Аброр Пирриев: Рўзадор футболчиларга маслаҳатим бор

Рамазон рўзасини тутаётган футболчилар қандай режимда меҳнат қилиши керак, “Enter” тугмачасини босишни истамадим, ОФК га хат ёзган “Локомотив” ва миллий терма жамоамиз шифокори Аброр Пирриевга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.

Аброр ака “Локомотив”ни чемпионатни суст бошлашини хеч ким кутмаганди?
-Тўғри, бундай бўлишини биз ҳам кутмагандик. Аммо яхши жамоа шаккланган, мураббийга ишонч бор, танлаган йўлимиз тўғри, буёғига фақат сабр ва меҳнат, бу эса ўз мевасини беришига ишонаман.

Юртимизда тиббиёт сохаси ривожланган десак бўлаверади, лекин аксарият холларда футболчилар жарохатларини Европада даволатишмоқда. Қийин жаррохлик амалиётларини ҳам ўзимизда қилсак бўлмайдими?
-Балки сиз шундай ўйларсиз. Аммо менинг фикримча тиббиётимиз ривожланган дейиш учун ҳали анча қовун пишиғи борга ўхшайди. Менинг хаёлимда тиббиётимиз тўғри йўлдан оғишгандай, у бизнес йўлини танлаб асосий вазифасини унутиб қўяётгандай хаёлимда. Акс ҳолда халқимиз куни-кеча юртимизга келган аллақайси чала мулла ва чала табиб ортидан югурмай, ўзлари ишонган шифокорлари томон талпинишган бўлишарди. Футболчилар жароҳатларини Европада даволатишга келсак, айнан оёқ бойламларидаги мураккаб операцияларни бизнинг жарроҳлар ҳали юқори савияда ўзлаштира олишмади. Уларнинг операцияларидан кейин инсон ўзини яхши сезиши мумкин, аммо футбол билан профессионал шуғулланиши муаммо. Бунинг ечими катта мавзу, бу ҳақида керакли жойларда бир неча бор гапирганман, мавриди келганда сизга ҳам айтиб бераман.

Ўзбек футболини доимий мавзусига айланган VAR тизимининг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида шахсий фикрингиз қандай?
-Кузатишларим шуни кўрсатмоқдаки, бизнинг ҳакамлар ҳали VAR га тайёр эмас экан. VAR жанобларига аслида, майдондаги бош ҳакам бирор қарорида иккилансагина мурожаат қилиши керак.  Бизда ҳар бир майда вазиятга, масалан “аут”ни  тўп кимдан чиқди деб сўраб қулоғини ушлаб вақтни чўзиб, футбол жозибасини йўқотмоқда. VAR керак, аммо аввал ҳакамларни обдон VAR часига чиниқтириб, ўйин давомида имкон борича унга мурожаат қилмай, ўйинни хатосиз бошқарганларни рағбатлантириш керак.

Бош мураббий Микаэль Сикейра дастлаб, миллий таомимиз хисобланмиш паловни футболчиларга истеъмол қилишни таъқиқлагани хақида эшитгандик, шох таомимизни ўзи ҳам егандан кейин фикрлари ўзгаргандир?
-Дарҳақиқат, бош мураббий ошга таъқиқ қўйган эди. Аммо, ошсеварлар кўнгли таскин топиб, кўчада биздан яшириб турли жойларга бориб юрмасликлари учун, баъзида, фақат ўйиндан сўнг, эрталабки “востановительный” куни тушлик маҳали махсус – парҳезли ош тайёрлашга келишдик. Ўз навбатида бу бош мураббийга ҳам маъқул келди.

