Эрта баҳорда йўлга чиққан узун карвон - Суперлига баҳслари ҳам аста-секин марра чизиғи томон яқинлашмоқда. Олдинда ҳали 2та тур учрашувлари борлигига қарамай, мусобақа ғолиби аниқлаб бўлинди. Совриндорлар номи ҳам деярли аниқ. Бироқ элитада қолиш мақсадида «ёнаётган» жамоаларнинг бирортаси ҳали бу вазифани уддалаганича йўқ. Улардан бири - «Андижон»дир. 23-турда Отабек Ғуломхўжаев қўл остида дастлабки ўйинини ўтказган андижонликлар Муборакнинг «Машъал» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишганди. Аммо ке-йинги турда АГМКга имконият бой берилди (0:4). Яқинда «Андижон»нинг етакчи футболчиларидан бири Қаҳрамон Баҳодировни суҳбатга тортиб, турли мавзудаги саволларимизга жавоб олдик.

- «Андижон» ўз майдонида «Машъал» устидан ниҳоятда муҳим ғалабани қўлга киритди. Ўша ўйин шахсан сизда қандай таассурот қолдирди?

- «Машъал»га қарши учрашув аҳамиятли эканлиги, бу жамоа билан қийин баҳс кутиб турганини билган ҳолда шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Рақибимиз ҳам оддий эмасди. Хуллас, «Андижон»да бўлаётган ўзгаришлар самараси ўлароқ, қолаверса, янги бош мураббийимиз ишончини оқлаш мақсадида майдонга фақатгина ғалабани кўзлаган ҳолда тушгандик. Шукрки, мақсадимизга етдик.

- «Андижон»нинг янги бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев жамоани нечоғлик ўзгартира олди? Ёки бу ҳақда гапиришга ҳали эртами?

- Йўқ, эрта эмас. Гарчи бу мутахассис Суперлигада эндигина дебют қилган бўлсада, авваллари терма жамоаларимизда ишлаб, маълум тажриба тўплаб улгурганди. Бош мураббийимизнинг чемпионатдаги дастлабки ўйини омадли чиққанидан хурсандман. Отабек ака клубга келган илк кунлариданоқ барча билан тез тил топиша олди, қисқа фурсатда йигитларнинг фикрини ўзгартириш баробарида, ҳали имконият қўлдан чиқмаганлигига бизни ишонтира билди. Очиғи, мураббийимиз билан кечган ўзаро суҳбатларимиздан кейин бу инсонга бўлган ҳурматим янада ортди. Ишонаманки, келажакда Ғуломхўжаевдек тажрибали ва билимли яна бир кучли мутахассис етишиб чиққанлигига гувоҳ бўламиз.

- Жамоанинг жорий мавсум ишлари юришмаётгани, сизнингча, нима билан боғлиқ?

- Хабарингиз бор, мавсум аввалида Александр Хомяков Суперлигада камида 7-8-ўринларда юрса арзийдиган яхши таркибга эга жамоани шакллантирганди. Бироқ худди ҳаётда бўлгани каби, футболда ҳам молиявий масалаларга кўп нарса боғлиқ. Менимча, биринчи даврадаги молиявий муаммолар ва футболчилар олдидаги қарздорликлар йигитлар руҳиятига жуда катта таъсир ўтказди. Ўйлашимча, шунинг оқибатида кўнгилсиз натижалар қайд этилди. Мана, иккинчи даврадан жамоа раҳбариятида ўзгаришлар юзага келгач, вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Ҳозир раҳбарият томонидан қаратилаётган эътибор ва шароитлар борасида муаммо йўқ. Ўйлайманки, жамоа аста-секин ўзига келиб олади. Бош мақсадимиз - клубнинг Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш.

- Натижалар салбий кўриниш ола бошлагач, жамоа ички муҳитида ўзаро тушунмовчиликлар юзага келиши табиий. Бу борада «Андижон»да ҳолат қандай?

- «Андижон»даги ички муҳит ҳамиша ажойиб бўлган. Жамоамиздаги барча футболчиларни жуда яхши биламан, улар худди укаларимдек бўлиб қолишган. Ҳаммаси ажойиб ва ҳалол йигитлар.

- Она шаҳрингиз бош жамоаси «Сўғдиёна» жорий мавсумда яхши натижалар қайд этмоқда. Айтинг-чи, мавсум аввалида ёки давралар оралиғида Жиззах клубидан таклифлар тушдими?

- Ҳар бир инсон каби мен учун ҳам она шаҳрим азиз ҳисобланади. Очиғи, ҳар доим Жиззах клуби шарафини ҳимоя қилишни хоҳлайман. Бироқ футболчининг қисмати шундай экан. Бугун у ерда, эртага бошқа жойда. Биласизми, ҳозир «Сўғдиёна»ни бошқараётган Улуғбек Бақоев билан 2018 йилда «Бухоро»да бирга ишлагандик. Ушбу мутахассис менга жароҳат олган пайтларимда далда бериб, қўлидан келган ёрдамини аямаганди. Шунинг учун бўлса керак, у кишини худди акамдек ҳурмат қиламан. «Сўғдиёна»га келсак, очиғи, бу жамоа жорий йил таклиф билан чиқмади.

- «Андижон» Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолса, бу мавсумдан кўнглингиз тўладими?...


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...