Ҳозир 60-70 ёшни қоралаган пешқўрғонликлар донгдор раис раҳматли Алишер Муродовни яхши эслашади. У кишининг қаттиққўллиги ва талабчанлиги билан боғлиқ турли воқеалар ҳамон тилдан тилга кўчиб юради. Бир куни икки ҳисобчи мақтаниб қолди. Бири «Мени бир урганларида, столнинг тагига кириб кетганман!» - деди марҳумга ҳурмат билан. Иккинчиси ўзича фахр ила қўл силтади: «Сеники ҳеч нарса эмас экан. Мени қулочкашлаб урганларида, деразадан учиб чиқиб кетганман!» «Нимага калтак егансизлар?» - десак, «Айб ўзимизда, идорада ичгандик...», - дея жавоб қайтарганди ҳар икки ҳисобчи кулганча.
Футболимиздаги коррупцияга қарши ва унинг ҳимоясига оид айрим чиқишларни ўқиб, юқоридаги бир қарашда латифанамо, аслида ҳаётий воқеа ёдимга тушди. Ўқитувчисидан «5» баҳо олган икки аълочи ўқувчи бир-бири билан қандай тортишади? «Менга қўйилган «беш» сеникидан катта!» - деб, албатта. Футболимиздаги коррупцияга қарши фикрлар ҳам, уни ҳимоя қилишлар ҳам шу қадар беғубор ва самимийки, беихтиёр мураккаб дунё ичра соддалик яшаётганидан қувонасан киши. Фақат бир жиҳат одамнинг хунобини оширади. Зеро, икки футболсевар, ҳар иккиси ҳам ҳақ бўлган томон ўзаро тортишаётган чоғ муаммоларни юзага келтираётган кимса кафтларини кафтларига уриб, уларнинг устидан кулади. Шуниси жуда аламли. «Футболда келишувлар бор, лекин уларни исботлаб бўлмайди» қабилидаги иддаоларни эшитсам, очиғи, кулгим қистайди. Йўқ, футбол ичидагиларнинг аксариятига келишувлар схемаси маълум. Мамлакатимизнинг 14 ҳудудидан футболга алоқадор 14 киши бир пайтда жиддий сўроқ қилинса, кўрсатмалар ўхшаш бўлиши ҳеч гап эмас.
Тўғриси, мавжуд тизимларга бу ишни амалга ошириш у қадар қийинчилик туғдирмайди. Якка-ёлғиз фаолият олиб борувчи қанча-қанча махфийлар фош этилаётган бир паллада кенг тармоқли футбол мафияси ишини очиб ташлаш нима?! ЎФА фақат ҳакамларни жазолаш билан чекланади. «Ҳакамларга кимлар буюртма беришган?» Бу саволга жавоб қайтарилмайди. Жазоланган ҳакамлар ҳам ЎФА билан тортишиб ўтиришмайди. Жаримани тўлаб, маълум муддат бўлажак «ўйин»лар учун куч йиғишади. Хўш, нима сабабдан чала ҳақиқатлар билан кифояланилмоқда? Жазоланган ҳакамлар воқеаси билан коррупцион ҳолатларни баралла очиб ташлаш мумкин эмасми? Мутасаддилар шу йўлдан боришни хоҳлашмайдими? Ишончим комил, кўплаб масъуллар футболимизда адолатсизликлар йўқолишини исташади. Бироқ амалда бу ишга бош қўшадиган киши ҳозирча топилмаса керак. Футболимиз ичидаги одамларнинг кўпчилиги бир-бири билан кўринмас иплар орқали чамбарчас боғланган. Кўринмас ип бировнинг тили ёки қулоғи, бошқанинг қўли ёки оёғидан тортиб туради. Ип билан боғланган кишининг виждони қийналиб, нимадир деса, тизим «иш»га тушиб, овозини ўчиради. Шу тариқа футбол коррупциясида сотқин чиқмайди. Оталар ишини фарзандлар давом эттиришади. «Оёғига урсанг, мияси зирқирайди», дейишади-ку! Мия оғриқдан ўзини ҳимоя қилиш учун оёқни асрашга интилади-да.
Виктор Серазитдиновнинг аввал жазоланган ҳакамлар ҳолидан хулоса чиқармагани кўпчиликни ажаблантирди. Ажабланишга ҳожат йўқ. Унинг онгу тафаккурига ҳам шубҳа қилмаса бўлаверади. Шунчаки, ҳакамга барча сценарий олдиндан аён. Балки кўрсатмаларни мажбуран бажаргандир? Буниси бизга қоронғу. Хайриятки, инсонга мантиқий фикрлаш, мушоҳада қобилияти берилган. Шунга таянади.
Хуллас, коррупция футболимизда таълим, соғлиқни сақлаш ёки қурилиш соҳасидагидан қолишмайдиган даражада кучли. Мазкур тизим илдизлари чуқур, сершох чинор каби улкан. Бир шохчасини кесиш унга чивин чаққанчалик таъсир этмайди. Қачонки, «чинор» илдиз-пилдизи билан қўпориб ташланмас экан, вазият ўзгармайди. «Чинор»ни эса жамиятдаги тизимли ўзгаришларгина қўпоришга қодир. Қайсидир ҳудудда ҳокимлар алмаштирилгани билан ислоҳотлар олға босмаслигининг сабаби ҳам шу. Айбдорларни жазолаш билан иш битмайди...
Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...