МОҚ раҳбари Тезкор штаб вакиллари билан учрашди

Терма жамоаларимизни Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошида Тезкор штаб тузилган. Ушбу тузилмага спорт соҳасида улкан тажрибага эга бўлган малакали ходимлар жалб қилинган бўлиб, улар терма жамоаларимизнинг тайёргарлиги, машғулотлар жараёни каби фаолият турларини таҳлил қилиб боришади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Тезкор штаб вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда, шунингдек, МОҚ раиси ўринбосари, Тезкор штаб раҳбари Шерзод Ташматов ва штабнинг бошқа вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни МОҚ раиси олиб борди ва олдинда турган устувор вазифалар хусусида гапириб ўтди.

“Токио Олимпиадасига ҳам кун сайин оз вақт қолмоқда. Ҳадемай лицензион мусобақалар ҳам бошланади. Шу боис терма жамоаларимизни ушбу турнирларга ҳар томонлама пухта тайёрлаш олдимизда турган устувор вазифадир. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан жамоаларимизнинг Токио Олимпиадасигача бўлган барча молиявий масалалари ижобий ҳал қилинган. Биздан ўз ишимизга масъулият ва темир интизом билан ёндашиш талаб қилинади. Зеро, халқимиз ва Президентимиз биздан улкан ғалабалар кутмоқда”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Суҳбатда спортчиларимизни қийнаётган ижтимоий ва бошқа масалаларни ўрганиш, машғулот жараёнининг режа бўйича олиб борилаётганини назорат қилиш, бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Ўз навбатида, Шерзод Ташматов МОҚ раисини штаб вакилларининг фаолияти, уларнинг иш дастурлари билан таништирди. Йиғилиш давомида спорт турлари бўйича бириктирилган штаб ходимларининг иш режалари таҳлил қилиниб, қўшимча таклифлар билдирилди.

Ўқилган: 2037
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича