Фарм-жамоамиздан жанговар дуранг

“Ҳоким кубоги - 2021” мусобақасининг “С” гуруҳи, 2-туридан ўрин олган баҳсда Рашид Ғофуров мураббийлик қилаётган “Навбаҳор-фарм” номинал мезбон сифатида Азиз Алижонов мураббийлик қилаётган “Нефтчи - 2” жамоасига қарши майдонга тушди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ўйин анча драматик тарзда кечиб, унда пенальти ҳам, қизил карточка ҳам, ҳаттоки, жиддий жароҳат ҳам  юз берди. Шунингдек, фарм-жамоамиз томонидан урилган битта гол ҳам инобатга олинмади.

Барчаси ҳақида батафсил тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг 1-бўлимида бироз устунлик номинал мезбон бўлган фарм – жамоамиз тарафида бўлса-да, яратилган вазиятларда футболчиларнинг зарбаларига аниқлик етишмади. Шунингдек, фарғоналикларнинг кам сонли ҳужумлари ҳам самарасиз якунланди. Натижада жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида чиқиб кетишди.  

Иккинчи бўлимни фаол бошлаган “Нефтчи-2” жамоасининг ҳужумларидан бирида дарвозага кириб кетаётган тўпни наманганликлар ҳимоячиси Достон Абдулҳаев боши билан қайтаришга муваффақ бўлди.

Азиз Алижонов шогирдларининг  навбатдаги ҳужумларидан бирида эса фарғоналикларнинг захирадан майдонга туширилган футболчиси Фахриддин Муҳаммадов тўп учун курашда жарима майдончаси ичида йиқилиб тушди. Учрашув бош ҳаками Олим Толибжонов унга нисбатан ўйин қоидаси бузилган деб топди ва фарм – жамоамиз дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади.

Пенальтини эса Асилбек Ғойибжонов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди – 0:1.

Шундан сўнг, Рашид Ғофуров шогирдлари мувозанатни тиклаш мақсадида, ҳужумкорликни кучайтиришди. Бир вазиятда фарм-жамоамиз сардори Абдулазиз Нишонбоевнинг жарима зарбасидан сўнг, “Нефтчи - 2” дарвозабони Шуҳратилло Раҳмонов тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.

65-дақиқада фарм-жамоамиз ҳимоячиси Достон Абдулҳаев огоҳлантирилди ва учрашув бош ҳаками Олим Тўйчибоевнинг мазкур қарорига эътироз билдиргани боис, иккинчи марта сариқ карточка билан “сийланиб”, майдондан четлатилди. Натижада Рашид Ғофуров шогирдлари майдонда 10 киши бўлиб қолишди.

Бир киши кам бўлиб қолишганига қарамай, фарм-жамоамиз вакиллари ҳужумкорликни кучайтиришди. Бу эса 74 – дақиқада ўз самарасини берди.

Абдулазиз Нишонбоевнинг чап қанотдан амалга оширган жарима зарбасидан сўнг, Жавоҳир Олимжонов тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Аммо орадан 4 дақиқа ўтар-ўтмас фарғоналиклар яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Захирадан майдонга туширилган Асилбек Низомиддинов жамоасининг ҳужумини самарали тарзда якунлаб, тўпни дарвозага аниқ йўллади - 1:2.

Ҳисобни тенглаштириш мақсадида яна ҳужумкорликни кучайтирган Рашид Ғофуров шогирдлари 85-дақиқада ўз ниятларига етишди. Захирадан майдонга туширилган Жавоҳир Ҳусанов фарм-жамоамизнинг навбатдаги ҳужумини самарали тарзда якунлади - 2:2.

Рашид Ғофуров шогирдларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида эса маҳоратли ҳужумчи Ҳусайн Эргашбоев дарвозани аниқ нишонга олди. Аммо бу гол ўйиндан ташқари ҳолатда урилган, дея инобатга олинмади. Ваҳоланки, Эргашбоев фарғоналиклар посбони Шуҳратилло Раҳмонов томонидан қайтарилган тўпни эгаллаб, дарвозани ишғол этганди.

Учрашув якунланишига саноқли дақиқалар қолганида эса фарм-жамоамиз ҳимоячиси Омад Тоштемиров жиддий жароҳат олди. Натижада унинг ўрнига Юнус Абдувоҳидов майдонга тушди.

Мазкур ўйинда ўз иродаларини намойиш этган Рашид Ғофуров шогирдлари 2:2 ҳисобидаги жанговар дурангга имзо чекиб, ўз очколарини 2 тага етказишди.

“С” гуруҳининг 2-туридан ўрин олган иккинчи баҳсда эса “Бунёдкор” “Турон-2” жамоасини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

“Ҳоким кубоги - 2021”. “С” гуруҳи, 2-тур
“Навбаҳор - фарм” – “Нефтчи - 2”- 2:2 (0:0)
Фарғона. “Нефтчи СК” стадиони. 302 томошабин.
Ҳакамлар: О.Тўйчибоев, М.Рустамов, Ш.Шокиров, М.Холматов.
Голлар: Ж.Олимжонов (74), Ж.Ҳусанов (85) – А.Ғойибжонов (50-пен.), А.Низомиддинов (78).
“Навбаҳор-фарм”: Миржалол Маматханов, Жавоҳир Олимжонов, Музаффар Абдуллаев (Қодиржон Икромов,46), Омадбек Тоштемиров (Юнусхон Абдувоҳидов,89), Азизбек Нишонбоев, Жамолиддин Баҳромов (Шоҳруҳмирзо Аҳмадалиев, 55), Нўъмонжон Маъруфов, Ҳожиакбар Юнусов, Ҳусайн Эргашбоев, Шоҳжаҳон Аббосов (Жавоҳир Ҳусанов, 72), Достон Абдулҳаев.
“Нефтчи-2”: Шуҳратилло Раҳмонов, Шоҳруҳ Ёқубжонов, Асилбек Ғойибжонов, Ҳумоюн Бозорбоев, Шоҳжаҳон Рўзиматов, Қувонч Чўлпонов (Аслиддин Низомиддинов,70), Облоёр Раҳматов, Акобир Аҳмаджонов, Муҳаммадали Холматов, Мусомалик Рустамов (Азамат Толибжонов,46), Достон Авазбеков (Фахриддин Муҳаммадов,46).
Огоҳлантиришлар: Ш.Аббосов (49), Д.Абдулҳаев (65) – О.Раҳматов (80), Ҳ.Бозорбоев (89).
Четлатиш:Д.Абдулҳаев (65).

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.  

Ўқилган: 1119
Навбаҳор

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича