Даниялик таниқли ҳужумчи Никлас Бендтнер бутун 2020 йили кўпчилик кутган даражада ёрқин чиқмаган фаолиятига якун ясаш ҳақида ўйлади. Лекин ўтган йилнинг январидан буён клубсиз юрганига қарамай, футболдан кетганини расман эълон қилмади. Ҳа, Никлас - Дания миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири, АПЛ ва «А» сериянинг етакчи клубларида ўйнаган футболчи. Аммо кўпчилик уни фаолияти давомида иқтидорини тўлиқ намойиш этолмаган ўйинчи сифатида кўради. Бунинг асосий сабабларидан бири - футболчининг мураккаб характери. Ҳар ҳолда, Бендтнер ҳақиқий кураш майдонидан четда кўпроқ «чанг» чиқарди. Хуллас, «Дания шаҳзодаси» FourFourTwo журналига берган интервьюсида ёшликдаги бебошликлари ҳақида батафсил гапириб берди - ҳибсга олиниши, Арсен Венгерни ҳақоратлагани...
- «Ярамас орол» лақабини олган Даниянинг аҳолиси энг зич тумани - Амагерда вояга етгансиз. Қизиқ, у ердаги болалигингиз қандай ўтган?
- Ҳаммаси оддий. Копенгагеннинг барча канализация каналлари шу ҳудудга бориши туфайли оролга «ярамас» сифати берилган. Болалигимга келсак, чинакамига бахтиёрликни туйганман. Тинч ўтирадиган болалар тоифасидан эмасдим. Ҳар доим қандайдир янги саргузаштга ошиқардим. Дейлик, мактабда ҳам ўқиш эмас, балки дўстлар билан имкон қадар тезроқ стадионга бориш кераклиги ҳақида ўйлардим.
- Айтишларича, жамоадошларингиздан бири либосларингизни яроқсиз ҳолга келтирган экан. Нега?
- Ўша пайт ўзимдан 2 ёш катта йигитлар билан ўйнардим. Кийиниш хонасида менга нисбатан қаттиқ ва оғир муносабат шаклланганди. Чунки жамоада турли оилалардан келган ва муаммолари етарли йигитлар жамланишганди. Мен эса содда йигит эдим, бироз ҳазиллашиш асносида жамоага қўшилишни ўйлаганман. Аммо болалар буни нотўғри тушунишган. Хуллас, ҳазилим ёқмаганиданми, ёрши каттароқ футболчилар кийимларимни ҳўллаб, ахлат қопига ташлагандилар. Ўшанда жуда ёш эдим ва бундай муносабатни кўтаришим қийин эди.
- 2004 йилнинг ёзида «Арсенал» сафига қўшилгансиз. Ваҳоланки, олдинроқ «МЮ»дан қўним топишингиз айтилганди.
- Дания U-17 термасининг кетма-кет 2та ўйинида жуда яхши тўп сурдим. Жумладан, Арманистон термасига қарши баҳсда «хет-трик» қайд этдим. Шундан кейин кўплаб клублардан таклифлар тушди. Ҳаттоки, бир неча жамоа ҳеч қандай кўриксиз шартнома тузишга тайёрлигини билдирди. Болалигимдан «Арсенал» ўйинларини мунтазам кузатардим, шунинг учун Лондон клубининг қизиқишидан хабар топгач, айнан «канорирлар» сафида ўйнашга қарор қилдим. «Хайбери»га боргач, дарҳол танловда адашмаганимга ишончим ортди. Зеро, Арсен Венгер ва Патрик Виейра билан учрашгач, ўзимни худди уйдагидек ҳис эта бошладим. «МЮ»га келсак, бу жамоа ҳам ҳақиқатан, қизиққанди, аммо кеч. Адашмасам, манчестерликлар менга «Бирмингем»да ижара муддатини ўтаётганимда кўз тикишган. Ўша вақт 18 ёшда бўлиб, ҳали «Арсенал» билан расман профессионал шартнома тузган эмасдим. Шуни назарда тутган «МЮ» мени ўз томонига оғдиришга уринган. Клублар ўртасида музокара бўлганини ҳам биламан, аммо бу натижасиз якунланган. Дейлик, сэр Алекс Фергюсон билан ҳеч қачон гаплашмаганман ҳам. Аммо мураббий билан учрашганимда ҳам, унга қатъий жавоб берардим: «Кечирасиз, юрагимда фақат битта клуб бор - «Арсенал». Дарвоқе, «МЮ» масаласи ёпилгач, Мюнхен «Бавария»си ҳам қизиқа бошлади, аммо бундан ҳам натижа чиқмади.
- 2006/2007 йиллар мавсумида «Бирмингем» сафида 42 марта майдонга тушиб, 11та гол урдингиз - самарали ижара сафари. Бу тажриба кейинчалик қандай ёрдам берди?
- Футбол нуқтаи назаридан олсак, жуда муҳим босқич эди. Ахир «Арсенал»нинг захира таркибидан «Бирмингем»нинг асосий жамоасига ўтгандим. Клуб ўша пайт АПЛга чиқишни кўзлаганди. Энг муҳими, «Бирмингем» яхши мураббийга эга эди ва бундан унумли фойдаланиб, анча-мунча нарсалар ўргандим. Аммо футбол ҳаётига тўлиқ тайёр эмасдим. Қайси ҳовузга тушганимни теран тушунмадим. Зеро, ўша пайт янги муҳитга энди-энди мослашишга уринаётган болакай эдим. Оддий ифода этганда, шунчаки, оқимга қараб зҳаракатланардим. Шахсий квартирага эга бўлгачгина Бирмингемда эркинликни сеза бошладим.
- Ўзингиз кейинроқ квартирангизни shag pad (ишқий машғулотлар учун жой), деб атагансиз...
- Тўғри! Ўшанда ҳам худди ҳозиргидек, қизларни жуда яхши кўрардим. Фақат битта фарқи шуки, энди севганим - ягона.
- Иқтидорингиздан максимал даражада фойдаланиш йўлини топган Стив Брюс билан муносабатларингиз қандай ривожланди?
- У билан очиқ гаплашиш мумкин эди. Бир сафар мени мураббий офисига чақиришди. У ҳафта давомида 4 кеча уйда тунамаганимни билган экан. даккисини эшитгач, ҳаммасини ҳазилга буриб юбордим: «Йўқ, адашяпсиз, аслида, 5 кеча уйда бўлмадим!» Шунда қандай кулиб юборганини тасаввур қилолмайсиз... Умуман, Стив Бирмингемда биринчи кунданоқ ўзимни эркин ҳис этишга ўргатди. Ҳар доим мураккаб вазиятларда босимни қандай енгиш кераклиги хусусида кўрсатма берарди. Брюсни узоқ мақташим мумкин, чунки у идеал мураббий. Оддий мисол, қимор ўйинларига берилиб кетганимдан хабар топган Стив қўнғироқ қилиб, худди меҳрибон оталардек барчасини мулойимлик билан тушунтирганди: «Илтимос, болам, тинчлан, нотўғри йўлдан кетяпсан!» Қисқаси, Стив ҳамиша ғамхўрлик қиларди, ҳаттоки, мен унинг жамоасида ўйнамаган вақтлар ҳам.
- 2007 йили АПЛ тарихида захирадан тушиб энг тезкор гол урган футболчи бўлдингиз. Атиги 1,8 сонияда қандай қилиб, гол урганингизни эслайсизми?
Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...