Париж-2024 Олимпия ўйинларига 3 карра кўпроқ лицензия олиш талаби қўйилди

Статистикаларга назар ташлайдиган бўлсак, спортчиларимиз Рио-2016 Олимпия ўйинларига 70 та лицензия қўлга киритишган. Ҳозирги вазиятга реал баҳо берган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмалари ҳам тахминан шу рақам атрофида бўлади. Шубҳасиз, ҳар жабҳада тараққий этаётган мамлакатимиз бу борадаги кўрсаткичларда ҳам улкан ўсишга эришиши лозим. Коронавирус пандемияси сабаб Токио Олимпиадаси 1 йилга кечиктирилган бўлса ҳам, Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари цикли мантиқан бошланиб бўлган. Шу мақсадда бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Париж-2024 Ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёрланиш, унда лицензиялар ва медаллар сонини кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги ҳар икки ташкилотнинг масъул раҳбарлари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг мутасаддилари иштирок этди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳар бир федерациялар билан алоҳида суҳбат олиб борилиб, уларнинг келгуси Олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари, лицензия олиш имкониятлари, кўзланган мақсадни амалга оширишда тўсқинлик қиладиган муаммоларни бартараф этиш каби масалаларга тўхталиб ўтилди. МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов федерация ва ассоциациялар мутасаддиларининг лицензиялар олиш режаларини кескин танқид қилди.

Жумладан, Ўзбекистон сув спорти федерацияси бўлажак ўйинларга 18 та лицензия олиш кўзланаётганини таъкидлади. Маълумки, ушбу йўналиш Олимпия ўйинларида энг кўп медаллар ва лицензиялар ўйналадиган спорт тури ҳисобланади. Шу боис А.Камилов делегациямизни бу рақамлар мутлақо қониқтирмаслигини, ҳар бир йўналишда имкон қадар максимал йўлланмалар олиш кераклигини, ўз навбатида, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ бунинг учун барча шароитларни яратиб беришини айтиб ўтди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон баскетбол федерацияси ва бошқа турларнинг режалари ҳам кескин танқид остига олинди.

Тадбир давомида жамоавий спорт турларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Маълумки, бу каби спорт турларида қўлга киритилган медаллар жамоа учун 1 та ҳисобланса-да, лицензиялар сони спортчи бошига саналади. Шундай экан Олимпия ўйинларида атлетларимиз сонини кўпайтиришда ўйин спорт турларига алоҳида эътибор талаб қилинади.

“Биз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда аввалги Олимпия ўйинларининг тўлиқ таҳлилларини қилиб чиқдик. Қолаверса, олдинда турган Токио ва Париж Олимпиадалари учун ҳам таҳлилий маълумотларни жамладик. Биз маррани баланд олишимиз керак. Давлатимиз томонидан шундай шароитлар яратиб берилаётган экан, албатта, буни оқлашимиз шарт. Бунинг энг тўғри йўли эса Олимпия ўйинларида имкон қадар кўпроқ лицензияларни қўлга киритиш ва муваффақиятли иштирок этишдир. Шунинг учун мен федерация ва ассоциациялар раҳбарларидан ҳам талаб, ҳам илтимос қилардимки, масъулиятни оширинг, фикрлашингизни ўзгартиринг, ҳукуматимиз кўмагида ҳар қандай натижага эришса бўлади. Фақат ишлаш принципларини ўзгартириб, ишга профессионал тарзда ёндашиб, маррани баланд олишимиз керак. Ўшандагина биз олдимизга қўйилган мақсадларга эриша оламиз”, – деди МОҚ раҳбари.

Юртимиз иқтидорли ёшларга бой. Йиғилиш давомида мутасаддилар томонидан селекцион мусобақаларга алоҳида эътибор қаратиш орқали маҳоратли ёшларни саралаб олиш, спортчиларнинг тиббий-фармакологик таъминотини яхшилаш, федерациялардаги моддий-техник базаларни кучайтириш каби устувор масалалар бўйича тегишли кўрсатма ва фикрлар билдирилди.

Ўқилган: 264
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича