ADAMS тизими билан ишлаш механизми татбиқ қилинмоқда

Халқаро антидопинг агентлиги (WADA) томонидан сўнгги йилларда йўлга қўйилган ADAMS тизими кўплаб спортчилар, терма жамоалар учун катта ноқулайликлар туғдираётгани сир эмас. Унинг бир қатор талабларига мослаша олмаётган айрим спортчиларга эса 2 йиллик дисквалификация берилмоқда. Таъкидлаш жоиз, ҳозирда Олимпия терма жамоаларимизда бу борада огоҳлантириш олган бир қатор спортчилар мавжуд. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов соҳа мутахассислари билан ADAMS тизимида ишлашни тўғри йўлга қўйиш, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишга бағишланган учрашув ўтказди. Унда, шунингдек, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков ҳамда Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов ҳам иштирок этишди.

Учрашувда Нодир Турсунов ADAMS тизимининг нима мақсадда йўлга қўйилгани, унинг талаблари ва ишлаш механизми билан таништирди. Унга кўра, спортчи 1 квартал, яъни 90 кун мобайнида ўзининг қаерда эканлигини соатбай шаклида кўрсатиб ўтиши, улар орасидан алоҳида белгилаган вақтида допинг офицерлари таҳлил олиш учун боришлари мумкин. Бордию, спортчи ўзи кўрсатган вақтда ўша манзилда бўлмаса, унга огоҳлантириш берилади. 90 кун ичида ана шундай огоҳлантиришлардан 3 та олган атлет шаффофликни таъминлай олмагани учун 2 йилга дисквалификация қилинади. Агар спортчининг манзилида ўзгариш содир бўлса, у ҳудудни 24 соатгача бўлган вақт ичида ўзгартириб қўйиши мумкин.

Шундан сўнг Шерзод Ташматов ушбу тизим билан ишлашни йўлга қўйиш, спортчиларимизни бундай кўнгилсизликлардан сақлаш учун ишлаб чиққан тизими билан таништирди. Унга кўра, ҳар куни 2 кишидан иборат бўлган ходимлар график бўйича ADAMS тизимига кирган Олимпиячиларимизнинг ҳолатини назорат қилиб боради. Ўз навбатида, МОҚ раиси бу режа ва ADAMS тизими ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ҳақиқатда бу ADAMS тизими спортчиларимиз учун бир мунча ноқулайликлар туғдирмоқда. Агар халқаро талаб шундай бўлса, биз унга мослашишга мажбурмиз. Шерзод Рихсибаевичнинг таклифи жуда ўринли. Фақат буни охиригача ишлаб чиқиш ва масъул ходимларни белгилаб олиш керак. Бу тизимни тезроқ йўлга қўйиш, спортчиларимиз ва федерация ходимлари учун бу ҳақида семинар ташкил қилиш лозим”, – деди МОҚ раиси.

Суҳбатда Олимпия ўйинларига йўлланма олган ва лицензия олиши кутилаётган спортчиларимизнинг шахсий ADAMS профилларига бўлган эътиборни янада кучайтириш, атлетнинг Тошкентда ва хорижда бўлган ҳолатларида тизимдаги маълумотларни ўзгартиришда масъул белгилаш, хорижга кетаётган жамоаларимизнинг буйруқларида делегация вакилларидан ADAMS учун жавобгар вакилни кўрсатиб ўтиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўқилган: 2074
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича