Токио-2020 Олимпия ўйинлари бошланишига оз вақт қолмоқда. Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги зиммасига юклатилган устувор ва айни пайтда муҳим вазифалардан бири спорт федерациялари билан биргаликда спортчиларни Олимпиадага муносиб тайёрлашдир. Шубҳасиз, Олимпиадага тайёргарлик пайтида спортчини допинг қоидаларининг бузилишидан ҳимоя қилиш энг муҳим вазифалардан бири бўлади. Ҳозирда баъзи ўзбекистонлик спортчилар Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан жорий қилинган ADAMS тизимида муаммоларга дуч келишмоқда. Бугун МОҚ анжуманлар залида ушбу масала бўйича барча спорт федерациялари ва ассоциациялари вакиллари учун йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, Миллий антидопинг агентлиги директори (МАДА) Нодир Турсунов, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) директори Абдушукур Садиков, федерация ва ассоциациялар вакиллари, шифокор ва мураббийлар иштирок этишди.
Тадбирни МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди ва аввалига муҳтарам Президентимиз бошчилигида “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик қизғин бошланганини ва бу спортимиз ривожида янги қадам эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг МОҚ раиси асосий масалага ўтди ва ADAMS тизимида ишлаш учун ҳар бир федерациянинг тайинланган вакиллари билан танишиб чиқди.
“Мен барча федерациялар вакилларидан янада сергакроқ ва масъулиятли бўлишни, ишнинг ягона механизмини ташкил қилишни, аниқ белгиланган қоидаларга риоя қилишни сўраб қоламан. Токио-2020 бир йилга қолдирилганига қарамай, барча харажатларимизни ҳукуматимиз молиялаштириб бермоқда ва тайёргарлик жараёнида ҳеч қандай муаммо йўқ. Спортчиларнинг натижалари учун нафақат федерация, балки МОҚ ҳам жавобгардир. Олимпиадага жуда оз вақт қолди ва бу орада Сизлар янада хушёр ишлашингиз керак. Бизнинг хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Президентимиз бизга катта умид боғлаган ва биз буни ўз ғалабаларимиз билан оқлашимиз керак «, – деди МОҚ раҳбари.
Шундан сўнг МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳам ўз фикрларини билдирди.
“ADAMS тизимига атиги 49 нафар спортчи киритилган ва менинг фикримча, уларни бошқариш унчалик қийин эмас. Биз МАДА ва РСТИАМ билан биргаликда федерациялар учун тизимда ишлаш бўйича семинарлар ўтказишни бошладик. Спортчилар тизимда ўзларининг жойларини белгилашни унутишлари мумкин ва вазият шу каби ҳолатларни назорат қилишни талаб этади. Федерациялар ADAMS тизими бўйича аниқ бир вакилни бириктириши керак. Асосий вазифа – ўз вақтида маълумотларни тузатиш ва нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича комплекс чоралар кўриш”, – деди Шерзод Ташматов.
Тадбир давомида федерациялар вакиллари ADAMSда ишлашда қайси спортчиларда муаммоларга дуч келганликлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб, унда ишлаш механизмини такомиллаштириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Шунингдек, мунозара ва баҳсли вазиятларга дуч келмаслик учун ҳар доим спортчига ҳамроҳ бўладиган ва унинг ADAMSда жойлашган ўрнини белгилайдиган масъул шахсни (менежер) тайинлаш таклиф қилинди.
МОҚ раиси ADAMS тизими бўйича федерация ва ассоциациялар билан йиғилиш ўтказди
Ўқилган: 2170