«Навбаҳор»нинг трансферлар масаласида шошилмаётгани хурсанд қиляпти. Менимча, клуб етти марта ўлчаб, кейин саралайди. Шунингдек, юртимизга келиши кутилаётган барча сербияликларга нисбатан «дордан қочганлар» таърифини ишлатиш ноўрин. Яхши ният, умид... тушунчалари наманганликларга хос.

Очиғи, Шушляков, Батинков, Раҳмонов (Инзагидек, «офсайд» чизиғидан гол урадиган) каби ижрочиларни соғиндик. Яна «Нав­баҳор»да порлаган катта Шацких сингари футболчиларни ҳам. Олег Шацкихдек катта истеъдод ҳали-вери чиқмаса керак. У футболни шахмат эмас, чин ўйиндек томоша қиладиганлар учун тенгсиз эди. Раҳматли Ҳошимов ҳам ёдимизда, албатта. У «Нав­баҳор»га худди «Милан»нинг отаси саналган Берлусконидек эди. Жамоага майдон ортидаги Берлускони, шонли «Ювентус»даги Моджи каби ҳомийсифат менежерми, техник директор керак (бу ролга Бабаян бироз мос келарди).

Назаримда, «Навбаҳор» ўткир (найза) ҳужумчига ҳам эҳтиёжманд. Оддий айтганда, ҳаракатларга якуний нуқта қўядиган футболчи топиш зарур. Арзонроқ маҳаллий йигитлардан бўлса ҳам майли. Ким? Сергеев? Келса яхшику, аммо баҳоси баланд. Менга қолса, жамоа селекционерлари шартномаси якунига етган ҳужумчиларга эътибор қаратишлари керак.

Дарвоза ва ҳимоя чизиғи жо­йида. Ўртада эса боғловчи йўқ. Иван Соловьёв «қора ишчи», худди Сергей Арслоновга ўхшайди. Баъзан собиқ иттифоқ даврида «Динамо» (Киев)ни олға бошлаган Заваровни эслатади. Шунингдек, жарима зарбаларини яхши тепадиган (Степан Атоян каби) «стандарт»чи сувдек зарур. Турғунбоев ҳозирча Гейн­рих ролини қисман уддалалаяпти. Стоппер ким? Аҳмедовми? Йўқ, Азим бу Одил эмас, сўнгги чизиқда ҳам бемалол ўйнайдиган. Намангандаги туманли кубок ўйинида кимнинг қўпол хатоси қимматга тушгани ҳаммага маълум...


Давоми бор. Ушбу мухлис мактубини тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...