Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш муҳокама қилинди

Юртимиз Паралимпия спортчиларининг халқаро майдонларда қайд этаётган натижалари, улар эришаётган ютуқлар ҳар бир ҳамюртимизнинг эътиборига сазовор бўлмоқда. Шубҳасиз, бундай ғалабалар ортида Президентимиз томонидан халқимизнинг ҳар бир қатлами, шу жумладан, имконияти чекланган ҳамюртларимиз учун ҳам улкан имкониятлар яратиб берилаётганини кўришимиз мумкин. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, МОҚ раиси девони раҳбари Мирағзам Мираҳмедов, Миллий Паралимпия ассоциацияси раисининг ўринбосари Шарифжон Моминджанов ва Ассоциация спорт ишлари бўйича бўлим бошлиғи Билол Ағзамов иштирок этган йиғилишда мазкур йўналишнинг истиқболли режалари кўриб чиқилди.

Учрашувни МОҚ раиси олиб борди ва Паралимпия спортини янада ривожлантириш борасида ўз фикрларини билдирди.

“Муҳтарам юртбошимиз халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Хусусан, мазкур ташаббусни халқимизнинг имконияти чекланган вакиллари қатламида ҳам тарғиб қилишимиз керак. Паралимпиячиларимизга яратиб берилаётган имкониятлар натижасида улар жаҳон ареналарида қандай муваффақиятларга эришиб келаётганларига барчамиз гувоҳмиз. Ишончим комилки, бутун Республикамизда бундай истеъдодга эга пара-атлетлар топилади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Учрашув давомида Паралимпия спорт турлари географиясини кенгайтириш, Ассоциация қошида янги йўналишларни ҳам очиш ва уларга малакали кадрларни жалб қилиш, Париж-2024 Паралимпия ўйинларига 10 дан ортиқ йўналишларда лицензиялар қўлга киритиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамюртларимиз орасидан спортга қизиқувчи имконияти чекланган вакилларни ҳам селекция орқали терма жамоага жалб қилиш, бунинг учун янги ва замонавий спорт иншоотлари, пара-атлетлар учун махсус «workout» майдонларини барпо этиш бўйича тавсиялар билдирилди.

Ўқилган: 1827
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича