Трансферлар масаласи - футбол ҳаётининг ажралмас қисми. Бежиз айрим клубларда бу муҳим жараён катта сиёсат даражасига кўтарилмаган. Қайсидир клуб номдор футболчини сотиб олиб, соврин ютиш ва рекламадан фойда кўриш йўлидан борса, бошқаси скаутлар ёрдамида ёш истеъдодларни излайди ва уларга озгина сайқал бериб, донгдор грандларга мўмай маблағ эвазига трансфер қилади. Умуман олганда, трансферлар масаласи шундай хилма-хилликдан иборатки, очиғи, жараённинг қолипи йўқ...

Трансферлар бобида кимдир дўпписини осмонга отса, бошқа биров афсус билан бармоқ тишлайди. Буни тасаввур қилиш учун Антуан Гризманн ва Эрлинг Холанд трансферини эслашнинг ўзи кифоя. Бири депсинмоқда, иккинчиси юксалмоқда. Хўш, янги мавсум арафасида Суперлига жамоалари трансферлар орқали қандай мақсадларни кўзламоқда? Келинг, рўй-рост эътироф этайлик, очиқ-ойдин сўзлайлик: Суперлигада фақат «Пахтакор» катта мақсадларни кўзлаб, яъни ОЧЛда ғолиб чиқишни режалаштирган ҳолда трансфер сиёсатини амалга оширди шу пайтгача. Жамоада шунга яраша саъй-ҳаракат кўзга яққол ташланди. Мухлислар Шота Арвеладзе ва Драган Черандан розилар, мамнунлар. «Шерлар» бошқарувида ҳамон муҳокама қизғин бораётганига ишончимиз комил. ОЧЛда ғолиб чиқиш - «Пахтакор»нинг бош мақсади. Ўйлаймизки, бу вазифа кун тартибидан тушмайди ҳали.

Агар «Пахтакор» чиқиб олган баландликдан туриб, бошқа клублар трансфер жараёнига назар ташласак, кўз олдимизда қандай манзара гавдаланади? Нима учун легионерлар ёки тажрибали футболчилар, асосан, АГМК ва «Қизилқум» атрофида тўпланаверишади? Яширишнинг ҳожати йўқ: уларни кўпроқ катта маблағ эвазига шартнома тузиш ва келишув манбаи мустаҳкам бўлиши қизиқтиради. Ким ҳам ҳузур қилиб тўп суриш, шунга яраша маош олишни истамайди?! Масалан, журналистлар яхши мақола ёзиб, катта миқдорда гонорар олишни хоҳлашади. Бироқ хоҳиш бошқа, реал ҳаёт бошқа. Бош муҳаррир ҳар доим ҳам кўнавермайди. Қалам аҳли эса ҳеч қачон бўш келмайди. Демоқчимизки, футболчи ёки мураббийнинг маблағ илинжида легионерга айланиши - оддий жараён.

Шаффофлик бўлса ёки таъминланса, бу масалада ҳар кимнинг омадини берсин. Лекин ўша шаффофлик ҳар жойда ҳукмронми? Афсуски, шу савол жавоби кўпчиликни ўйга толдиради. Дейлик, биз бунга аниқ далиллар асосида жавоб қайтаролмаймиз. Бу гоҳо оғриётган вужудингизга диагноз қўёлмаганингиз каби мушкул воқеликдир. Аммо шартномада белгиланган маблағ миқдоридан «улуш» олиш («откат») футболимизда мавжудлигидан хабардор кишилар орамизда жуда кўп. Яқинда мутахассислардан бири ижтимоий тармоқда айнан ушбу муаммо бўйича исталган киши билан тортишиши мумкинлигини айтди (адашмасак, Фурқат Эсонбоев эди). Клублар хусусийлаштирилган футбол муҳитида бу масала бўйича фақат солиқчилар шуғулланишади. Молиявий жиҳатдан мустаҳкам саналмаган, халқ маблағи ҳисобидан фаолият юритадиган клубларда эса, пул ўзлаштиришни йўқотиш бағоят долзарб иш. Ҳа, маблағ ўзлаштирилишига қарши курашиш - тегишли органлар ваколати. Бизни масаланинг бошқа нозик жиҳати, яъни «откат»га кўнадиган футболчининг майдонда қандай тўп суриши ва мураббий билан муносабати ташвишлантиради. Айни шу нозик жиҳат сабаб, футболимиздаги аксарият легионерлар жон куйдириб ўйнашмайди. Чунки «тил»лари узун. «Откат» олганнинг эса тили қисиқ. Ўртада футбол сарсон. Бундай хулосага келиш учун аслида қандайдир далил-маълумотларга эга бўлиш ҳам шарт эмас.

Мавжуд вазият табиий равишда кишини позитив ёки негатив фикрлашга ўргатади. Марко Станоевич нима сабабдан ҳамон таклиф кутмоқда? Савияси қандайлигини «Насаф»да исботлаган футболчига харидор топилмаётгани ғалати, албатта. Тўғри, унинг трансфер баҳоси баланд. Аммо бу ўринда гап нархда эмас, назаримизда. Футболчи ноқонуний «келишув»га кўнмаслиги ҳам мумкин-ку?! Фойдага ўрганиб қолганлар бундай ҳолатда шартнома тузмасликлари аниқ. Буниси энди эҳтимолий версиямиз, шахсий мулоҳазамиз....


Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...