Мариус Визер бошчилигидаги IJF расмий вакилларига эҳтиром кўрсатилди

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер уч кун давомида пойтахтимиз мезбонлигида ўтган илк Тошкент «Катта Дубулға» турнири ҳамда унинг ташкилий масалаларига юқори баҳо берган ва бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат дзюдо федерациясига ташаккур изҳор қилди. Бу ҳақида у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам пост чоп этди.

Бугун пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Халқаро дзюдо федерацияси ва ўзбек спорти мутасаддилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Халқаро дзюдо федерацияси Мариус Визер, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов иштирок этишди. МОҚ раиси меҳмонхонадаги суҳбат давомида мартабали меҳмонга Президентимиз томонидан олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.

“Бундан бир неча йил олдин Сиз кўриб турган ушбу жойлар эски ва хароб ҳолга келган уйлар эди. “Tashkent City” Президентимиз қураётган Янги Ўзбекистоннинг кичик бир намунаси. Биз эса спорт соҳасида ўз ғалабаларимиз билан муносиб ҳисса қўшишни ният қилганмиз. Албатта, бунда Сиздек раҳбар билан ҳамкорликда ишлашдан мамнун бўлар эдик”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз ўрнида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва дзюдо федерацияси раҳбарияти Халқаро дзюдо федерациясига, жаноб Визер ва унинг барча ёрдамчиларига мусобақани халқаро талаблар асосида ўтказишга берган кўмаги учун миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг халқаро ташкилот раҳбарига эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида Мариус Визер Тошкентдан жўнаб кетди.

Ўқилган: 2142
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича