Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Ўзбекистон МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов айни пайтда хизмат сафари билан Россия Федерациясида бўлиб туришибди. Мутасаддиларимиз ташриф давомида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) президенти Умар Кремлев ва Россия бокс федерацияси бош котиби Кирилл Шекутьев билан учрашиб, келажакдаги режалар хусусида фикр алмашишди.
“Авваламбор, Сизни ушбу ташкилотга раҳбар этиб сайланганингиз билан яна бир бор самимий қутлаб қоламиз. Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари жаҳонда доимо етакчилар қаторида эътироф этилишган. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотлар билан чуқур ҳамкорликни йўлга қўйишдан миннатдор. Юртимизда нафақат боксни, балки спортнинг барча турларини ривожлантириш учун ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда”, – деди Ойбек Касимов.
Ўз навбатида, Сакен Полатов ҳамкорлик борасида фикрларини билдириб ўтди.
“Ўзбекистонда боксни янада ривожлантириш борасида янги қарор ва лойиҳалар, давлат дастурлари тайёрланмоқда. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан боксчиларимиз янада катта натижалар қайд этиб келишмоқда. Ҳозирда жамоамиз Токио Олимпиадаси ва унга йўлланма берувчи лицензион мусобақага қизғин ҳозирлик олиб бормоқда. Умид қиламизки, биз бу мусобақаларда ҳам юқори натижа қайд эта оламиз”, – деди Сакен Полатов.
Москвадаги Бокс тараққиёт марказида ўтган суҳбат давомида томонлар терма жамоаларимиз ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда бокс бўйича йирик мусобақаларни ташкил қилиш каби масалалар бўйича музокаралар олиб боришди. Ўз навбатида Умар Кремлев учрашув борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бугун жуда самимий ва кўтаринки руҳда учрашув ўтказдик. Биламизки, бокс – Ўзбекистонда энг севимли спорт турларидан бири. Аминманки, бундай саъйи-ҳаракатларимиз янги чемпионларни кашф қилишда муҳим ўрин тутади”, – деди AIBA президенти.
МОҚ раҳбарияти AIBA президенти қабулида бўлишди
Ўқилган: 1545