Миллий терма жамоамиз шифокори сифатида ҳам фаолият олиб борасиз, Саудияда бўлиб ўтадиган саралаш ўйинлари яқинлашмоқда, иссиқ хаво, намлик юқори бўлиши айтилмоқда, шифокор сифатида Сиз қандай тайёргарлик кўраяпсиз?
-Барчамиз яхши биламиз, июнь ойида Саудияда жуда иссиқ об-ҳаво ҳукмронлик қилади, ҳатто ички чемпионат ҳам тўхтатилади. Аввало, чиқмаган жондан умид деганларидай Саудия Арабистонида бундай иқлимда бир ҳафта ичида учта ўйин ўйнаш футболчилар соғлиги учун катта хавф эканини уқтириб ОФК га хат ёздим. Чунки шифокор сифатида мен учун кейинги босқичга қайси жамоа чиқишидан кўра, ушбу ўйинларда иштирок этувчи футболчилар соғлиги муҳимроқ. Кўрамиз, агарда ҳеч нима ўзгармай июнь ойида Саудияга йўл олсак, менинг биринчи навбатдаги вазифам ўша иқлимда футболчилар жуда кўп йўқотишадиган сув-туз балансини тиклашга қаратилган бўлади албатта. Бунинг учун зарур бўлган махсус витаминли ва минералли ичимликлар ҳозирланмоқда, бундан ташқари футболчилар саломатлигини асраш, жароҳат профилактикаси, уларнинг тез тикланиши учун керак бўлган чора-тадбирларни ташкил қилиш юзасидан ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирда ПФЛ мутасаддилари турли эътирозлар остида қолишган, Сиз ҳам ўз телеграм саҳифангизда танқидий постлар қолдиргансиз. Улар ҳақида нима дея оласиз?
-Мен айнан бир ташкилот ёки инсонни танқид қилмаганман. Турли мавзуда ўз фикримни ёзаман, холос. Бу билан кимнидир танқид қилиш эмас, балки мавжуд камчиликка барҳам бериш мақсад қилинади. ПФЛ фаолиятига келсак, улар ўз ишини жуда яхши бажаришмоқда. Улар фаолиятининг самараси пандемия шароитида ҳеч бир оқибатларсиз мусобақани тўғри ташкил қила олишганида ҳам кўринди. Шу пайтгача клублар учун бош оғриғи бўлиб келаётган, жамоаларни истаган муносиб клиникаларда тиббий кўрикдан ўтишларини ҳам ПФЛ раҳбари ҳал қила олди. Аввалдан қолган мерос муаммолар бисёр. Уларни ечишда ПФЛ ҳақиқатдан ҳам жуда кўп меҳнат қилмоқда, аммо уларга боғлиқ бўлмаган камчиликлар, масалан ҳакамлар хатосидан улар хизмати соя остида қолмоқда. Бу ҳолат менга бир нарсани эслатади. Қайсидир футболчи жароҳат олса, рахбарлар мендан “Фалон футболчи нега жароҳат олди?” деб сўрашганидек. Қанийди шу нарса менга боғлиқ бўлганида...

Мавзуга қайтишни истамас эдикку, лекин “Турон” мураббийига жавоб бермаганингизга нима сабаб бўлгани ҳақида билмоқчи эдик.
-Сабаб, муқаддас динимиздаги бирор инсоннинг дилини оғритмоқлик энг катта гуноҳ эканлиги. Мен ўшанда мураббий укамизга тегиб кетадиган бирон гап ёзмаган эдим. Аксинча, у ҳақ гапни гапирганини айтиб, фақат шуни жаҳлни жиловлаб, бироз одоб билан айтганда янада чиройли бўларди, айтган гапи керак одамларга етиб бориб, барчанинг унга ҳурмати бошқача бўларди деган маънода аканинг укага берадиган маслаҳитини қўшиб қўйгандим. Майли, жаҳл устида менга жавоб ёзибдилар. Бу масалада кўпчилик менга қўнғироқ қилди. Шайтон қитиқлаб мен жавоб ҳам ёзгандим, биласиз ижоддан хабарим бор ва бу нарсани боплаб уддалай оламан. Аммо, “Enter” тугмачасини босишдан аввал бу ишимдан не наф, нимага эришаман деб ўйлаб қолдим. Мақсад кимнидир мот қилиш, уни кўпчилик олдида ҳурматсиз қилишми? Бу жавобим ёш мураббийни, яқинларининг дилини хира қилиши аниқ эди. Хуллас, Яратганнинг нигоҳи тушиб турувчи бир мўминнинг дилини оғритгандан кўра, мени қитиқлаётган шайтоннинг бўйни узилсин, дея ёзилган матнни ўчириб ташладим ва бу амалим учун Аллоҳдан ажр сўраб, Исломжонга эса соғлик тилаб дуо қилиб қўйдим.

Юртимизга муборак Рамазон ойи кириб келди, аксарият футболчиларимиз  Рамазон рўзасини тутишади, хўш бу даврда футболчилар кун тартиби қандай бўлмоғи керак?
-Рамазон кунларида рўза тутишни ният қилган футболчиларимиз учун клуб мутасаддилари ва мураббийлар штаби имкон қадар шароит яратиб берадилар деган умиддаман. Яъни, кун тартибини тузаётганда оғиз ёпиш ва очиш вақтларини инобатга олиш, машғулотларни куннинг салқин маҳалида ўтказиш кабилар. Масалан, “Локомотив”да бунинг режасини қилиб қўйганмиз. Шу ўринда футболчилар ҳам Рамазон ойида машғулот ва ўйинлар учун кучларини асрамоқликлари, зарур бўлмаганда бошқа юмушлар билан машғул бўлмай турганлари, тушлик маҳали албатта бироз мизғиб олишни одат қилганлари маъқул. Мавриди келганда айтиб ўтмоқчи эдимки, рўза тутаётган футболчилар соғлигини ўйлаб, ПФЛ мутасаддилари ҳам Рамазон ойидаги ўйинларни оғиз очгандан кейин бошлашни режалаштирсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Хайрулло ВАСИЕВ сухбатлашди

Ўқилган: 1593
Интервьюлар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича