Ханчжоу-2022, Париж-2024: Эшкак эшувчи ёшларимиз энг замонавий қайиқларда тайёрланишади

МОҚ Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тузган режалари билан танишишда давом этади. ZOOM платформаси орқали ўтган тадбирда Ўзбекистон ROWING&CANOE федерациясининг режалари муҳокама қилинди. Онлайн йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Сув спорти турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорат мактаби директори вазифасини бажарувчи Нуриддин Маҳмудов, Ўзбекистон ROWING&CANOE федерацияси бош котиби Вячеслав Дидрих, терма жамоа мураббийлари ва МОҚ ходимлари қатнашишди.

Тақдимотда ҳар бир йўналиш мураббийлари ўз дастурлари бўйича режалар билан таништириб ўтишди. Шубҳасиз, суҳбат давомида Токио Олимпиадасига тайёргарликка ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

“Академик, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича маълум ютуқларга эришмоқдамизку, слалом учун эътиборимизни камайтириб қўйдик. Тошкент шаҳри ва вилоятида ушбу йўналиш билан шуғулланиш учун қулай жойлар бор. Машғулотларда ўзингиз учун керакли жой бўйича таклиф билдиринг. Биз йиғин ташкил қилишда ёрдам берамиз. Эртага халқимиз биздан катта ғалабалар кутмоқда. Сўнгги кунларда юртимизда эпидемиологик вазият кескинлашаётганидан хабарингиз бор. Шу боис базада темир интизом ва барча эпидемиологик қоидаларга риоя қилинг”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мураббий Александр Понамарёв асосий терма жамоамиз Токио Олимпиадасига тайёргарлик учун энг замонавий қайиқлар билан таъминлангани учун ҳукуматимизга спортчилар номидан миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида, Ханчжоу ва Париж мусобақаларига тайёргарлик учун ёшлар жамоамизни ҳам ана шундай инвентарлар билан таъминлаш бўйича таклиф билдирди. МОҚ раиси ушбу таклифни қўллаб-қувватлади ва керакли инвентарларнинг аниқ миқдори, улар кимлар учун мўлжалланиши борасида маълумот тақдим этилишини сўраб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, май ойида ушбу спорт турида ҳамюртларимизни лицензион мусобақа кутиб турибди. Ҳозирда Туябўғиз сув омборида ушбу турнир учун саралаш мусобақаси ўтказилмоқда. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамюртларимизга бўлажак мусобақада омад ва зафарлар тилаб қолади.

Ўқилган: 2541
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича