ОҚнинг 29 йиллиги ўзбек спорти дарғаларини ўзида жамлади

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 29 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу сана муносабати билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, спорт федерациялари ва ассоциациялар мутасаддилари, ўзбек спорти учун узоқ йиллар меҳнат қилган, умрини шу соҳага бағишлаган фахрийлар, спортчи ва мураббийлар, Олимпия ўйинлари совриндорлари МОҚ ходимларини қутлаш учун Қўмита мажлислар залида жам бўлишди. Тадбир аввалида МОҚнинг ортда қолган даврдаги фаолиятига қисқача назар ташланиб, Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз ёдга олиб ўтилди.

Байрам тадбирини Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов очиб берди.

“Бугун МОҚ ходимлари учун катта байрам. 1992 йил айнан шу санада мазкур ташкилотга асос солинган эди. Ортда қолган вақт мобайнида сезиларли ютуқларга эришдик. МОҚ билан Ўзбекистон делегацияси 7 та қишки ва 6 та ёзги Олимпия ўйинларида қатнашди. Айниқса, Лиллехаммер-1994 қишки ва Атланта-1996 ёзги Олимпия ўйинлари биз учун унутилмас хотираларни тақдим қилган. Даставвал, Олимпиадаларда медаль жамғаришда бироз қийинчилик бўлган. Кейинчалик ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан йилдан йилга ҳар Олимпия ўйинларида натижаларимиз яхшиланиб бормоқда”, – деди Баҳодир Махситов.

Шундан сўнг МОҚ фаолиятига бағишланган видеоролик тадбир иштирокчиларига намойиш этилди.

Ўз навбатида, МОҚ раиси ҳам байрам дастурида сўзга чиқиб, Олимпия ҳаракати иштирокчиларини бугунги сана билан қутлаб ўтди.

“Ҳурматли тадбир иштирокчилари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ходимлари, барчангизни Қўмитамиз ташкил топганининг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этиб қоламан. Ўзбек спортининг ҳозирги ютуқларга эришишида барчангизнинг меҳнатингиз бор. Шак-шубҳасиз бундай муваффақиятлар замирида муҳтарам Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спортга, олимпия ҳаракатига кўрсатаётган эътиборлари ётибди. Зеро айнан юртбошимиз белгилаб бераётган режалар асосида ишларни босқичма босқич ташкил этмоқдамиз. Бутун дунёда юзага келган иқтисодий инқироз даврида ҳам давлатимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Токио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича барча молиявий масалалар ижобий ҳал қилинган. Биз бир вақтнинг ўзида Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига ҳам тайёргарликни бошладик. Азиз устозлар! МОҚ биноси – ўзбек спортининг уйи. Сизлар истаган вақтингизда бу ерга ташриф буюришингиз мумкин. Шу ўринда Сизлардан федерацияларга, терма жамоаларимиз машғулотига ташриф буюриб, ўз билимингиз ва тажрибангиз билан ўртоқлашишингизни сўраб қоламан. Қолаверса, фахрийларимизни ижтимоий қўллаб қувватлаш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси қошида махсус фонд ташкил қилишни таклиф қиламан”, – деди МОҚ раиси.

Тадбир давомида бугун таваллуд айёмини нишонлаётган оғир атлетика бўйича спорт фахрийси, ўзбекистонлик илк жаҳон рекордчиси Эркин Каримовга юксак ҳурмат кўрсатилиб, МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди. Қолаверса, ушбу тадбир доирасида узоқ йиллар ўзбек спортининг ривожи учун хизмат қилган Собиржон Рўзиев, Эльмар Аминов, Баҳодир Махситов, Малик Бабаев, Александр Истомин, Эркин Гиясов, Арслон Элов, Шавкат Тўлаганов каби 20 нафарга яқин фахрийларга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Нодир Муродов, Миллий Паралимпия ассоциацияси раисининг ўринбосари Шарифжон Мўминжонов ва бошқа бир қатор ташкилотлар мутасаддилари сўзга чиқиб, бугунги сана муносабати билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини табриклаб ўтишди ва Қўмитага ўзларининг эсдалик совғаларини топширдилар.

Ўқилган: 877
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича