“Барселона” Испания чемпионатида кетма-кет 5 та ўйинда ғалаба қозонди, охирги ўйинда “Реал Сосьедад”га ҳеч қанақа имконият қолдирмади – 1:6. Ўйиндан сўнг ОАВ нега айнан Куман жамоаси чемпион бўлишга лойиқ эканлигини ёзиб чиқди. Бугун биз ҳам “Барселона”нинг имкониятларини чамалаб кўрамиз.
Испания чемпионати ҳаммани ҳайрон қолдиришда давом этяпти. Янги йилгача “Атлетико” чемпионлик учун асосий даъвогар эди. Мадридликлар энг яқин таъқибчисидан 10 очко олдинлаб кетганди. “Барселона” эса 3 ўринни олиши катта ғалаба дея ҳисобланди. Жамоа 15-ўринда эди. Классикодаги мағлубиятдан сўнг, Куманнинг истеъфога чиқиши кутилаётганди, Мессини эса бу натижалар билан жамоада олиб қолиш имконсиз эди. Дастлабки 10 ўйинда урилган 5 та голдан сўнг, Леонинг ўйнагиси келмаяпти деган тахминлар кўпайиб кетди. Лекин ўша вақтдаги Месси Гризманн ва Дембеледан 900 карра яхшироқ эди. Энди эса барчаси ўзгаряпти.
2021 йилда “Барса” фақат “Кадис”га қарши ўйинда очко йўқотди, Ла Лигада 12 та ғалаба, лекин бошқа мусобақаларда турлича натижалар кўрсатди, 3:5 “Гранада”га қарши ва “Атлетик”, “Севилья”ларга қарши мағлубиятлар. ПСЖга қарши мағлубиятдан сўнг эса Куман 3 та ҳимоячи ўйнайдиган позитсияга ўтди. Вазият ўзгарди: “Барселона” чемпионатдаги 5 та ўйинда ғолиб бўлди, “Севилья”ни мағлуб этди ва Парижда ПСЖ билан дурранг ўйнади – 7 ўйинда 21 та гол урилди, 3 та ўтказиб юборилди ва “Атлетико” билан орадаги фарқ 4 очкогача қисқартирилди. Энди каталонияликлар чемпионлик учун курашда фаворит сифатида кўриляпти.