъзоси Юнус Бельханд ёки «Челси» ҳужумчиси Оливье Жиру - эҳ-ҳе, ўшанда бу дуэт бутун Францияни ром этганди ўзига! Мапу Янга-Мбива, Бенжамин Стамбулиларни айтмайсизми? Мазкур «банда»га Рене Жирар раҳбарлик қиларди. Айнан шу мутахассис Францияга қаторасига иккинчи сенсацияни туҳфа этганди.

Бу кутилмаган натижани «Лестер» мўъжизасига қиёслаш ўринли, фақат у 4 йил аввалроқ юз берди. Қолаверса, савия жиҳатидан камтарроқ чемпионатда.

Лекин жамоанинг янги мавсумда омадсизликка юз тутиши олдиндан тахмин қилинганди. Жерар 2012|2013 йиллар мавсумида ҳам фаолиятини давом эттирди. Агар Клоппнинг «Ливерпул»идаги ҳолатни инобатга олмасак, бу ҳикоямиздаги ягона ҳолат. Чунки мавсум якунида мерсисайдликлар германиялик мутахассисдан истеъфо талаб қилмайдилар, деб ўйлаймиз.

Аммо Жируни «Арсенал»га сотиб юборган жамоадан нимани кутиш мумкин? Лига 1даги чемпионлик мавсумининг энг яхши тўпурарини-я!? Боз устига, клуб фақат уни сотиш билан кифояланиб қолмади, муносиб ўриндошларни эса тополмади. Қисқаси, чемпионатдаги 9 ва «Шальке», «Арсенал» ҳамда «Олимпиакос»лар гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаши бежиз эмас. Ҳа, айт-ганча, Суперкубок баҳсида ҳам жамоа пенальтилар сериясига кўра «Лион»дан енгилганди.

«ЧЕЛСИ»

2014|2015 - 1-ўрин

2015|2016 - 10-ўрин

2014|2015 йиллар мавсуми бошланишидан бир йил аввал «кўклар»ни асримиз аввалида кўкларга кўтарган Жозе Моуриньо Лондонга қайтганди. Португалиялик мураббийнинг иккинчи дебютида жамоа бронза медаллари билан кифояланган бўлса, кейингисида амалдаги чемпион - «Манчестер Сити»ни 8 очкога ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб етиб келди. Тўғри, 2014 йилнинг 21 сентябридаги «шаҳарликлар»га қарши баҳсда «Челси» мухлисларига бир умр азоб берадиган кўнгилсиз воқеа юз берганди - лондонликлар дарвозасини ёзда «Сити»га ўтган... Фрэнк Лэмпард ишғол этди! Айнан шу гол чемпионни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Ҳа, «кўклар» Лэмпардни беришган бўлсада, Дрогбани қайтариб олишди. Гарчи ўшанда Диего Коста жамоанинг асосий тўпурари бўлсада, Дрогба - Моуриньо дуэтининг ҳамкорлиги рамз мақомига кўтарилди. Жамоа чемпионлик ва Лига кубогини қўлга киритди. Англия кубоги ва ЕЧЛда ишлар қовушмади. Албатта, «Лестер»нинг мўъжизакор чемпионлиги қолган барча кўрсаткичларни хиралаштириб қўйди.

Лекин шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун? Ахир жамоа-да сезиларли йўқотишлар кузатилмади, Дрогба ва Чехнинг кетишини таркибни ёшартиришга йўйиш мумкин, «Атлетико»га қайтарилган Фелипе Луис АПЛда кутилган савияни кўрсатолмади. Ҳатто ўнг қанотда ўйнайдиган Аспиликуэта ҳам сўл қанотда ундан ишончлироқ тўп сурарди.

Хуллас, Суперкубок беллашувида «Арсенал»дан қабул қилинган мағлубият билан бошланган мавсум чемпионатда 10-ўрин, шунингдек, миллий кубоклар ва ЕЧЛ мусобақаларини барвақт тарк этиш билан ниҳоясига етди.

«ЛЕСТЕР»...



Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...

Ўқилган: 1822
Блоглар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича