Бу йил бошқача “Андижон”ни кўрамизми...

Янги мавсумга астойдил тайёргарлик кўраётган жамоалар ичида водий жамоаси “Андижон” бошқаларга нисбатан ўзгачароқ кўринаётганлигини барча эътироф этмоқда. Тўғри, лига етакчилари каби совринли ўринларга давогарлик қиладиган даражадаги жамоа деб бўлмас ҳозирча, лекин клубни хусусийлаштирилиши, таркибдаги ўзгаришлар, айниқса, Москва Локомотивида ўйнаб тажриба ошириб қайтган, Жасур Жалолиддиновнинг “Андижон”да кўриниши жамоани мақсадлари жиддий эканлигини кўрсатмоқда.

Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги “Андижон” доимгидек янги ўйинчилар билан бойитилди. Янги мавсум олдидан жамоага янгилар келиб қўшилишига маҳаллий мухлислар ўрганиб қолишган. Бу йил ҳам жамоанинг таркиби янгиланиб, янги ўйинчилар билан тўлдирилаётганини барча кўриб турибди. Бундай ўзгаришлар водий жамоасига хеч қачон фойда бермаганини яхши биламиз, келди – кеттилар кўпайиши натижасида, асосий темир таркиб ҳар йили янгиланади, якунда эса барқарор, кучли, шаклланган “Андижон”ни кўрмаймиз. Бир пайтлар асосан, 6-7 ўринларда кезиб юрадиган жамоа ҳозирга келиб, супер лигани қуйисидан доимий равишда муқим жой эгалламоқда. Суперлигадан тушиб кетмаганига ҳам мухлислар хурсанд бўлишмоқда.


Хўш бу йилги ўзгаришлар натижаси қандай бўлади, жамоа яна супер лигада жон сақлаб қолиш учун кун ўтказадими ёки мақсадлари жиддийми? Буни вақт кўрсатади.


Республикамизда биринчилардан бўлиб “Андижон” хусусийлаштириш тизимига ўтказилди, махаллий тадбиркор томонидан яхшигина сармоя киритилиши хисобига, эски қарзлар тўлаб берилди. Жамога Жасур Жалолиддинов каби ўйинчиларни таклиф қилиниши, “Соғлом авлод” ўйингохи ўзгариб, замонавий Бобур Аренага айланиши каби муҳим омиллар водий жамоасини ўзгараётганлигини кўрсатмоқда.


“Андижон”га келаётган хорижликларнинг сонидан ҳам адашиб кетдик, энг асосийси, уларни сифати қандай экан? Кучли, шижоати, фидоиий ўйинчилармикан - деган саволлар бизни ўйлантиради! Ҳар йили мураббийлар кучли хорижлик ўйинчини олдик дейишадида, лекин якунда Саркисян айтганидек, ўзимизни Тешавойлар улардан яхшироқ бўлиб чиқади.


Кўпчиликни хурсанд қилаётган жиҳати Андижон шахридаги ўйингохни янгиланиши ва “Бобур Арена” дея ном олиши бўлди. Замонавий кўринишга келаётган ўйингохда “Андижон” ўз мухлисларини фақат хурсанд қилади. Энг асосийси аввалги йилларда қўйилган хатолар такрорланмаса, қаердан легионер келса ҳам сифатли бўлсин, сонга эмас сифатга эътибор қаратилса.   


Ўйлаймизки, жамоанинг бу йилги ниятлари жиддий, Отабек Ғуломхўжаев айтганидек, бу йил бошқача “Андижон”ни кўрайлик.

 ВАСИЕВ Хайрулло

Ўқилган: 1590
Андижон

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича