Ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг спорт соҳасидаги инфратузилмасини ўрганмоқда

Кеча Вазирлар Маҳкамаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги “Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги 468-сон қарорлари ижро ҳолатини ўрганиш бўйича Навоий ва Наманган вилоятларига йўл олишгани ҳақида хабар берган эдик. Бу борада Навоий вилоятида бўлиб турган ишчи гуруҳ вакиллари ҳам мазкур топшириқлар бўйича чуқур ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Бош мутахассиси, ишчи гуруҳ раҳбари З.Таджибаев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Ш.Ташматовдан иборат гуруҳ ҳозирда вилоятнинг бир қатор ҳудудларини ўрганиб чиқишмоқда.

Навоий Республикада ҳудуди жиҳатдан энг катта, бироқ аҳоли сони жиҳатдан пастки ўринларда турувчи вилоят ҳисобланади. Мутасаддилар ўрганишлар давомида бу каби жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтишмоқда. Боиси спорт билан шуғулланувчи ёшлар баъзи ҳудудларда уйларидан машғулот залигача бир неча километр масофаларни босиб ўтишлари керак бўлади. Вилоят ҳокимлиги, Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутасаддилари аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ўша ҳудуд учун энг қулай нуқталарда янги замонавий спорт иншоотларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш каби масалаларни кўриб чиқишмоқда.

Айни пайтда ишчи гуруҳ вакиллари Навоий шаҳридан ташқари Қизилтепа, Томди туманларида ҳам бўлиб, ушбу ҳудудларда спорт билан шуғулланувчилар, мавжуд спорт объектлари ҳақида ўрганишлар олиб боришмоқда. Режага кўра, сафар давомида вилоятнинг чекка ҳудудларига ҳам ташриф буюриб, у ерлардаги вазият билан танишиш кўзда тутилган.

Ўқилган: 435
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича