Ўзбекистон миллий жамоаси ва қатор маҳаллий ҳамда хорижий клубларнинг собиқ ҳужумчиси Павел Соломин «ИнтерФутбол» нашрининг доимий шарҳловчиси Виктор Хохлюк билан суҳбатда фаолиятидаги энг ёрқин воқеалар, жумладан, хориж таассуротларини эсга олди. Пашанинг футболдаги йўли анча қизиқарли ва у буни муносиб босиб ўтди. Соломин энди бой тажрибасидан келиб чиқиб, ёш болаларга футбол сир-асрорларини ўргатмоқда, шу аснода мураббийлик ишини ўзлаштирмоқда.

- Қизиқ, тошкентлик 25 ёшли йигит Россиянинг кучли клубларидан бири саналган «Са­турн»­га қандай тушиб қолганди?

- Шунчаки, омадим чопган. 2006 йили «Трактор» сафида Ўзбекис­тон чемпионатининг энг яхши тўп­урарига айландим. Жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Вадим Абрамов «Сатурн» кўригига боришимни тавсия қилди. Шунга асосан, Раменскка йўл олдим ва клубнинг бир ҳафталик кўригида қатнашдим, бир неча ўйинда майдонга тушдим. Муҳими, ҳаракатларим словакиялик мураббий Владимир Вайссга ёқди. Қисқаси, мени жамоада олиб қолишлари аниқдек эди. Кейин «Сатурн» Туркия йиғинига жўнаб кетди, бироқ қандайдир чалкашликлар оқибатида менинг ҳужжатларимни расмийлаштиришга улгуришмади. Натижада Ўзбекистонга қайтишимни айтишди. Жамоа ўқув-машғулотлар йиғинидан қайтгач, мураббийлар Абрамов билан боғланиб, у орқали Россия чемпионати қайдномасига ариза бериш учун боришим зарурлигини маълум қилишди. Шу тариқа «Сатурн» аъзосига айландим.

- Бегона мамлакатда маҳаллий футболчилардан қолишмаслигингизни исботлаш осон эмас...

- Ҳа, жуда оғир. Айниқса, янги муҳитга мослашолмайдиган футболчи қийналади. «Сатурн»да муҳит самимий эди. Ҳеч қандай салбий ҳолатни айтолмайман. Жумладан, машғулотлар юқори даражада ташкиллаштириларди, яшаш шароити борасида ҳам муаммо сезмаганман. Қисқаси, ҳар бир йўналишда профессионал ёндашувни кўрганман. Клубга борганимда, Россия чемпионати аллақачон бошланган ва шунинг учун машғулотларда анча тер тўкишимга тўғри келган. Умуман, жамоа қаттиқ ишлади, аммо Россия чемпионатидаги кучли рақобат натижасида атиги 11-ўрин билан кифояландик. Ҳа, асосий таркибдан муқим жой ололмадим, бу ҳолат жамоа­дан кетишимни тезлаштирди. Чунки ўша пайт Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашга жиддий бел боғлагандим. Бунинг учун эса доимий ўйин амалиётига эга бўлиш талаб этиларди.

- Энди футболдаги илк қадамларингизни эсласак...

