Қишки спорт турлари учун трассаларимизга халқаро сертификат олиш бўйича топшириқ берилди

Ҳукуматимиз томонидан юртимизда қишки спорт турларини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, ҳамюртларимиз орасида қишки спорт турларига қизиқувчилар ҳам кўплаб топилади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ маслаҳатчиси, Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раиси Искандер Шадев, ассоциация бош котиби Шерзод Асатуллаев, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби директори Азим Юсупов иштирокида юртимизда қишки спорт турларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида ассоциацияга яқинда раҳбар этиб сайланган Искандер Шадиев олиб бораётган фаолияти ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг Азим Юсупов Республикада мавжуд спорт иншоотлари, уларнинг имкониятлари, қишки спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган спортчи ва мураббийларимиз сони ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида МОҚ раиси мавжуд трассалардан унумли фойдаланиш, жоиз бўлса, уларни қайта реконструкция қилиш орқали халқаро федерациялардан сертификат олиш борасида тегишли кўрсатмалар берди. Бу борада Тошкент вилоятидаги “Амирсой”, “Янгиобод” ва “Билдирсой” чанғи комплексларидаги тоғ чанғисига ихтисослашган трассаларининг имконияти ўрганиб чиқилади.

Шубҳасиз, трассаларимиздан бирининг халқаро сертификатга эга бўлиши юртимизда спорт орқали ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, аҳолини қишки спорт турларига янада кенг жалб қилиш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Учрашув якунида Республикада мавжуд трассаларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида тўлиқ маълумотлар тўплаш, келгуси мавсумда спортчиларимизнинг халқаро мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишлари учун барча шароитларни яратиш, мураббийларимизнинг малакасини янада ошириш борасида топшириқлар берилди.

Ўқилган: 1991
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича