Пойтахтимизда оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг илк ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Аҳамиятлиси, дастлабки вазннинг ўзида 3 та жаҳон рекорди қайд этилди.
Ушбу воқелик мусобақанинг қанчалик шиддатли ўтаётганидан далолат беради. Бу ҳали бошланиши. Мусобақа давомида яна кўп бор рекордлар қайд этилиши кутилмоқда.
Ана энди кун қаҳрамонларига тўхталсак. Аёллар ўртасида -49 кг вазн тоифасида кечган баҳсда кутилганидек, икки хитойлик спортчи рақобат олиб боришди. Даст кўтариш машқида Чжихуи Хоу 2019 йил ўзи ўрнатган 95 кгли рекордни 1 кгга янгилашга муваффақ бўлди. Силтаб кўтариш машқида ҳиндистонлик Чану Мирабаи 119 кгга тенг бўлган янги жаҳон рекордини ўрнатган бўлса, Чжихуи Хоу икки кураш бўйича ҳам янги рекорд соҳибасига айланди.
Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати.
Аёллар, -49 кг:
1. Чжихуи Хоу (Хитой) – 213 кг (96 кг + 117 кг) – даст кўтариш ва икки курашда жаҳон рекорди
2. Хуихуа Жианг (Хитой) – 207 кг (89 кг + 118 кг)
3. Чану Мирабаи (Ҳиндистон) – 205 кг (86 кг + 119 кг) – силтаб кўтаришда жаҳон рекорди
Илк кундан учта жаҳон рекорди!
Ўқилган: 2649