- Футбол бобидаги дастлабки таълимни Станислав Юрьевич Носковдан олганман. Унинг қўл остида ҳақиқий спортчи сифатида шакллана бошладим. Ҳужумчига зарур барча футболча айёрликларни ҳам айнан Носковдан ўргандим. Унинг ўзи вақтида савияли футболчи бўлган, собиқ иттифоқнинг кўплаб жамоаларида муносиб ўйнаган. Шу билан бирга Носков Ўзбекистон чемпионати ғолиби ва совриндори ҳисобланади. Профессионал фао­лиятимни эса иккинчи лига иштирокчиси «Трамвайчи» жамоасида, Ваня амаки қўл остида бошладим. Кейин Тошкентда Евгений Борисович Валицкий бошқарувида «NBU-Осиё» - банк жамоаси тузилди ва унга Вадим Карленович Абрамов ёрдам берди. Дастлабки мавсумдаёқ иккинчи лига ғолибига айландик. Кейин «пулька» финалига чиқиб, биринчи лигага чиқиш масаласини муаммосиз ҳал қилдик. Бу клубда яна 1,5 йил ўйнадим, аммо мураббийлар алмашувидан кейин кетишимга тўғри келди. Айнан ўша пайт собиқ устозим Носков иккинчи лига клуби мураббийига айланди ва маълум муддат унинг қўл остида тўп сурдим. Айнан 2003 йили Абрамов мени олий лига иштирокчиси - «Трактор»га чақирди. Эсимда, иккинчи давра ўйинларида 11та гол уриб, эътиборга тушган ва чемпионат кашфиётига айлангандим.

- Бироқ «Пахтакор»да ишларингиз юришмади...

- Йўқ, бу фикрга қўшилмайман. Ҳаммаси жуда зўр эди! Янги жамоадошлар билан яхши чиқишдим, асосий таркибда ўйнадим, голлар урдим... Аммо ижара келишуви бўйича ўтгандим ва шарт­номага кўра, «Трактор»га қайтишим керак эди. Қисқаси, икки клуб раҳбарияти келишолмади. Ваҳоланки «Пахтакор» вице-президенти Самвел Бабаян мени жамоада қолдиришни хоҳлаган ва ҳаттоки, шахсий шартнома бандлари бўйича олдиндан келишиб қўйгандик. Бироқ бир сўз билан айтганда, тақдир...

- Қайси ҳужумчига кумир сифатида қарардингиз?

- Ёшлигимда Марадона мен учун энг зўри эди. Кейин яна кўплаб кучли ҳужумчилар бош кўтаришди. Ҳозир «Бавария» вакили Роберт Левандовскини сайёрамизнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этаман. Ўғлимга ҳамиша айнан унинг ўйинини кўриши, ўрганишини уқтираман.

- Россияга қайтамиз. Ўзбекис­тонда ҳужумчи сифатида ўйнадингиз, «Сатурн»дачи?

- Айнан ҳужум чизиғида. Аммо кўпинча ёшлар таркибида майдонга тушишимга тўғри келди. «Асосий»га ягона йўл айнан шу эди.

- Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши тўпурарини Раменск жамоаси «асосий»сидан жой ололмаслик руҳий томондан қийнагандир...

- Албатта, ёқимсиз ҳолат, лекин рақобат кучли эди ва ҳаммасини тўғри тушунардим.

- Россияда чинакамига ўйнолмаганингиздан афсусланасизми?

- Йўқ. Ахир бу мен учун зарур тажриба мактаби бўлганди.

- Ортга қайтгач, «Навбаҳор» ва «Локомотив»да ўйнадингиз, орада Краснодарнинг «Кубань» жамоаси кўригига ҳам бордингиз. Бироқ ўша вақт самарадорлигингиз кескин пасайганини қандай изоҳлайсиз?

- Наманганда катта молиявий муаммолари бор клубга дуч келдим. «Навбаҳор» раҳбарияти ўзини тўғри тутолмади... Кейин «темирйўлчилар» жамоасида спорт формасини бироз тикладим. Ҳар ҳолда, мунтазам ўйнай бошладим. Шу тариқа «Кубань» кўригига бордим, аммо афтидан, керакли формага чиқолмаганимданми, клубга ўрнашолмадим. Футболда шунақа... Ҳаммада ҳам гоҳида пасайиш кузатилади.

- Ўзбекистон термасидан тушиб қолганингизни қандай изоҳлайсиз?

- Менимча, терма жамоада мамлакатнинг энг яхши ва кучли футболчилари ўйнашлари керак. Афтидан, ўша пайт даражам термага тортмай қолганди.

- Индонезияда футбол даражаси қай даражада эди?


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...